Линклар

Ҳамид Карзай янги ҳукумат тузиш арафасида


Иккинчи муддатга Афғонистон президенти этиб сайланган Ҳамид Карзай барча сиëсий гуруҳлардан ташкил топган ҳукумат тузишни ваъда қилди.

Кобулда ўтказилган матбуот анжумани давомида Карзай мамлакатда кенг тарқалган коррупцияни йўқ қилишга ваъда берди.

- Коррупция туфайли Афғонистон маъмурияти ёмон обрўга эга. Бу иллатни илдизи билан йўқотиш учун биз бор кучимиз ва имкониятимизни ишга солиш ниятидамиз, деди Афғонистон президенти.

Афғонистон Мустақил сайлов комиссияси президентлик сайловининг 7 ноябрга белгиланган иккинчи даврасини душанба куни бекор қилганидан сўнг Карзай иккинчи муддатга президент бўлиш имконини қўлга киритди.

Унинг сайловдаги ягона рақиби¸ собиқ Ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Абдуллоҳ овоз бериш жараёнининг адолатли ва ҳалол бўлишига шубҳа билдириб¸ сайловнинг иккинчи даврасида қатнашишдан бош тортди.

Толибон ҳаракати сайлов бекор қилинганини ўз муваффақияти дея талқин қилмоқда.

Ҳамид Карзайни қайта президент этиб сайлангани билан табриклаган АҚШ президенти Барак Обама уни коррупцияга қарши жиддий чоралар кўришга чақирди.
XS
SM
MD
LG