Линклар

Исломий партия маломатга қолганини айтмоқда


Ислом уйғониш партияси аъзолари¸ Исфарадаги амалиëтлар чоғида ўз салафлари жанггарилар билан бир сафда ўлдирилгани ҳақдаги расмий баëнотни инкор этмоқдалар.

Ислом уйғониш партияси аъзолари¸ Исфарадаги амалиëтлар чоғида ўз салафлари жанггарилар билан бир сафда ўлдирилгани ҳақдаги расмий баëнотни инкор этмоқдалар.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси ҳукуматни сайловлар олдидан ўз фирқаларини обрўсизлантириш мақсадида маломат ва туҳмат кампанияси уюштираëтганликда айбладилар.

Сўғд вилоят Ички ишлар бошқармасининг уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими раҳбарларининг таъкидича¸ Исфара туманида жисмонан йўқ қилинган жанггарилар орасида Ислом уйғониш партияси аъзолари ҳам бўлган.

Жорий йилнинг 18 октябрида Исфара туманида бир гуруҳ қуролланган шахс жисмонан йўқ қилинган ва улар яширинган уйдан учта Калашников автомати, битта Калашников пулемëти ва ўқ-дорилар топилгани даъво қилинган эди. Расмийларга кўра¸ ўлдирилганлар орасида жорий йил сентябр ойида Исфара шаҳар Ички ишлар бўлими жиноят қидирув бўлинмаси раҳбарини ўлдирганликда гумон қилинган шахс ҳам бўлган.

Бироқ Тожикистонда расмий рўйхатга олинган Ислом уйғониш партияси раҳбарларлари бу иддаоларни рад этдилар. Мазкур фирқа вакили Салоҳиддин Ҳусейнзоданинг Озодликка айтишича, бу партиянинг Ўзбекистон исломий ҳаракатига ҳеч қандай алоқаси йўқ.

- Мамлакатда парламент сайлови яқинлашаяпти. Табиийки, бундай маъракалардан олдин халқ орасида ҳурмати бор партияларга мана шундай тўсиқлар қўйилаверади. Исфара туманида содир бўлган воқеаларни айнан партиямиз билан боғлаш нотўғридир. Биз отилган маломат тошини қабул қилмаймиз. Бу бизга нисбатан туҳмат. Агар бизнинг қайси бир аъзомиз номаъқул ишга қўл урган экан, бу шахсий амал, партияники эмас. Биз бундай одамларни дарҳол партиямиз сафидан ҳайдаймиз. Агар шундай бўладиган бўлса, масалан, ҳукмрон Халқ демократик партиясининг бир қанча аъзолари оғир жиноятлари учун қамоқда ўтирибди, лекин уларни ҳеч ким экстремист ёки террорчи партия деб айтмайдику, дейди Салоҳиддин Ҳусейнзода.

Таҳлилчи Бахтиёр Валиевнинг айтишича¸ ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари ҳанузгача Тожикистон Ислом уйғониш партияси сиймосида ўзига душман излашни давом эттирмоқдалар.

- Тожикистондаги ҳуқуқ ҳимоясидаги идоралар мустақил эмас. Шунинг учун ҳам улар парламентга сайловлар арафасида Халқ демократик партиясидек ҳукмрон партияларга хақиқий рақобатчи бўладиган бошқа фирқаларнинг халқ орасидаги обрўсини тушириш учун мухолиф партияларга маломат тошларини отмоқдалар, дейди таҳлилчи.

Партиянинг Сўғд вилоят бўлими раиси ўринбосари Убайдулла Файзуллоевнинг айтишича, бундан бир муддат олдин фирқа аъзоси Бизумрад Қурбонова уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими мулозимлари томонидан аёвсиз калтакланган эди.

- Афсуски, бугун баъзилар Тожикистон Ислом уйғониш партиясини Ҳизбут-Таҳрир, Ўзбекистон исломий ҳаракати ёки бошқа оқимларга алоқадорликда айблашга уриниб, унинг тоза сийнатига ғубор қўндиришга ҳаракат қилмоқдалар. Лекин бу гапларнинг асосида ҳеч қандай ҳақиқат йўқ. Биз бу иддаоларни кескин рад қиламиз. Шунинг учун ҳам партиямиз ҳақида гапиришдан олдин, биз шундай одамлардан илтимос қиламизки, бекорга маломат тошларини отишмасин. Ваҳолангки¸ бизнинг фаолиятимиз ҳар қандай зўравонлик¸ ҳар қандай экстремизм ва терроризмни олдини олишга ва жамиятда соғлом ҳаёт ўрнатишга қаратилган, дейди Убайдулла Файзуллоев.

Расмий маълумотларга кўра, Исфара туманида сўнгги икки йил давомида милиция вакилларига олти марта суиқасд уюштирилган, бу жиноятларга алоқадорликда гумонланиб Ўзбекистон исломий ҳаракатининг 30дан ортиқ аъзоси қамоққа олинган¸ 20 дан ортиқ аъзоси узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилган.
XS
SM
MD
LG