Линклар

logo-print

Яна бир рақамсиз бюджет


Нуфузи 27 миллиондан ошган давлат бюджетининг на даромад¸ ва на буромад қисмидан халқнинг хабари бор.

Нуфузи 27 миллиондан ошган давлат бюджетининг на даромад¸ ва на буромад қисмидан халқнинг хабари бор.

2 ноябр куни Олий Мажлис қонунчилик палатасида 2010 йилги давлат бюджети лойиҳаси тасдиқланди.Одатдагидай асосан рақамлардан тузиладиган давлат бюджетига оид бирор муҳим рақам халққа ошкор қилинмади.

3 ноябр куни Ўзбекистондаги деярли барча расмий сайтлар ўзбек депутатларининг 2010 йилги давлат бюджети лойиҳасини тасдиқлагани борасида ёзди.

Хўш, кейинги йил давлат бюджети қанча бўлади?

Бироқ бу саволга ўзбек расмий сайтларидан бирор жавоб топиш имкони йўқ. Бу борада ҳеч бир сайтда рақамлар кўрсатилмаган.

Олий Мажлис Сенатига қилган қўнғироқларимиз ҳам самара бермади. Сенат ходимлари маълумотларни фақат ёзма равишда мурожаат қилиш орқалигина олиш мумкинлигини билдиришди.

Давлат бюджетидан ойлик маоши оладиган тошкентлик ўқитувчи Шавкат Бадалов бюджет бўйича маълумотларни билишга қизиқишини, бироқ рақамларнинг сир тутилиши боис¸ бунинг иложи йўқлигини айтади.

- Бизда бунақа имконият йўқда. Кўпчилик кўрсаткичлар фоизда берилади. Буни фоизда бергандан кейин давлатнинг асосий кирими бизга номаълум. Суммаси номаълум бўлгандан кейин қайси суммадан фоиз чиқариб мулоҳаза қила оласиз? Умуман оддий халқ мулоҳаза қила олмайди. Буни фикрлай олмайди ҳам. Қанча сумма бўлади¸ қанча фоиз бўлади¸ бундай сир махсус уюштирилган. Оддий халқ била олмайди. Фақат тепага ўрнашиб олган бир ҳовуч амалдорлар билади¸ холос, дейди Шавкат Бадалов.

Тошкентлик тадбиркор Жаҳонгир Шосалимов мустақил равишда иқтисодий таҳлиллар ўтказиб туради.

Унга кўра, Ўзбекистонда давлат бюджети билан боғлиқ аниқ рақамлар жамоатчиликдан сир сақланишининг асосий сабаби, ҳукуматнинг буни истамаслигидир.

- Рақамларни топиш анқонинг уруғидек. Айтилмаслигининг асосий сабаби¸ харажатларнинг ниҳоятда кўплиги ва харажатларнинг жуда катта қисмининг куч ишлатар тизимларга¸ ИИВ га¸ миллий хавфсизлик структураларига¸ армияга¸ солиқ назорати¸ катта бюрократик аппаратларга кетишидир. Бу нарсанинг очилишидан¸ оммага ошкор бўлишидан ниҳоятда қўрқилади. Шунинг учун яширилади, дейди Жаҳонгир Шосалимов.

Ўзбек мухолифати фаоли Отаназар Орипов давлат бюджети билан боғлиқ рақамлар ва маълумотларнинг барчаси оммага маълум қилиниши шарт¸ деб ҳисоблайди.

- Умуман Ўзбекистоннинг ер ости бойликлари ҳам¸ ер усти бойликлари ҳам конституция бўйича умумхалқ мулки¸ умумхалқ бойлиги. Яъни ҳар бир фуқаронинг у ерда улуши бор. “Менинг улушимдан ким фойдаланаяпти? Нимага фойдаланаяпти? Нимага харажат қилаяпти?” деб ҳамманинг билишга ҳаққи бор. Нафақат билишга¸ назорат қилишга ҳаққи бор. Лекин Ўзбекистонда ундай эмас, дейди Отаназар Орипов.

Шу ўринда расмий сайтларда эълон қилинган давлат бюджети билан боғлиқ айрим рақамларни келтириб ўтсак.

ЎзА маълумотига кўра, келгуси йилга мўлжалланган давлат бюджети бўйича юридик шахслар фойдасидан олинадиган базавий солиқ ставкаси амалдаги 10 фоиздан 9 фоизга камайтирилиб, бунинг эвазига 2010 йилда хўжалик юритувчи субектлар тасарруфида 52 миллиард сўмдан зиёд маблағ қолади.

Шу билан бирга жисмоний шахслардан ундириладиган даромад солиғининг ставкаси 12 фоиздан 11 фоизга камайтирилиб, бунинг эвазига 2010 йилда қарайиб 102 миллиард сўм жисмоний шахслар тасарруфида қолади, деб хабар қилади расмий сайт.

Шунингдек, ЎзА маълумотига кўра, ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш харажатларини 2010 йилда 2009 йилдаги 55, 6 фоиздан 59, 1 фоизга оишириш назарда тутилган, бу ялпи ички маҳсулотнинг 13, 5 фоизни ташкил қилади.

2010 йилги давлат бюджети бўйича бундан бошқа бирорта рақамлар эълон қилинмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG