Линклар

logo-print

"Қўшни" инсофга чақирилди

  • Гулнора Равшан

Вазир Қаҳҳоровнинг¸ халқаро анжуманда айнан қайси қўшнидан шикоят қилгани кўпчиликка кундек равшан.

Вазир Қаҳҳоровнинг¸ халқаро анжуманда айнан қайси қўшнидан шикоят қилгани кўпчиликка кундек равшан.

Тожикистон Ички ишлар вазири Абдураҳим Қаҳҳоров Марказий Осиёдаги номи ошкор қилинмаган қўшнисини диний экстремизмда айбланаётган шахсларни ўз ҳудудида яширмасликка чақирди.

2 ноябр куни Душанбеда иш бошлаган “Миллий хавфсизликни таъминлаш йўлида Германия ва Марказий Осиё ҳамкорлиги стратегияси” мавзуидаги икки кунлик халқаро конференцияда сўз олган Тожикистон Ички ишлар вазири Абдураҳим Қаҳҳоров айблов руҳидаги бу баëноти давомида бирор-бир давлат номини аниқ тилга олмади.

- Биздаги маълумотларга кўра, давлат сиёсатига қарши жиноятларда айбланиб қидирувда бўлган кишилар Марказий Осиёдаги қўшни давлатлар ҳудудидан бошпана топган, деди Тожикистон ҳукумати мулозими.

Тожик расмийсининг ишоратлар билан гапирганига қарамай¸ кузатувчилар тилга олинган "қўшни"нинг Ўзбекистон¸ "қидирувда бўлган кишилар"дан бирининг эса¸ Маҳмуд Худойбердиев эканини тахмин қилиш қийин эмаслигини айтадилар.

Зотан Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари Ўзбекистон шаънига бундай эътирозларни бот-бот такрорлаб келадилар.

Тожикистон Ички ишлар вазири БМТнинг террорчиликда айбланган шахсларга доир резолюциясини тилга ола туриб, “Биз ҳаммамиз террорчилик ва шунга ўхшаш жиноятларда қўли бор шахсларга бошпана бериш нотўғри ҳатти-ҳаракат эканини қабул қилишимиз ва БМТ Хавфсизлик кенгашининг давлатларнинг террорчиларга бошпана бермаслигига оид 1373 резолюцияси талабларини сўзсиз бажаришимиз лозим”, дея таъкидлади.

Терроризм, уюшган жиноятчилик ва наркотиклар ноқонуний савдосига қарши курашиш мавзуига бағишлаб Душанбеда ўтказилган икки кунлик халқаро тадбирда чиқиш қилган Тожикистон ҳукумати мулозими “мазкур ҳужжатга биноан ҳеч бир сиёсий мотив террорчиларни экстрадиция қилмасликни оқлаш учун баҳона бўла олмаслиги”ни қистириб ўтди.

Тожикистон хавфсизлик идоралари 1998 йил мамлакат шимолида иқтидордаги президентга қарши исён кўтарган Маҳмуд Худойбердиев ва унинг тарафдорлари қўшни Ўзбекистон ҳудудида яшаб¸ фаолият юритаëтганига ишонади.

Хусусан¸ ҳар гал матбуот анжуманида айни гапни тилга олмасдан ўтмайдиган Тожикистон Бош прокурори Бобожон Бобохонов Ўзбекистон Маҳмуд Худойбердиевни Тожикистон ихтиёрига топширишга оид сўровларни жавобсиз қолдираëтганидан шикоят қилади.

Душанбедаги халқаро анжуманда қатнашган Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Жиноят қидирув бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шокиржон Инағомовдан “Тожикистон томонининг бундай иддаолари қанчалик асосли?” деган савол билан мурожаат этдик. Бироқ Ўзбекистон расмийси саволимизни жавобсиз қолдиришни лозим топди.

Мустақилликдан бери мураккаб кечаëтган Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатлари Сўғд вилоятида 90-йиллар сўнггида рўй берган Маҳмуд Худойбердиев исёнидан сўнг кескин ëмонлашди.

Тожикистон Ички ишлар вазири минтақа миллий хавфсизлиги йўлидаги ўзаро ҳамкорликларни қониқарсиз баҳолай туриб, ўз давлати террорчилик, уюшган жиноятчилик ва наркотиклар ноқонуний савдосидан кўплаб зарар кўраётганини билдирди.

- Бугун тинчлик ва миллий ярашувни қўлга киритган Тожикистон демократик ва тенг ҳуқуқли жамият сари илдамлаб бормоқда. Аммо афсуски террорчи гуруҳлар фаолиятидан туғилган таҳдид тожик жамиятидаги барқарорликка салбий таъсирини ўтказмоқда”, деди Абдураҳим Қаҳҳоров.

Тожик расмийсининг билдиришича, 1997 йилдан шу кунга қадар Тожикистон ҳудудида террорчиликка алоқадорликда гумонланган 200 га яқин жиноий ташкилот фаолияти фош этилган¸ бу гуруҳ аъзоларининг тахминан 3000 га яқин жиноят, жумладан 170 та террорчилик, бузғунчилик ва қотиллик содир этгани аниқланган.

Айни пайтда¸ Тожикистон ҳуқуқ тартибот идораси раҳбари йил бошидан буён Ўзбекистон исломий ҳаракатининг 18 аъзоси ¸ҳамда Ал Қоида тармоғининг беш аъзоси қўлга олингани, улар орасида Маҳмуд Худойбердиев одамлари ҳам борлигини маълум қилди.

Тадбирни кузатган журналистларнинг “Маҳмуд Худойбердиев тирикми ва у Тожикистон миллий хавфсизлиги учун қанчалик хавф туғдириши мумкин?” деган мазмундаги саволига Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси ўринбосари Абдулло Назаров жавоб берди.

- Ўз тарафдорлари билан Тожикистонни тарк этган Маҳмуд Худойбердиевнинг мамлакат миллий хавсизлигига тўппадан-тўғри хавфи йўқ. Бу хил одамлар баъзида ўзларини реклама қилиб¸ борликларини эслатиб қўйишади¸ холос, деди Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси расмийси.

“Миллий хавфсизликни таъминлаш йўлида Германия ва Марказий Осиё ҳамкорлиги стратегияси” мавзуига бағишланган икки кунлик халқаро конференция 3 ноябр куннинг иккинчи ярмида ниҳоясига етди.

Анжуман сўнггида Германия криминал полицияси, Марказий Осиёнинг беш давлати, Афғонистон ва Покистон вакиллари терроризм, уюшган жиноятчилик ва наркотиклар ноқонуний савдосига қарши ҳамкорликда курашишга оид баëнот қабул қилдилар.

Бундай тадбир Марказий Осиё миқёсида илк бор ўтказилди.
XS
SM
MD
LG