Линклар

Ўртаҳоли ҳам ўртача

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистон ичкарисида ўтказилган сўровга кўра¸ бугун 20 фоиз ўзбекистонликнинг ҳатто энг арзон телевизор олишга ҳам қурби етмайди.

Ўзбекистон ичкарисида ўтказилган сўровга кўра¸ бугун 20 фоиз ўзбекистонликнинг ҳатто энг арзон телевизор олишга ҳам қурби етмайди.

Социологлар фикрича¸ у ëки бу жамиятни ҳам иқтисодий¸ ҳам сиëсий-маърифий жиҳатдан илгари тортадиган куч ундаги ўрта қатламдир.Хўш¸ Ўзбекистонда бугун кимни ўрта қатламга мансуб¸ дейиш мумкин?

Россияда ишлайдиган андижонлик Одилжоннинг оиласида ўзидан ташқари тўрт киши бор.

Одилжон оиласига ойига ўртача 250 доллар пул жўнатади. У ўзини ўртаҳоллар қаторига қўшолмайди.

- Мен ўртаҳол эмас¸ ундан пастроқдаги ҳолатда бўлсам керак¸ дейди Одилжон.

Ўзбекистон шароитида қандай оилани ўртаҳол оила, деб ҳисоблаш мумкин?

Одилжоннинг тахмини мана бундай:

- Мен ўйлайман¸ ҳозирги шароитда жон бошига 70 ëки 80 доллардан тўғри келса¸ ўша ўртаҳол оила бўлса керак¸ дейди Одилжон.

Демак, Одилжон уйига ойига 250 эмас, 350 доллар жўнатса, ўртаҳоллар қаторига қўшилиб қолади.

Бундайлар қатлами¸ Одилжоннинг фикрича, анча қалин.

- Андижонда 45 ëки 50 фоиз дейиш муммин¸ дейди Одилжон.

Одилжоннинг айтишича, 5 кишилик оилага ойига 350-400 доллар кириб турса, озиқ-овқатдан қийналмайди ва бундай оилани ўртаҳол дейиш мумкин.

Одилжон – оддий меҳнат мигранти.

Келинг, энди мутахассис фикрини уқайлик.

Тошкентлик ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоилов “ўртаҳоллик” тушунчасини мана бундай тушунтирди.

- Ҳар битта жамиятда ўзига қараб¸ иқтисодиëтига қараб¸ ривожланишига қараб белгиланади. Лекин Ўзбекистон шароитидан ва дунëда ҳозирги кунгача шаклланиб улгурган стандартларга мослаб таъриф қиладиган бўлсак¸ ўртаҳол синф ўзининг доимий¸ мунтазам равишда топадиган даромадининг ҳеч бўлмаса учдан бир қисмини ихтиëрий сарф-харажатларга олиб қўя билиши керак. Мана шунақа имконияти бўлган ижтимоий гуруҳларгина Ўзбекистон шароитларида¸ бизнинг фикримизча¸ ўртаҳол бир синфга ëки гуруҳга таққосланиши мумкин¸ дейди Суҳроб Исмолилов.

Демак, топган даромадининг камида 3/1 қисмини ихтиёрий сарф-харажатларга ажрата оладиганлар ўртаҳолдир.

Хўш, ихтиёрий сарф-харажат нима?

- Мажбурий тўловлар бўлади¸ масалан¸ кундалик ейиш-ичиш учун ëки коммунал тўловлар учун. Улардан ҳеч қаëққа қочиб қутулиб бўлмайди. Лекин мунтазам даромадларнинг учдан бир қисми шахс ëки оила ихтиëрий сарф-харажатларига¸ масалан ўзининг соғлигини мустаҳкамлаб олиш¸ болаларини ўзлари хоҳлаган ўқишига киргизишга ҳаракат қилиш¸ ўзларига ëққан истеъмол товарини телевизорми¸ янги холодилникми¸ машинами сотиб олиш – мана шунақа ихтиëрий сарф-харажатларга оиланинг мунтазам даромадларидан учдан бир қисмини сақлаб қўйишнинг иложи бўлса¸ мана шунақа гуруҳларни ўртаҳол гуруҳга қўшишимиз мумкин¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Шу ўринда бошқа бир мутахассисга мурожаат қилиш зарурати пайдо бўлди.

Социолог Камолиддин Раббимов Суҳроб Исмоилов айтаётган аҳолининг ихтиёрий харидларга сарф-харажат қилиш имкониятларига оид баъзи тадқиқотлар натижалари билан таништиради.

Камолиддин Раббимов: Тадқиқотларга қараганда¸ Ўзбекистонда 20 фоизга яқин аҳолининг телевизори йўқ.

Озодлик: Ўзбекистонда ўтказилган социологик тадқиқотнинг натижасими бу?

- Ҳа¸ лекин булар очиқланмайди. Агар очиқланадиган бўлса¸ ҳукуматнинг шу пайтгача катта-катта минбарларда туриб гапираëтган гапларининг ҳаммаси ëлғонга чиқиб кетади. Демак¸ 50 фоиз аҳолининг радиоприëмниги мавжуд эмас. Бу ерда магнитофонсиз радио ҳақида гап кетаяпти. 30 фоизга яқин аҳолининг холодилниги мавжуд эмас. 85 фоизга яқин аҳолининг кир ювиш машинаси мавжуд эмас¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Бу рақамларни тушуниш учун бошқа бир тадқиқот натижалари билан танишишга тўғри келади.

- Бу тадқиқотлар репрезентатив. Ўзбекистоннинг ҳамма минтақаларидан¸ ҳамма ижтимоий қатламлардан ва жинслардан 1500 тага яқин аҳоли сўралган. Ўша сўралганларнинг фоизига келадиган бўлсак¸ “Даромадингиз жон бошига қанча?” деб сўралганда¸ 35 фоиз аҳолимиз “Жон бошига 15 минг сўм тўғри келади” деб жавоб бераяпти. 35 фоиз аҳоли 15 минг сўм билан яшайди. Бу 2007 йилдаги маълумот. 2008 йилда бир томондан инфляция ошди¸ иккинчи томондан гастарбайтерлар юбориб турган пулларнинг чўғи камайди ва жаҳон иқтисодий кризиси муносабати билан вазият янада танглашди. 33 фоиз аҳолимиз 15 минг сўмдан 25 сўмгача бўлган пулга яшайди. Бу ойига. 17 фоиз аҳолимиз 25 минг сўмдан 35 минг сўмгача бўлган ойлик билан¸ 7¸5 фоиз аҳолимиз 35 минг сўмдан 50 минг сўмгача бўлган пул билан¸ 2¸ 9 фоиз аҳолимиз 50 минг сўмдан 70 минг сўмгача бўлган ойлик билан яшайди. 1¸5 фоиздан кўпроғи 70 мингдан ортиқчасига тўғри келади. Икки фоиз аҳоли жавоб беришдан бош тортган. Ҳаммаси бўлиб 100 фоиз бўлди ҳозир¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Айтилган барча рақамларни лавҳамиз бошидаги меҳмонимиз Одилжоннинг айтганларига қиёсласак, Ўзбекистонда ўртаҳоллар қатлами анча юпқа бўлиб чиқади.

Одилжон ўртаҳолларни “камбағалроқ ўртаҳоллар” (аҳолининг 45-50 фоизи) ва “бойроқ ўртаҳоллар” (15-20%)га бўлган эди.

Социолог Камолиддин Раббимовнинг ҳисоб-китоби бундай:

- Менинг кузатишларим бўйича¸ Ўзбекистонда ўрта синф аҳолининг 15-20 фоизига етмаса керак¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Тошкентлик ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоилов фикрича, жамият барқарорлиги гарови бўла олиши учун ўртаҳоллар синфининг ўзи ҳам барқарор бўлиши керак.

- Ким меҳнат муҳожирлигига асос солаяпти даромад топишда¸ ким киракашлик қилаяпти – мана шунақа эртаси бўлмаган ва муқим бўлмаган даромад манбаларига асослангандан кейин бунақа ҳаракатлар билан шаклланаëтган ҳозирги қанақадир фоизга эга бўлаëтган ўрта синфни биз муқим ижтимоий гуруҳ деб атай олмаймиз. Эртага Россия ўзбек меҳнат муҳожирлари учун бозорини ëпиб қўйса¸ киракашлик бекор қилинса¸ бир кунлик бизнеслар бекор қилинса¸ мана шу манбаларга таяниб юрган ўртаҳол деб ҳисобланадиган оилаларнинг ҳаммаси касодга учрайди¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Демак, хавф катта ва у реалдир. Мана шундай шароитда ҳукумат нимадир қилаяптими, ўртаҳоллар синфини шакллантириш учун?

Камолиддин Раббимовнинг фикрича, қилаяпти. Масалан,

- Мана Андижон воқеаларидан кейин ўрта ва кичик бизнесни рўйхатдан ўтказиш ҳаддан ташқари осонлаштирилди. Сиз ҳокимиятга ëзма равишда ариза берасиз. Хатингизни жўнатасиз ва беш кун ичида ўзингизнинг бизнес структурангиз рўйхатдан ўтказилади. Қонунчиликда шунга ўхшаган бир қанча ўзгаришлар бўлаяпти¸ лекиб бу етарли эмас¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Хўш, етарли бўлиши учун яна нималар қилиш керак?

Бу, энди, бошқа мақола учун мавзудир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG