Линклар

Ичи ғовак хирмонлар

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонлик фермерлар¸ қўшиб ëзишнинг пахта қабул қилиб олиш пунктларидан бошланишини айтадилар.

Ўзбекистонлик фермерлар¸ қўшиб ëзишнинг пахта қабул қилиб олиш пунктларидан бошланишини айтадилар.

Ўзбекистонда 3 миллион 400 минг тоннадан зиёд пахта терилиб¸ республика режасининг бажарилгани эълон қилинди. Аммо "пахтакор фермер"лар бу рақамларнинг "анъанавий" қўшиб ёзиш маҳсули эканини айтмоқдалар.

Ўзбекистон президенти ўтган ҳафтада ўзбекистонлик деҳқонларни 3 миллион 400 тонналик пахта хирмони бунёд этилганлиги билан табриклади. Табрикда айтилишича, бу ғалаба авваламбор заҳматкаш, кўпни кўрган деҳқон ва фермерларнинг, барча қишлоқ хўжалиги меҳнаткашларининг азму шижоати ва фидокорона меҳнати натижасидир.

Сурхондарёлик фермер Мажид Абдурайимовнинг айтишича, президент мақтаган улкан хирмонлар замирида хурсандчилик эмас, балки деҳқонларнинг дарду аламлари ётибди. Бу фермер¸ 3¸5 миллионга яқин дейилаëтган бу дабдабали рақамларга ишонмаслигини айтади.

- Қўшиб ëзишдан ҳаммаси. Кейин охирида 200 киши қамалади. Ҳар бир вилоятдан 200 киши қамалади. Олдин планни бажар дейди. Сохта қоғозларни тўлдиради¸ бошқа қилади¸ планни бажаради. Планни бажаргандан кейин бошқа органлар булар билан шуғуллана бошлайди. Оқибатда кўринадики¸ булар қўшиб ëзган. Кейин бир қамалганда 200 киши қамалади. Спектакл ҳар йил шундай ўйналади. Бу сохтакорлик ҳеч қолмади. Совет даврида ҳам сохтакорлик эди¸ ҳозир ҳам давом этаяпти. Бу қолмайди. Бундан кейинги авлодда ҳам шундай бўлади¸ дейди Мажид Абдурайимов.

Ўз исмини билдиришни истамаган жиззахлик фермернинг айтишича, ҳозир қўшиб ёзишсиз пахта режасини бажариш жуда мушкул:

- Қўшиб ëзишлар кўп¸ сероб¸ бемалол. Қўшиб ëзиб ëтибди. 10 ноябргача мажбур¸ йўқ пахтани териб чиқасан деяпти. “Лалми ерларга экилиб¸ қуриб кетган пахтанинг ўрнига ҳам пахта топиб қўясан. Сотиб олиб бўлса ҳам бажарасан” деяпти. Мажбур деяпти. “Бажармайдиган бўлсанг ва агар ўз хоҳишинг билан ерингни тендерга бермайдиган бўлсанг¸ селитра-пелитра¸ нефтга олинган қарз кредитларингни мажбурлаб тўлаттирадиган қиламиз” деяпти.

Озодлик: Пахта бўлмаса¸ қаердан сотиб олиб бажаради?

- Пунктдан олади. Тоннаси 200-230 минг.

Озодлик: Улар қаердан олади пахтани?

- ПКга ëзиб бераверади. Текшир-текшир қилиб¸ республика СНБлари текширган пайтда “Ҳақиқатан ҳам сотиб олган. Бизга тонна керак. Фермеримиз ëпилиб кетмаслиги учун ëзиб бер¸ деб илтимос қилгани учун ëзиб берганмиз” деб туриб олади. “Сотмаганмиз. Фақат илтимосига¸ янаги йилга бажариб бераман деганига ëзиб берганмиз” деб қасамхўрлик қилиб¸ қасамига таяниб тураверади. Шу билан фермерни текшир-текшир қилгунча пахта пишади. Кейин заводдан бир-иккитаси қамалиб ўтираверади.

Озодлик: Мана пахта қабул қилиш пунктлари агар юқорига рапорт берадиган бўлса¸ “Хирмонга шунча тонна пахта кирди” дейди¸ лекин кирмаган бўлади-а?

- Кирмаган бўлади. Масалан¸ тўртинчи-бешинчи сортга пахта олиб бораяпмизку биз. Ўша олиб борган пахтангизнинг бир тоннасидан 200 килоси чаноққа чиқиб кетадиган бўлса¸ 800 кило пахта ëзилиши керак бўлади. Булар ундай қилмаяпти. Булар бир тонна пахта олиб борадиган бўлсангиз¸ 500 кило пахта ëзаяптида¸ сотилган пахтанинг 300 килоси бошқа бир одамнинг номига ëзилиб кетаяпти. Шу билан бу ëқда соф пахта олиб борган одам куйиб қолаяпти. 500 кило қолар экан¸ деб ахмоқ бўлиб қайтиб келаяпти¸ дейди фермер.

Унинг айтишича, фермер гарчи пахта қабул қилиш пунктлари билан ихтиёрий шартнома тузган бўлсада, лекин у режани бажаришга мажбур. Шунинг учун у агар режани эплолмай қолса пахтани сотиб олади ва пахта қабул қилиш пунктида қўшиб ёзишлар бошланади.

Жиззахлик бошқа бир фермер эса атрофдаги фермерларнинг ҳозирги аҳволини кўриб, вилоят ва республикада пахта тайёрлаш шартномаси бажарилганлигига ҳайрон қолганини гапиради:

- Менинг ҳам ақлим етмай қолди ака. Жиззах вилояти тўлгани билан фермерлар 30-40¸ ошиб борса 60 фоиз бўлаяпти. Лекин вилоят тўлиб кетаяпти. Менинг ҳам ақлим етмади шунга. Ҳайрон бўлаяпманда. Қаранг¸ 60 фоиз бўлган тақдирда ҳам вилоят у даражага етмаслиги керакда. Қандай қилиб вилоят бажариши мумкин? Олди фермерларимиз 70 фоиз бўлди¸ дейлик. Неча фоизи бажарган? Бажарган бўлса¸ 20 фоизи бажаргандир. Шунинг ҳисобига тўлдирдик деяëтган бўлмаса¸ дейди бу фермер.

Бу фермер ҳам пахта қабул қилиш пунктлари фақат ҳокимнинг буйруғига кўра иш кўришини, ҳоким истаган пайтда режалар бажарилиши мумкинлиги ҳақида гапирар экан, пахта қабул пунктларида фермерларнинг меҳнати қандай қилиб бошқаларнинг чўнтагига оқиб кетаётганини шундай тасвирлайди:

- Бир ëмғир ëғмасидан олдинги пахтани завод бешинчи сортга олаяпти. У ўзини ўзи қопламаяпти. Мисол учун¸ сизнинг пахтангиз иккинчи сорт ва 500 мингга олиши керак. Улар бешинчи сортга олаяпти ва 120-130 минг сўм бераяпти. Терим пули¸ харажатингиз билан умуман счëтингизга пул келиб тушмаяпти ва қарздорлик бўлиб қолаяпти.

Озодлик: Бу йил пахтани ëмғир ëғмасидан олдин бешинчи сортга олдими?

- Шундай. Пахта ҳар хил бўладику. Бировники яхши¸ бировники ëмон. Ҳамманикини бир текисда қабул қилаяпти. Лаборантга 30-40 минг пора берса¸ сал ошириб¸ тўртинчи сортга ëзаяпти. Лекин умуман текшириш йўқда. Хуллас у ерда лаборантларники ҳисоб. Фермер у ерда ҳеч ким эмас¸ дейди бу фермер.

Унинг сўзларига кўра, ҳозир Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида қўшиб ёзиш табиий бир ҳол бўлиб қолди.

- Бу табиий ҳолку. Тарозидан уриш¸ бошқа қилиш табиий ҳол. Ғаллада ҳам¸ пахтада ҳам бўлади. Қўл билан ушлай олмайсизку¸ мисол учун тортиб борамиз¸ у бўлади. Ғаллада ҳам бўлди. Олдимизда тарозида тоннасидан 200 кило уриб қолди¸ ҳеч нарса дея олмадик. Ҳар тоннасидан 200 килодан қайтариб ташлади. ИИБ га ариза берган эдик¸ ҳеч ким текширмади. Шундай бўлгандан кейин додимизни кимга айтамиз¸ дейди бу фермер.

Озодлик суҳбатлашган бу фермерлардан фарқли фарғоналик фермер Барчиной опанинг айтишича, бу йил пахта яхши бўлган ва вилоятдаги аксарият фермерлар пахта сотиш шартномаларини ортиғи билан бажарганлар.

- Бизнинг ҳудудда пахтанинг кўп қисмини биринчи сортга топширишди. Нимага деганда дефоляция қилинди. Шундан кейин пахтанинг ҳаммаси очилди. Очилгандан кейин пахтани отряд усули билан теришди. Отрядлар тузишди. Ўша отрядлар¸ масалан¸ битта фермернинг ҳамма пахтасини бир кунда териб чиқиб кетди. Жуда узоқ кетса¸ икки кун теришди. Ўша пахталарнинг ҳаммаси биринчи сортга олинди¸ дейди фарғоналик фермер Барчиной опа.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG