Линклар

Брюсселга газ қайғу...

  • Ҳурмат Бобожон

Кузатувчиларга кўра¸ ЕИ Ўзбекистонни Набукко газ қувурларини газ билан тўлдирувчи таъминотчига айлантиришни кўзламоқда.

Кузатувчиларга кўра¸ ЕИ Ўзбекистонни Набукко газ қувурларини газ билан тўлдирувчи таъминотчига айлантиришни кўзламоқда.

Халқаро ташкилотлар Европа иттифоқини Ўзбекистондаги демократия ва инсон ҳуқуқлари вазиятига эътибор қаратишга чақириб келаëтган айни кунларда¸ Брюссел бу мамлакатдан қандай манфаат излаëтганини намойиш қилди.

Ўтган ҳафта Европа иттифоқи Ўзбекистонга нисбатан 2005 йилги Андижон воқеалари муносабати билан жорий этилган санкцияларнинг сўнгги қисми - қурол-яроғ эмбаргосини олиб ташлаши ортидан иттифоқнинг ташқи иқтисодий алоқалар бўйича миссияси Тошкентга йўл олди.

"Ўзбекнефтегаз" ширкати матбуот хизматининг билдиришича, Тошкентда бўлиб ўтган музокаралар давомида ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида энергетика соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.

"Европа иттифоқи ўзаро манфаатли шартлар асосида Ўзбекистон билан газ қувурлари тармоқларини такомиллаштириш, мамлакат энергетика инфратузилмасини ривожлантириш каби соҳаларда ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди", дейилади "Ўзбекнефтегаз" матбуот хизмати баённомасида.

Айни пайтда, "Ўзбекнефтегаз" матбуот хизмати вакилининг айтишича, сўзлашувлар давомида ҳеч қанақа келишув имзоланмаган.

- Бу шунчаки танишув мақсадида ўтказилган бир учрашувдир. Томонлар ўртасида мунтазам ахборот алмашинувини йўлга қўйиш учрашув давомида эришилган ягона келишув бўлди, деди "Ўзбекнефтегаз" матбуот хизмати вакили.

ЕИ делегациясига Европа Комиссиясининг энергетик хавфсизлик масалалари бўйича бўлими раҳбари Фавзий Бенсарса бошчилик қилган. Аммо, Ўзбекистонга ташриф ва у ерда ўтган сўзлашувлар ҳақида жаноб Бенсарсанинг ўзидан маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Европа иттифоқи Ўзбекистонга Nabucco каби муқобил газ қувури лойиҳаларда қатнашишни илк бор 2008 йил ноябр ойида, аниқроғи Болгария президенти Георгий Парвановнинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида таклиф қилган эди. Nabucco дунёдаги газга энг бой беш мамлакатнинг бири бўлган Туркманистон газини Каспий денгизи, Кавказ минтақаси ва Туркия орқали Европага ўтказишни кўзда тутади. Аммо Ўзбекистон тарафи ҳалигача бу лойиҳада қатнашишга хоҳиш билдирмаган.

- Биз барча йўналишдаги лойиҳаларни кўриб чиқамиз, Nabucco лойиҳаси борасида ҳали қарор йўқ, деди "Ўзбекнефтегаз" матбуот хизмати вакили.

"Ўзбекнефтегаз" ҳисоб-китобларига кўра, жорий йил республикада газ қазиб олиш ҳажми 70 миллиард куб метрни ташкил этиши керак. Шунингдек, "Ўзтрансгаз" ҳиссадорлик жамияти табиий газ экспорти ҳажмини 16,2 миллиард куб метрга кўтармоқчи. Ҳозирда "Ўрта Осиё-Марказ" газ қувури Ўзбекистон ўз газини четга экспорт қилиши мумкин бўлган ягона қувур бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон газининг ягона харидори эса Россиянинг "Газпром" ширкатидир.

Ўзбекистон четга газ экспортини йилдан-йилга ошириб борар экан, мамлакатда хорижий сармоядорлар ҳамкорлигида янги газ конларини ишга туширилаётгани ҳақидаги хабарларга қарамай, аҳолига газ ва электр етказиб беришдаги танқислик долзарб муаммолигича қолмоқда.

Брюсселдаги Бўҳронларни тадқиқ этиш халқаро гуруҳи эксперти Эндрю Штролайн фикрича, бу муаммони Европа иттифоқи эътиборга олиши керак.

- Ўзбекистонда диққатни тортадиган, Европа эҳтиёжларини қондирадиган даражада газ йўқ. Қолаверса, ушбу давлат газ инфратузилмаси ўта хароб аҳволда. Газ таъминотида узилишлар ҳар йили кузатилади. Бир тарафдан мамлакат четга газ сотиш учун йирик шартномаларни имзолайди, иккинчи томондан ҳар йили қишда газ тақчиллигидан азият чеккан аҳоли норозиликлари кузатилади. Европа иттифоқи Ўзбекистон билан мулоқотга киришар экан¸ масаланинг мана шу жиҳатларини ҳам тушуниши керак, дейди Эндрю Штролайн.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG