Линклар

logo-print

АҚШ мусулмонларга ëрдам бермоқчи


Клинтон хонимнинг Марокашда очиқлаган янги режаси Вашингтоннинг араб дунëсидаги имиджини яхшилашни ният қилган.

Клинтон хонимнинг Марокашда очиқлаган янги режаси Вашингтоннинг араб дунëсидаги имиджини яхшилашни ният қилган.

Ҳиллари Клинтон президент Барак Обаманинг АҚШни мусулмон давлатлари билан яқинлаштиришни кўзда тутувчи янги режасини очиқлади.

Марокаш шаҳрида ўтаётган Араб тараққиёти форумида сўзлаган АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон таклиф этилган дастурлар мусулмон дунёсига таллуқли бўлган масалаларни ўз ичига олганини айтди.

Ҳиллари Клинтонга кўра, аксари Араб дунёсига тегишли бўлган янги дастурлар илмий-техникавий ҳамкорликни рағбатлантириш, аёлларга салоҳият бериш ҳамда динлараро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига қаратилган.

Жорий йил июнида Қоҳира шаҳрида Ислом дунёсига қилган мурожaатида АҚШ президенти Барак Обама Қўшма Штатлар мусулмон давлатлар билан ўзаро алоқаларни қайта бошлашини маълум қилган эди.

Режага кўра, муносабатларни яхшилаш мақсадида 2010 йилда Вашингтонда мусулмон давлатлар лидерлари ва тадбиркорлари ҳамда америкалик лидерлар ва тадбиркорлар саммити ўтказилади.

АҚШ беқарорлик таҳдид солаётган Яманда маҳаллий бошқарув, иқтисодий имкониятлар ва ижтимоий хизматни яхшилаш учун 76 миллион долларлик дастур ишлаб чиққан.

30 миллион долларлик бошқа лойиҳада эса Иорданиядаги терроризм ёки жиноятчилик йўлига кириш эҳтимоли бўлган ёшларга ёрдам бериш назарда тутилган.

Шунингдек, дигитал алоқа воситаларидан фойдаланишда маҳаллий ташкилотларга ёрдам бериш орқали фуқаролик жамиятини ривожлантириш режаси ҳам бор.

Араб давлатлари йиллардан буён АҚШни Яқин Шарқ можаросини ҳал этишда Исроилга ён босиб келаётганликда айбламоқда.

Исроил Фаластин ерларида яҳудийлар учун янги маҳалллалар қуришни бошлаганидан кейин арабларнинг ғазаби янада ортди. Айрим араблар Ҳиллари Клинтоннининг ўзини ҳам Исроил тарафдори эканликда айблайди.

АҚШ президенти Барак Обама Исроил ҳукуматидан Фаластин ерларида олиб борилаётган уй-жой қуриш ишларини тўхтатишни талаб қилмоқда.

Ҳиллари Клинтон Фаластин ҳудудларига янги уйлар қуришни тўхтатиш ҳақидаги Вашингтоннинг чақириғига Исроил ижобий жавоб бермаганини айтди.

Айни пайтда АҚШ Давлат котиби АҚШнинг бу масаладаги сиёсати ўзгармаганини айтди.

- Биз бу қурилишни қонуний деб билмаймиз. Биз буни бир неча марта айтганмиз. Биз буни исроилликларга, арабларга, фаластинликларга ва дунёга аниқ айтганмиз, деди Ҳиллари Клинтон.

АҚШ Давлат котиби чоршанба куни Қоҳирада Миср президенти Ҳусни Муборак билан учрашиб¸ Яқин Шарқдаги мураккаб масалалар юзасидан фикр алмашди.
XS
SM
MD
LG