Линклар

logo-print

Меркел Эронни огоҳлантирди


Германия канцлери Ангела Меркел ўз мамлакати Эронга нисбатан санкцияларнинг кучайтирилишига эҳтиёж борлигини тан олиши мумкинлигини айтди.

Германия канцлери Ангела Меркел ўз мамлакати Эронга нисбатан санкцияларнинг кучайтирилишига эҳтиёж борлигини тан олиши мумкинлигини айтди.

АҚШ Конгрессининг ялпи мажлисида нутқ сўзлаган Германия канцлери Ангела Меркел ўз мамлакати Эроннинг ядровий қуролни қўлга киритиш ғоясини қабул қилмаяжагини баён қилди.

Сешанба куни қилган чиқишида Германия раҳбари:

- Холокстни инкор қилувчи, Исроилга таҳдид қилиб, унинг давлатчилигини инкор қилувчи Эрон президенти қўлига ядровий қуролнинг тушиб қолиши қабул қилиб бўлмайдиган ҳолдир,- деди.

Меркелнинг бу сўзлари қарсаклар билан кутиб олинди.

Обама маъмурияти Берлиндан Эронга нисбатан кескинроқ иқтисодий санкцияларнинг жорий этилишини қўллаб-қувватлашни сўраган.
Меркел Эрон ўз ядровий дастурига оид халқаро ҳамжамият чақрувларини инкор этишда давом этадиган бўлса, Германия Теҳронга нисбатан санкцияларни кучайтириш эҳтиёжи борлигини тан олишини баён қилди.

Меркел ўз мамлакатининг Афғонистонда хавфсизлик ва барқарорликни ўрнатиш уринишларига ҳисса қўшаётганига ҳам тўхталиб, Германия “у ерда амалга оширилаётган ҳар бир қадамда” Қўшма Штатларга шерик бўлиб қолишини таъкидлади:

- Лекин, - дея қўшимча қилди канцлер,- бизнинг мақсадимиз масъулиятни афғонларга топшириш стратегиясини амалга ошириш бўлиши лозим.

Вашингтон анчадан бери Германияни Афғонистонга қўшимча ҳарбий кучларни юборишга чақириб келади. Лекин Афғонистон урушини аксарият немислар ёқламайди.

Меркел ўз партияси сентябр ойидаги сайловда ғолиб чиқиб, қайтадан канцлерликка сайланганидан бери Қўшма Штатларга биринчи марта сафар қилмоқда.

Конгрессдаги чиқишидан аввал Меркел Оқ уйда президент Барак Обама билан учрашиб, томонларнинг иқлим ўзгариши муаммосига оид муштарак позициясини муҳокама қилди.

Обама бу муаммога қарши биргаликда курашиш зарурати ҳақида гапирди.

- Канцлер Меркел иқлим ўзгариши муаммосини ҳал этиш ишларида етакчилик қилиб келмоқда. Менимча, Қўшма Штатлар, Германия ва жаҳоннинг бошқа мамлакатлари глобал илиқлашув жорий суръатларда давом этадиган бўлса, рўй бериши мумкин бўлган ҳалокатнинг олдини олиш учун биргаликда ишлаш муҳимлигини тушуна бошламоқда, - деди Обама.

Ўз нутқида Германия етакчиси келаси ойда Копенгагенда глобал илиқлашувга оид ўтказиладиган конференцияда дунё давлатлари ўртасида келишувга эришилиши лозимлигини урғулади.

- Биз бир мақсад бўйича келишиб олишимиз лозим: глобал илиқлашув Целсий ўлчами бўйича 2 даражадан ошмаслиги керак. Бунга эришиш учун барча мамлакатлар халқаро миқёсдаги мажбуриятларни ўз зиммасига олмоғи даркор,-деди Меркел

Европа Иттифоқи, жумладан, Германия Ер куррасидаги ҳаво даражасининг ошиши саноат ривожланишидан олдинги даврдан 2 даражадан пастроқ бўлиши учун парник газлари миқдорини чеклаш ғоясини илгари суради.

Бунга эришиш учун, БМТ ҳисоб-китобларига кўра, ривожланган давлатлар ҳавога ташланадиган парник газлари миқдорини 2020 йилга қадар 25-40 фоизга камайтириши лозим.

АҚШ конгресси вакилларининг аксарияти парник газлари муаммонинг асосий сабаби эканиин шубҳа остига олиб, иқтисод ҳаминқадар аҳволда бўлиб турган бир пайтда бу каби чораларга ортиқча маблағ сарфлашга қарши чиқиб келади.

Меркел ўз нуқи давомида Шарқий Германияда ўтказган болалик даврларини ҳам хотирлаб, ўз мамлакатининг Қўшма Штатлар билан дўстлигини унутмаслигини таъкидлади. У болалигида Германия канцлери сифатида АҚШ конгресси олдида нутқ сўзлаш у ёқда турсин, Америкага бориш ҳақида ҳам орзу қилмаганини айтди.

1957 йилда Конрад Аденауэр АҚШ Конгресси олдида Германия раҳбари ўлароқ охирги марта нутқ сўзлаганида Меркел уч ёшда бўлган.

Меркел Берлин девори қулаганининг 20 йиллиги мавзусига ҳам тўхталди ва мавзуга оид сўз ўйини ўлароқ, иқлим ўзгариши тўғрисидаги шартномага қарши чиқаётганлар 21 асрда “бугунги кун билан келажак ўртасида девор яратмоқда”, деган фикрларни айтди.
XS
SM
MD
LG