Линклар

Эрон мухолифати намойишга чиқмоқчи


Эрондаги мухолифат гуруҳлари расмийларнинг огоҳлантирувларига қарамасдан бугун норозилик намойишларини ташкил этишларини айтмоқда.

Мухолифат чиқишларининг Эронда АҚШ элчихонаси гаровга олинганининг 30 йиллигини нишонлашга оид расмий маросимлари билан бир пайтда ўтказилиши кутилмоқда.

Давлатга қарашли ИРНА агентлиги расмий тадбирлардан бошқа ҳар қандай намойишлар таъқиқланишини эълон қилди.

Теҳрон полициясининг махсус бўлинмаси бошлиғи генерал Али Ризо Алипур полиция намойишчиларга қарши ўз ихтиёридаги барча “кучлар ва воситаларни” ишга солишини баён қилди.

Инқилоб посбонлари ҳам шунга ўхшаш огоҳлантирувларни эълон қилди.

Шунга қарамай, Ассошиэйтед Пресснинг хабар қилишича, мухолифатдаги ўнлаб интернет нашлар намойишга қўшилиш чақириғини эълон қилган.

Бундан 30 йил аввал Вашингтон ҳокимиятдан ағдарилган Шохни экстрадиция қилишдан бош тортганида, бир гуруҳ радикал талабалар Теҳрондаги АҚШ элчихонасига бостириб кирган ва 52 нафар АҚШ фуқаросини гаровга олиб, 444 кун давомида ушлаб турган.

Давлат радиосига кўра, парламентнинг нуфузли депутатларидан бири Ғулом Али Ҳадад Одил собиқ АҚШ элчихонаси жойлашган бино олдида ўтказиладиган расмий тадбирда нутқ сўзлайди.

Айни пайтда, Эрон олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоманайи Қўшма Штатларни “ўта такаббур давлат” эканини айтиб, Эрон унинг “муросага даъво қилувчи ҳатти - ҳаракатларига алданмайди”, дея таъкидлади.

Хоманайининг бу сўзларидан иқтибос келтирган давлат радиосига кўра, Эрон олий руҳонийси натижаси Вашингтон томонидан аввалдан белгиланадиган ҳар қандай мулоқот рад қилинажагини ҳам таъкидлаган.

АҚШ Президенти Барак Обама аввалги маъмуриятдан фарқли ўлароқ, Эрон билан бевосита музокара қилишга тайёрлигини билдирган.
XS
SM
MD
LG