Линклар

logo-print

Максим Бакиевнинг "максимум"и


Максим Бакиев ҳукумат лавозимини эгаллагунига қадар муваффақиятли бизнесмен сифатида танилган эди.

Максим Бакиев ҳукумат лавозимини эгаллагунига қадар муваффақиятли бизнесмен сифатида танилган эди.

Қирғиз мухолифати президент Бакиевнинг Қирғизистондаги "максимум" амаллардан бирини эгаллаган кичик ўғли Максимнинг "мамлакатни хусусий фирмага айлантириш" мақсадини кўзлаëтганидан бонг урмоқда.

Президент Бакиевнинг Қирғизистон Тараққиёт, инвестиция ва инновация агентлиги раҳбарлигига тайинланган кенжа ўғли Максим Бакиев ўз ташкилотнинг тўрт асосий йўналишини, яъни “максимум программаси”ни эълон қилди.

Максим Бакиев ўз раҳбарлигидаги ташкилот йўналишларини эълон қилар экан, асосий эътибор уй-жой муаммосини ҳал этиш ва саноатни ривожлантиришга қаратилганини таъкидлади:

- Энг аввало ипотека ширкати тузилади. Бу лойиҳанинг мақсади Бишкекда 100 минг, Ўшда 50 минг квадрат метр уй-жой қуришдир. Иккинчидан, қишлоқ хўжалигини молиялаштирадиган микрокредит ширкати тузилади. Учинчидан, агросаноатни техника билан таъминловчи лизинг компанияси ташкил этилади. Тўртинчидан эса “Агроозиқовқат” ширкати фаолияти кенгайтирилади, деди Максим Бакиев.

Бу лойиҳаларани амалга ошириш учун маблағ Максим Бакиев раҳбарлигидаги Тараққиёт, инвестиция ва инновация агентлиги таркибига қўшиб юборилган Қирғизистон Тараққиёт жамғармасидан олинади.

Бу жамғарма 2006 йилда ташкил этилган бўлиб, у асосан Қирғизистондаги олтин конлари, давлатнинг жаҳон фонд биржаларидаги активларидан тушган даромадлар ва хориж кредитлари асосида Қамбарота ГЭСлари қурилишини молия билан таъминлар эди.

Қирғизистон Тараққиёт жамғармаси бундан ташқари давлатга қарашли барча мол-мулкдан тушаётган даромадларни ҳам назорат қилар эди.

Қирғизистон Хавфсизлик кенгашининг собиқ раҳбари Мирослав Ниёзов Тараққиёт, инвестиция ва инновация агентлигига Максим Бакиевнинг раҳбар этиб сайланиши ва Қирғизистон Тараққиёт жамғармасининг бу агентлик таркибига киритилиши билан Бакиевлар оиласи мамлакатни “хусусий фирмага айлантириш мақсадини амалга ошира бошладилар”, деб ҳисоблайди.

- Аввало улар “Қирғизистонни хусусий фирмага айлантириб оламиз”, деган мақсадда мана шундай сиёсат олиб боришмоқда. Максим Бакиев эълон қилган йўналишларда давлат даражасида фикрлаш етишмайди. Унинг йўналишлари хусусий тадбиркор дунёқарашини акс этдиради.

Қирғизистон дунёдаги жуда кўп кўрсаткичлар бўйича ортда қолган. Тараққиёт, инвестиция ва инновация агентлигининг асосий йўналиши Қирғизистонни халқаро меъёрларда белгиланган кўрсаткичларга олиб чиқиш бўлиши керак эди, дейди Мирослав Ниёзов.

Айрим мутахассислар фикрича, Тараққиёт, инвестиция ва инновация агентлиги таркибига Қирғизистон Тараққиёт жамғармасининг киритилиши билан, Максим Бакиев қирғиз ҳукуматини тўлалигича назорат қилиш имкониятига эга бўлган. Чунки қонунчиликка биноан Қирғизистон Бош вазири Тараққиёт жамғармаси директорлар кенгашининг раиси бўлиб ҳисобланади. Жамғарма эса бундан буён фақат Максим Бакиевга бўйсунади.

Қирғизистон Тараққиёт, инвестиция ва инновация агентлигини эса мамлакатдаги барча тузилмалар фаолиятини кузатиб борадиган парламент эмас, фақат Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиевгина назорат қилиш ҳуқуқига эга.

Бироқ Қирғизистон президентига мойил бўлган сиёсатчилар бу иддаолар асоссиз эканини айтадилар. Уларга кўра, Максим Бакиев бугунги кунда мамлакат учун энг керакли бўлган тўрт йўналишни танлаб олган.

- Менимча, бу тўрт лойиҳа жуда тўғри танлаб олинган. Улар қандай ишга оширилишини эса вақт кўрсатади, дейди Қирғизистон Бош вазирининг собиқ ўринбосари Эсенгул Ўмуралиев.

Максим Бакиев 29 октябрда президент фармони билан Қирғизистон Тараққиёт, инвестиция ва инновация агентлиги раҳбари лавозимига тайинланган эди.

У Бакиевлар оиласининг юқори лавозимдаги давлат амалига тайинланган олтинчи вакили бўлди.

Президентнинг катта ўғли Марат Бакиев Миллий хавфсизлик хизмати раҳбарининг ўринбосаридир.

Президентнинг укаси Жениш Бакиев Давлат қўриқлаш хизматини бошқаради. Қолган укалари - Марат Бакиев Қирғизистоннинг Германиядаги элчиси, Одил Бакиев Қирғизистоннинг Хитойдаги элчихонаси ходими, Қанибек Бакиев Жалолободдаги “Ирис” округи ҳокимидир.
XS
SM
MD
LG