Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:30

Ўзбекча декаданс


Назаримда ўзбекнинг Зийрак Шоирлари рақсга тушаётгандай. Ўлим рақсига тушаётгандай.
Назаримда ўзбекнинг Зийрак Шоирлари рақсга тушаётгандай. Ўлим рақсига тушаётгандай.

Назаримда бугун ўзбекнинг Зийрак Шоирлари рақсга тушаётгандай. Ўлим рақсига тушаётгандай...

1.

Бошлаётганим битикларни ўқиётганлар орасида адабиётшунослар бўлса, қўрқмасин - уларнинг томорқасига кирмоқчи, нонини яримта қилмоқчимасман.

Томирлари XIX аср француз адабиётига бориб тақаладиган декадентлик ҳодисасининг генезисию тадрижи мураккаб эканлигидан хабарим бор.

Шунинг учун чуқур кетмоқчимасман. Чуқур кетсам қайтиб чиқолмаслигимни биламан.

Декадентлик тушунчасининг ибтидоий аниқламасиёқ етади менга. Ҳар ҳолда бугунги иш учун.

Жонидан тўйган, ўлимни соғинган ҳар қандай одам ҳали декадент эмас.

Декадент ўлимни мадҳ этувчи ижодкордир.

Дам олиш куни интертармоқда айланиб юриб, бир-иккита нарса ўқиб қолдим.

Океан ортида яшаётган бир ўзбек шоири чиройли бир нарса ёзибди.

Маъзур тутинг: каттароқ кўчирмалар келтиришга мажбурман – бусиз нима демоқчилигимни тушунолмайсиз.

Демак, океан ортида яшаётган ўзбек адиби дебди:

"Қор ёғмоқда. Гоҳ қиялаб, гоҳ чирпираб, гоҳо тўзғиб, сассиз-садосиз, жимгина ёғаётир у. Оппоқ қор учқунлари аро худди сон-саноқсиз метеоритлар ичра йўртиб бораётгандайман. Мен шундай кетиб бораяпман. Шунчаки, мақсадсиз, ёлғиз бир ўзим тентираб "Grenoble"дан "Don Mills" кўчаси томон бормоқдаман..."

Матн лирик қаҳрамонининг кайфияти Сизгаям кўчдими?

Сизга қандай билмадиму қор "жимгина" ёғаётган пайтда мен ҳар доим қандайдир илиқлик туяман;

қалбимда фавқулодда сокинлик пайдо бўлади;

тирикчилик ташвишлари, хотиннинг эрталаб тайинлаган ишлари унут бўлади;

кетаверсам, кетаверсам – қаршимдан бир парипайкар чиқса, оҳ десам;

"оҳ"им сассиз чиқса бесас қор каби;

фақат парирўй эшитса;

нафасимдан сочларига инган қорлар эриииб кетса...

Чалғидим. Узр.

"Grenoble"дан "Don Mills" кўчаси томон бораётган лирик қаҳрамон ҳамма нарсадан: "қонхўр балиқлар каби кўзларини чақчайтирган кимсаларнинг қилвир фитналаридан, фисқу фасодларидан, саёз, тузсиз суҳбатларидан" чарчаганидан зорланади.

Фитналару фисқу фасоддан чарчамаган одам борми?!

Суҳбатларни сал "егудай" қилиш учун тўртта уммоннинг тузи етармикан?!

Етмаслигини биласиз.

Бу дунё ўзи тузсиз дунё дейсизда, қўл силтайсиз.

Айниқса, жимгина қор ёғаётган бўлса.

Кетаверасиз, кетаверасиз – қаршингиздан бир парипайкар чиқишига умид қиласиз. Чиқиб қолсаю оҳ десангиз, бу дунёнинг шўришларидан бироз чалғисангиз.

Бу нормал одамнинг нормал ҳисси.

Бу мияни авариядан сақлаб қоладиган ҳис.

Бу Табиат яратган Эҳтиёт Чора.

Лекин "Grenoble"дан "Don Mills" кўчаси томон бораётган лирик қаҳрамонга парипайкар ҳам керакмас.

Уни авариядан сақлаб қоладиган ҳис соб бўлганга ўхшайди.

Яна кўчирма:

"Мен сенинг чирпираб учаётган оппоқ зарраларинг аро кетаверсам, кетаверсам, кетаверсам, кетаверсам, ва охири чарчаб йиқилсам, музлаб қолсам, одамлардан қутулсам, халос бўлсам. Сен тўхтовсиз ёғиб мени кўмиб юборсанг. Ҳатто бола-чақаларим тошфонар кўтариб тун бўйи изласалар ҳам топа олишмаса. Мангу йўқ бўлиб кетсам. Сен эса яна ҳеч нарса бўлмагандай ёғаверсанг, ёғаверсанг, ёғаверсанг, ёғаверсанг".

Мана энди совқотгандирсиз?

Қордан эмас, ниятдан совқотгандирсиз?

Этингиз жунжиккандир?

Биламан: "Grenoble"дан "Don Mills" кўчаси томон бораётган лирик қаҳрамон - таги Ўзбекистондан.

Биламан: Ватанда жондан тўйиш билан ҳижратда жондан тўйишнинг фарқи бор: Ватанда жонидан тўйган ҳеч қаерга қочиб қутулолмайди.

Ҳижратда жонидан тўйган учун Умид бор – Ватанга қайтиш Умиди.

Бу умид кенжа ўғлининг келишини кутиб, омонатини топширолмай ўсал ётган отанинг умидига ўхшайди.

Бир кун кутишади – кенжадан дарак йўқ, икки кун кутишади – йўқ, уч кун кутишади...

Ота эса қийналиб кетди. Уйдаги ўғилларга қолса қани, ота ўзига келса, дунё тургунча турса!

Шунда жиянлардан эслироғи томоғига қадалган муштдай нарсани, кўзларига парда бўлиб, оғзига тушган ёшни ғилт этиб ютадида, ўсал ётган тоғасининг қулоғига кенжа ўғил бўлиб оҳиста шивирлайди: "Ота, мен келдим!"

Ўлимга сўз бермаётган ота учун шу учта – учтагина сўз керак эди: ниҳоят ўғли, ўғилларининг энг суюклиси уйда, олдида, мана энди Иш битди, мана энди омонатини Эгасига топширса бўлаверади, мана энди у ҳижрат қилади, мана энди у тинч ётади.

Ҳижратдаги одам учун Ватан ўша кенжа ўғилдир. Уни кўрмагунча, ҳеч йўқ сасини эшитмагунча ҳижратдаги одам ҳижрат қилмайди, қилолмайди – ўлмайди, ўлолмайди!

Бас, шундай экан, "Grenoble"дан "Don Mills" кўчаси томон бораётган лирик қаҳрамон нима учун совуқ юртнинг совуқ қорлари тагида қолишни истаяпти, парипайкари – Ватанининг васлига ошиқмаяпти?!

Ё гап Ватандамикан?

Ё "қонхўр балиқлар каби кўзларини чақчайтирган кимсалар, қилвир фитналар, фисқу фасодлар, саёз, тузсиз суҳбатлар" Ватандагилармиди?

2.

Бу саволга жавоб топмай туриб, кўзим интертармоқда бошқа бир шоирнинг тўртликлари тўпламига тушиб қолди.

Мана улардан бири, дастлабкиси, тўпламни очари:

Дунёни тарк этиб, тобутга тушдинг
Қамоқ муддатини ўтаганинг шу.
Касофат,маломат,зулмдан нари,
Золимнинг қўлидан қутилганинг шу.


Агар бу сатрларни "Grenoble"дан "Don Mills" кўчаси томон бораётган лирик қаҳрамон ёзганидайди, юқоридаги саволимга ўрин қолмаган, боядан бери бошингизни оғритиб ўқиётганингиз битикларни ёзмаган бўлардим.

Лекин бу сатрлар Ватанда яшаётган, Ватандан бир қадам ҳам нари чиқмаган Шоирники-ку?!

Нега Ватандаги шоир ҳам ўлимни соғинаяпти? Нега ўлимни мадҳ этаяпти?

Ҳамоҳангликни қаранг:

Ҳижратдаги шоир: "қилвир фитналар, фисқу фасодлар, саёз, тузсиз суҳбатлар".

Ватандаги шоир: "қамоқ, касофат, маломат, зулм".

Бу қадар ўхшашлик қайдан? Ўлимга бу қадар бирдай шошилиш қайдан?

Билгим келади.

Балки, иккала шоирнинг шахсидан излаш керакдир, жавобни?

Унда жавоб жуда жўн бўлиб қолмайдими?

Океаннинг икки соҳилида яшайдиган икки ўзбек шоири бир хил гап айтишини жўн жавоб изоҳлай оладими?

Шунинг учун иккала шоирни, уларнинг Шоирлигини тан олсамда, номларини тилга олмаяпман.

Менимча, масала уларнинг шахсидан кенгроқ.

3.

Нима учун у ёки бу қўшиқ фақат бир марта урф бўлиши тўғрисида ўйлаб кўрганмисиз?

Масалан, бундан 5 йил олдин кечаю кундуз ҳамма карнайлардан янграб турган, эшикни ёпсангиз, тешикдан эшитилган қўшиқни бугун пул берсангиз ҳам биров эшитмайди. Нега?

Чунки қўшиқчи 5 йил аввал ўша кунларнинг оҳангини, ритмини ҳис қила билган. Ва қўшиққа солган. Бугун эса, бошқа оҳанг, бошқача ритмлар, бошқача кайфият.

Шоир, Зийрак Шоир Куннинг Оҳангини, Ритмини, Кайфиятини Билиб Туради.

Бу иш унинг Вазифаси.

Худо берган Вазифа. Табиат берган Вазифа.

Алоҳида бир шахс сиқилса, жонидан тўйса, жимгина ёғаётган қор остида сайр қилар, парипайкарни ўйлар, ўзини овутар.

Ва миясини авариядан сақлаб қолар.

Жамият чарчасачи?

Жамият тўлалигича жимгина ёғаётган қор остида сайр қилолмайдику?!

Шоир жамият миясини авариядан сақлаб қоладиган куч демоқчи эмасман.

Лекин Шоирнинг Сўзлари авариядан огоҳ қилиб турувчи Ишоралардир.

Бу ишораларни автомашинанинг носозликни ўнгламагунингизча ўчмай туриб оладиган қайсар чироқларига ўхшатгим келади.

Яхши ҳайдовчи носозликларни ўнглаб, қайсар чироқларни ўчириб, кейин йўлни давом эттиради. Машинани авариядан сақлайди.

Шоирнинг ишораларини ким эшитади?

Шоирнинг кўнгли сезаётган авариянинг олдини олгувчи борми?

Шу саволнинг жавобини билгим келади.

Азиз блогхон, тоқатингизга раҳмат, агар шу ергача етиб келган бўлсангиз.

Меҳнатларингизга рози бўлинг!

4.
Сиз билан хайр-хўшлашиш олдидан сарлавҳага чиқарганим "декаданс" сўзидан пайдо бўлган бир хиргойини айтай.

Декаданс сўзининг сўнгги бўғинини алоҳида олсангиз инглизча "Dance" – "рақс" сўзини эслатади.

Назаримда ўзбекнинг Зийрак Шоирлари рақсга тушаётгандай.

Ўлим рақсига тушаётгандай.

Данс,

Данс,

Дека, дека, декаданс.

Дека, дека,

Дека, дека,

Дека, дека, декаданс!

Бу машъум рақсни тўхтатар борми?
XS
SM
MD
LG