Линклар

Теҳронда мухолифат тарафдорлари ҳибсга олинди


Теҳрон кўчаларига чиққан мухолифат етакчиси Мир Ҳусайн Мусавий тарафадорлари билан полиция ўртасида юзага чиққан тўқнашув муносабати билан қатор намойишчилар ҳибсга олинди.

Мухолифатчилар намойиши Эрон Исломий инқилобининг илк кунларида АҚШ элчихонаси гаровга олинганининг 30 йиллиги нишонланаётган бир пайтга тўғри келди.

Гувоҳларнинг билдиришича, полиция намойишчиларни тарқатиш мақсадида кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланган.

- Тўқнашувлар бир нечта жойда содир бўлди. Намойишчилар Эроншаҳр кўчаси томон ҳаракат қилаётган бир пайтда хавфсизлик кучлари уларга қарши кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланиб, ҳавога ўқ узди. Бир нечта фуқаро, жумладан, кўз олдимда қаттиқ калтакланган бир аёл қўлга олинди, деди воқеа гувоҳларидан бири Озодлик радиосига.

Мухолиф гуруҳлар ўз тарафдорларини президент Маҳмуд Аҳмадийнажод ҳукуматига қарши намойиш ўтказишга чақириб келаётган эди.

Хавфсизлик кучлари ўз навбатида мухолифатчиларни бугунги аксил-Америка намойишларини аксил-ҳукумат чиқишларига айлантирмасликка чақириб, намойишчиларга қарши куч қўлланиши эҳтимолидан огоҳлантирган эди.

Айни пайтда ҳукуматнинг мингдан зиёд тарафдори 1979 йилги воқеаларни хотирлаб, АҚШнинг Теҳронда ёпилиб кетган элчихонаси олдига тўпландилар.

Бундан 30 йил аввал расмий Вашингтон ҳокимиятдан ағдарилган Шоҳни экстрадиция қилишдан бош тортганидан сўнг бир гуруҳ радикал талабалар Теҳрондаги АҚШ элчихонасига бостириб кирган ва 52 нафар АҚШ фуқаросини гаровга олиб, уларни 444 кун давомида ушлаб турган эди.
XS
SM
MD
LG