Линклар

logo-print

Энди навбат аёлларга келди


Ўзбекистон исломий ҳаракатига мойиллар энди хотин-қизлар орасидан изланмоқда.

Ўзбекистон исломий ҳаракатига мойиллар энди хотин-қизлар орасидан изланмоқда.

Тожикистон тарихида иккинчи марта икки нафар аёл Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзолик, террорчилик ва милиция ходимлари жонгига қасд қилганликда гумонланиб қамоққа олинди.

Сўғд вилоят прокурори ёрдамчиси Асадулло Ўриновнинг Озодлик радиосига айтишича, хуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан Исфара туманида ўтказилган амалиёт пайтида Ўзбекистон исломий ҳаракатига алоқадорликда гумонланган икки аёл қамоққа олинди.

- Қўлга олинган аёллар Тожикистон фуқароси. Исфара шаҳрининг Кулкент қишлоғида яшаган Ҳанифахон Аҳмедова ва Обидахон Қудратовалар милиция вакиллари жонларига қасд қилишда ёки ана шу жиноятни содир қилишда иштирок этганликда айбланмоқда, деди Асадулло Ўринов.

Қўлга олинган аёллардан бирининг ёши 41 да¸ иккинчиси эса 50 да экан. Дастлабки тергов материалларида ёзилишича, Ҳанифахон Аҳмедова томонидан Навгилем коопреативи ҳудудига яширилган Ф-1 гранатаси топилган.

Расмийлар даъвосига кўра¸ Мазкур граната қидирувда бўлган “Махсум” лақабли Абдураҳим Умаров ва “Илҳомбой” лақаби билан фаолият олиб борган Абдухолиқ Бобоевларга тегишли бўлган.

Обидахон Қудратова эса жорий йил март ойидан июн ойига қадар Ўзбекистон исломий ҳаракатининг қидирувда бўлган аъзоси Абдужалил Аҳмедовни яширганликда айбланмоқда.

Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари жорий йилнинг 18 октябрида Исфара туманида бир гуруҳ террорчилар жисмонан йўқ қилингани ҳақида хабар берган эдилар. Бир неча соат давом этган отишмада¸ расмийларнинг айтишича¸ Исфарадаги хусусий уйлардан бирига яширинган қуролли гуруҳ аъзолари ўлдирилган ва йўқ қилинган шахслар номи аниқланган. Ўлдирилганларнинг Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари бўлгани айтилмоқда.

Асадулло Ўриновнинг сўзларига кўра, мазкур жиноий иш бўйича ҳозирга қадар икки киши қамоққа олинган.

Вилоят Ички ишлар бошқармаси мулозими Эминжон Жалиловнинг айтишича, Ўзбекистон исломий ҳаракати Тожикистон шимолида чуқур илдиз отишга ҳаракат қилаяпти, Хўжанд шаҳрида, Ашт, Панжакент туманларида уларнинг фаолияти фаоллашгани сезилади.

- Бугунги кунда эса Ўзбекистон исломий ҳаракати Исфара туманида томир ёйган. Бу минтақада ҳаракатнинг аъзолари кам эмас. Бу туманда сўнгги вақтларда содир бўлган воқеалар ҳам шундан далолат бермоқда, дейди Эминжон Жалилов.

Тожикистон Бош прокуратураси берган маълумотларга кўра, 1997 йилдан шу кунга қадар Тожикистон ҳудудида террорчиликка алоқадорликда гумонланган 200 га яқин жиноий гуруҳ фаолияти фош этилган¸ бу гуруҳ аъзоларининг тахминан 3000 га яқин жиноят, жумладан, 170 та террорчилик, бузғунчилик ва қотиллик содир этгани аниқланган.

Жорий йил давомида диний-эстремистик ташкилотларга аъзоликда гумонланиб 30 га яқин одам қамоққа олинди. Жумладан, жорий йил октябр ойида Ўзбекистон исломий ҳаракати раҳбарларидан бири сифатида кўрилган Анвар Қаюмов вилоят маҳкамаси ҳукми билан умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилди. Қолган 5 нафар судланувчи эса 8 йилдан 11 йилгача озодликдан маҳрум этилди.

Кузатувчиларнинг айтишларича, Тожикистонда аёллар иккинчи марта Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзоликда гумонланиб¸ қамоққа олинмоқда.

2006 йилда айнан Исфара туманида уч аёл мазкур ҳаракатга аъзоликда гумонланиб қўлга олинган ва узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган эди.

Айни пайтда Ўзбекистон исломий ҳаракатининг фаол аъзоси сифатида айбланаётган яна бир тожикистонлик устидан тергов ишлари тугаган ва унга нисбатан маҳкама жараёнининг бошланиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG