Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:22

Эркин микрофон - Миллатга тил теккизманг!


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

Озодлик сайтида ўзбеклар ва ўзбекчилик мавзуида бораëтган баҳс иштирокчиларига мурожаат қилган риштонлик Комилжон ака уларни беш-олтита қўрқоқ ва лаганбардорни деб¸ ўзбек миллатини ерга урмасликка чақирди.

“Ҳижоб сотиш таъқиқланади!”

Пойтахт бозорларидаги исломий либос сотиладиган дўкон ва расталар Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қаттиқ назорат қилинаётгани, шаҳарда жойнамоз ва ҳижоб билан савдо қиладиган дўконлар деярли қолмагани ҳақида гапирди 4 ноябр куни Озодликка сим қоққан илк суҳбатдошимиз.

- Одамлар ҳозир дўконни ҳам очишга қўрқиб қолган. Бўлмаса уларнинг документлари бор¸ касса аппаратлари бор. Чунки¸ менимча бозоркомнинг хонасида штаб квартира турганга ўхшайди. Ҳозир орган ходимлари¸ МХХ ходимлари костюм-шимларда келиб дўконларни текшириб юришибди. Айниқса¸ бу рўмол масаласи бўйича бўлаëтган нималарда.

Озодлик: Рўмол¸ ҳижоб сотадиганларни текшириб юрибдими?

- Назорат қилишаяпти. Бундан бошқалар ҳам қўрққан. Менимча¸ асосий мақсад ҳижоб бўйича кетаяпти. Чунки ҳозир дўконларда на ҳижоб бор¸ на жойнамоз бор. Одамларни қўрқитиб¸ бемалол тижорат қилишга беришмаяпти.

Озодлик: Улар савдогарларнинг юрагига шу даража кучли қўрқув солиб қўйдими?

- Мана сизга яқинда бўлган битта гапни айтиб берай. Битта дўконни босишди. Қанақа босишди? Ҳужжати йўқ дейилди¸ бошқа нарсалар баҳона қилинди. Охири дўконнинг эгаси “Нима сотайлик? Айтинглар¸ нима сотайлик? Нимага ҳадеб мени босаверасизлар?” деганда¸ “Ана енгил-елпи кийимлар чиқиб ëтибди. Нима қиласан рўмол сотиб¸ аëлларнинг устини ëпиб¸ ўзингга ғалва орттириб? Бу ҳаммаси тепадан бўлаëтган нарса бўлса. Тушунмаяпсанми? Бу бизларга боғлиқ нарса эмас” деб айтишибди. Охири одамлар бошқа нарса сотишга мажбур бўлишаяпти. "Ал Мадина" деган дўкон бор. Ҳатто ҳозир ўша магазин ҳам ишламаяпти. Ҳар кун эрталабдан бозоркомнинг хонасида 20 га яқин костюм-шим кийган МХХ ходимлари ўтиради. Булар солиқ инспекцияси ëки департамент ходимлари эмас. Бу аниқ. Битта Чорсуда эмас Ипподромда ҳам¸ Юнусободда ҳам - ҳамма жойда назорат кетаяпти. “Президент фармони кетаяптими йўқми¸ ҳижоб масаласи нима бўлаяпти” деб текшириб ëтишибди.

Озодлик: Ҳозир ҳижоб¸ рўмол сотиладиган жойлар қолдими?

- 100 фоиз қолмади бу нарса. Битта илтимосим бор эди. Мана шу бўлаëтган нарсаларга Обидхон акамиз нима дейдилар? Эшитган бўлсалар керак. У кишидан ҳам интервью олиб¸ мана шу саволларимизни етказиб қўйсангизлар¸ дейди Toшкентдан сим қоққан суҳбатдошимиз.

“Камбағалнинг нонини туя қилиб....”

Наманган вилоятининг Норин туманидан бўлган қўнғироқ эгаси, “Оқ олтин” фермерлар уюшмасида аҳолига томорқа учун хатлаб берилган ерлар тортиб олиниб, бошқа пулдор одамларга сотиб юборилгани ҳақида гапирди. Унинг айтишича, нақд долларга сотилган бу ерлардан тушган даромад маҳаллий ҳокимлар ва прокурорларнинг чўнтагига кириб кетган.

- Норин туманида 1986-1988 йилларда Горбачëв томонидан берилган ер участкалари бор. Бу тасдиқланган. Президентимизнинг гапи бўйича бу шу вақтгача турган. Одамларнинг асосий даромади шунданда. Буғдой экишади¸ буғдойдан кейин шоли экишади. Ўшандан оиласига етадиган даражада фойдаланиб турган эди. Бировники 20 сўтик¸ бировники 14 сўтик¸ бировники 10 сўтик. Ҳозир туман ҳокими томонидан 150 гектарга яқин ер олиниб¸ кимнинг пули бўлса¸ ўшанга сотишди.

Озодлик: Ўша пайтда бу ерлар уларнинг номига хатлаб берилмаганмиди?

- Уларнинг номига берилган. Дала томорқа қилиб берилган. Ўшани 2007-2008 йилларда халқдан зўрлик билан олиб туриб¸ 1000 доллардан сотиб юборишди. 150 гектар ернинг саккиз сўтигини 1000-1200 доллардан сотишди. 1000 доллардан сотганда ҳам жуда катта миллион доллар бўлаяптида. Бу бир миллион 700 мингдан ошиқ пул бўлаяптида. Бу ҳазилакам пулмас. Бу кимнинг чўнтагида ҳозир? Бу участкани бериши керак эди. Майли берди¸ аммо пул кимнинг чўнтагига кетди. Олдин ўзбекда “Сенинг нонингни туя қилиб бераман” деган гап бор эди. Ҳозир бизнинг халқимизнинг ерини¸ давлатнинг ерини туя қилиб берган инсонлар бор. Қисқаси¸ ҳар биттасининг тагида 10 тадан машина¸ қўша-қўша хотинлар. Бу пуллар туман ҳокимининг чўнтагидами¸ вилоят ҳокимининг чўнтагидами¸ прокурорнинг чўнтагидами? Улар очиқдан-очиқ “Бор кимга борсанг бор” деб айтаяпти. Ана шуларнинг айтганини қилаяпти. Демак¸ тепадан қилинган эканда бу нарса¸ дейди норинлик суҳбатдошимиз.

“Биз улуғ ва шаклланган миллатмиз!”

Озодлик радиосининг Қурултой эшиттиришида “ўзбек ва ўзбекчилик” мавзуси муҳокама қилинганидан сўнг, айни мавзу Озодлик интернет сайтида ҳам баҳс марказига қўйилди. Риштондан қўнғироқ қилган Комилжон ака интернет саҳифамизда бу баҳсни кузатиб келаётганини айтар экан, баҳс иштирокчиларини ўзбекларни камситмасликка чақирди.

- Менинг гапирадиган гапим шундан иборатки¸ Германияда яшаëтган Камол Хўжа ва Лолахонларнинг ўзаро суҳбатини интернет орқали беришди. Шу иккаласи ҳам ўта тушкун ҳолга келиб қолиб¸ яъни миллат сифатида шаклланганлигимизни тан олмай қўйган бўлса¸ шу иккаласига айтар гапим бор. Ўзбекистонда қўрқоқлар¸ подхалимлар¸ унақа халқ бордир эски коммунистик тизимдан қолган. Ҳозир ëшлар шаклланаяпти. Биз уларчалик миллатимиздан нолимаймиз. Биз ўзимизга ишонамиз. Ҳар қандай шароитда ҳам биз ўзимизни тиклаб кетамиз. Ўзбекчилигимиздан ҳам¸ ўзбеклигимиздан ҳам ҳеч ҳам нолимаймиз. Биз¸ Худо хоҳласа бутун жаҳонга таниламиз. Битта Каримовнинг олиб бораëтган сиëсатини деб қўрқоқлар даражасига тушиб қолганимиз йўқ. Беш-олтита одам гапиришсину¸ миллатга тил теккизишмасин¸ илтимос. Бордир беш-олти одамлар¸ лекин миллатга гап теккизишмасин. Биз улуғ миллатмиз¸ шаклланган миллатмиз. Биз ундай гаплардан орият қиламиз¸ дейди риштонлик Комилжон ака.

************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

"Эркин микрофон " рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти маъсул эмас.
XS
SM
MD
LG