Линклар

logo-print

Ишсизни ишли қилишнинг ўзбекча йўли

  • Сарвар Усмон

Ҳукумат ҳар йили бир миллионга яқин янги иш ўрни яратаëтган Ўзбекистондаги миллионлар ҳар йили иш излаб яқин ва узоқ хорижга кетмоқда.

Ҳукумат ҳар йили бир миллионга яқин янги иш ўрни яратаëтган Ўзбекистондаги миллионлар ҳар йили иш излаб яқин ва узоқ хорижга кетмоқда.

Вазирлар маҳкамасининг 16 октябр кунги мажлисида 2010 йили мамлакатда 950 мингта янги иш ўрни ташкил этилиши ҳақда сўз борганини вақтида хабар қилган эдик. Бугун қарийб миллионта иш ўрни яратиш механизмига қизиқиб кўрдик.

Аслида, кейинги йили яратиладиган миллионта иш ўрнига зарурат борми?

Агар ҳукумат эълон қилаётган маълумотларга, улардаги рақамларга эътибор берсангиз, ишлайман деган одамга Ўзбекистонда иш ўрни етарли, янгисининг кераги йўқ, деган фикрга борасиз.

Мана қаранг.

Ўзбекистон республикаси ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг 2009 йил I чораги якунлари юзасидан Иқтисодиёт вазирлиги сайтида эълон қилинган материалда қарийб 11 миллион кишининг иш билан банд эканлиги айтилган.

Ҳукуматнинг 16 октябр кунги мажлисида эса, жорий йилнинг 9 ойида 743,5 мингта янги иш ўрни ташкил этилгани эълон қилинди.

Бояги қарийб 11 миллионга 743,5 мингтани қўшамиз. Камида 11,5 миллион иш ўрни бўлади.

Демак, шу кунда шунча одам иш билан банд.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 54 фоизи ишга яроқли. Бу қарийб 15 миллион киши дегани.

Агар ишсизлик даражасини аниқлашда ишга яроқли аҳолининг умумий сонидан келиб чиқиладиган бўлса, Ўзбекистонда 3,5 миллион нафар атрофида ишсиз бор. Бу аҳолининг 20 фоиздан ортиғи ишсиз, дегани бўлади ва келаси йили яратиладиган миллионта иш ўрни ортиқчалик қилмайди.

Лекин ҳамма замон ва ҳамма маконларда ҳам ҳеч қачон ишламайдиган, оила бошлиғининг топганига қаноат қиладиган уй бекалари армияси бор. Шуни ҳисобга оладиган бўлсак, бояги 3,5 миллион ўшалар ва ишлашни истамайдиган танбаллар бўлиб чиқади ва келаси йили миллионта иш ўрни яратишга ҳожат қолмайди.

Масаланинг яна бир жиҳатига ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоилов эътиборингизни қаратмоқчи.

-Яна расмий статистик маълумотларга эътибор берайликда. Қўлимиздаги бор маълумотларга кўра¸ 2005 йилда ҳукуматнинг айтиши бўйича¸ Ўзбекистонда ишсизлик 0¸4 фоизни ташкил қилган¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

0,4 фоизни абсолют рақамга айлантирамиз. Яна бояги ишга лаёқатли аҳолининг умумий сони - 15 миллиондан келиб чиқсак, 2005 йили Ўзбекистонда 50 минг кишигина ишсиз эди, деган хулосага келамиз.

Орадан 4 йил ўтди. 4 йилдан бери Ўзбекистон ҳукумати ҳар йили қарийб миллионтадан иш ўрни яратаяпти. Масалан, жорий йилнинг 9 ойида 743,5 мингта иш ўрни яратилгани тўғрисида боя айтдик. Йил охирига бориб бу рақам миллионга етиши мумкин. Демак, бу йил миллион, кейинги йили миллион – 2 йилда икки миллион иш ўрни яратиларкан.

Хўш, кимга керак бунча иш?

Ахир 4 йил олдин 50 минг кишигина ишсиз, дейилган эдику?

Афтидан, Ўзбекистон ҳукумати “яратиб қўяверайлик, иш бўлса, одам топилади”, деяётганга ўхшайди.

Мана энди янги иш ўринлари яратишнинг ўзига хос механизмлари тўғрисида гапириш вақти келди.

Улар ҳақда гапиришдан олдин бир яхши янгиликни ҳам айтайлик. Ўзбекистонда кичик бизнесга ҳукумат кенг йўл беришга қарор қилгани, шу мақсадда ўз ишини бошловчиларга қулайликлар яратилгани тўғрисида тунов куни ҳам гапирган эдик.

Сирдарёлик Карим акадан бугун мана бу гапни эшитдик.

- Тадбиркорларга кенг йўл очиб берилган. Улар уч куннинг ичида тадбиркорлик рўйхатини олиш ҳуқуқига эга. Тўловларни тўлаб¸ барча ҳужжатларни ҳокимиятга тақдим этса¸ узоғи билан икки-уч куннинг ичида тадбиркорлик гувоҳномасини олади¸ дейди Карим ака.

Яхши гап.

Айни пайтда суҳбатдошимиз аҳолини иш билан таъминлашнинг, тўғрироғи ишсизларни ишлилар қаторига қўшишнинг ажабтовур усули тўғрисида ҳам айтиб берди.

Карим ака: Ҳар бир маҳалла фуқароларига белгиланган тартибда меҳнат дафтарчаларини рўйхатга олиш ҳолатлари содир этилган. Ишсиз деб топилган фуқаролар меҳнат дафтарчаси орқали ишга тикланган ҳисобида...

Озодлик: Тўхтанг. Сиз тадбиркорсиз. Мен ишсиз фуқароман. Сизнинг маҳаллангизда яшайман. “Меҳнат дафтарчаси беринг” деб сизга бораманми?

Карим ака: Йўқ. Бизда маҳалий ҳокимият томонидан¸ ижтимоий таъминот томонидан шундай кўрсатмалар фуқаролар йиғинларига берилади. Ана шу маҳаллада ишсиз деб топилган шахсларга меҳнат дафтарчаси очиш бўйича. Ишсизларни меҳнат дафтарчаси орқали ишлаяпти деган ҳолатни кўрсатиш мақсадида.

Озодлик: Фуқаролар йиғини ишсизга меҳнат дафтарчаси берадими?

Карим ака: Меҳнат дафтарчасини бергандан кейин булар ижтимоий таъминотга бориб рўйхатга қўяди.

Озодлик: Меҳнат дафтарчасига нима деб ëзилади?

Карим ака: Ўша ерда бир иш билан бандлиги ëки бўлмаса тадбиркорлик деб кўрсатилади.

Озодлик: Унга биров ойлик берадими?

Карим ака: Йўқ¸ ойлик бермайди. Чунки улар қонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмайди. Аксинча булар солиққа¸ пенсия фондига тўловларни тўлаб боришади.

Озодлик: Ким тўлаб боради пенсия фондига?

Карим ака: Меҳнат дафтарчаси очилган шахслар.

Озодлик: У ишламаса қаердан тўлайди?

Карим ака: Ишламайди¸ лекин бояги айтилган 1000 та иш ўрни яратилиш нимасига мана шу ҳолат мос келади.

Озодлик: Миллионта эди.

- Ҳа¸ миллионта иш ўрни яратиш нимасига мана шу “Ҳақиқатан меҳнат дафтарчаси бор. Ижтимоий таъминотда рўйхатда туради”. Ана шулар статистик маълумотлар чиқарилиб¸ “Сирдарë вилоятида мана шунча киши иш билан таъминланди” деб Тошкентга ҳисобот топширишади, дейди сирдарёлик Карим ака.

Афтидан, кишида меҳнат дафтарчаси бўлиши, унинг қаердан бўлмасин топиб, пенсия жамғармасига пул ўтказиб туриши ишлилигининг асосий белгиси бўлиб қолганга ўхшайди.

Бу фикрга андижонлик Сайфиддин ака билан суҳбатлашгач, ишондик.

Сайфиддин ака: Коллежлар бор. Коллежларда болалар ўқийди. Болалар битиради. Битиргандан кейин коллежда ўқитадиган ўқитувчиларга тўртта-бештадан болаларни бириктириб¸ “Шуларга иш топиб¸ ишга жойлаб¸ справкасини олиб келасан. Дафтарча ҳам очасан” дейди. Коллежнинг ўқитувчилари бирор бир корхона ëки фермернинг ëнига борадида¸ ўшалар билан оғзаки шартнома қилиб¸ ëнидан пулга китоб дўконларидан меҳнат дафтарчасини олиб¸ ҳалиги одамга олиб бориб¸ ëздириб¸ олиб келиб топширади. Мана шу ишга жойланди ҳисоб бўлади. Мен ўзим бошимдан кечирган нарсани айтаяпман. Энди қаранг. Бу ҳам майли. Бунга ҳам хўп дейлик. Дейлик¸ битта-иккита бола ярим йил келмасдан битирмади¸ диплом ҳам олмади. Мана шуларга ҳам иш топиб¸ жойлайсан деяпти. Бу ишмас. Қанақасига иш бўлади? Ўқитувчи ўзи коллежда ишлаб неча пул олади? Ëнидан меҳнат дафтарчаси олиб¸ битирмаганни ҳам жойлайди¸ жойламаса у ерда ишлай олмайди.

Озодлик: Меҳнат дафтарчасини ўқитувчининг ўзи сотиб оладими?

- Ўзининг пулига сотиб олади. Бориб¸ бирорта корхонанинг раҳбарига ялиниб юрадими¸ пул берадими¸ бошқа қиладими¸ ўшанга дафтарча очтириб¸ шартнома тузиб¸ шу ерда ишлаяпти деган шартномани олиб келиб¸ тагига печатни бостириб¸ коллежнинг директорига топширади. Коллежнинг директори юқорига топширади. Хуллас ишга жойланди¸ дейди андижонлик Сайфиддин ака.

ЎзА ахборот агентлиги 16 октябр куни мана бундай хабар қилган эди:

Жорий йилнингг 9 ойида 743,5 мингта ёки 2008 йилнинг шу давридагига нисбатан 36,4 фоизга кўп янги иш ўринлари яратилгани қайд этилди. Шундан 311,1 мингта иш ўрни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида, шу жумладан, 203 мингта иш ўрни – хизматлар ва сервис соҳасида, шунингдек, 77,9 минг иш ўрни меҳнат шартномалари асосидаги касаначилик соҳасида ташкил этилди.

Иқтибос тугади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG