Линклар

logo-print

Ўзбекистон Хитойга газ сотади

  • Ҳасанжон

Туркманистон-Хитой магистрал газ қувурининг Қозоғистонда қисмида айни шу кунларда қизғин иш бормоқда.

Туркманистон-Хитой магистрал газ қувурининг Қозоғистонда қисмида айни шу кунларда қизғин иш бормоқда.

2011 йилдан бошлаб Ўзбекистон Хитойга йилига 10 миллиард куб метргача газ сотишни режаламоқда. Ўзбекистонликларнинг ўзи газсизликдан азият чекаëтган бир пайтда¸ бундай режанинг оқиллиги савол остига олинмоқда.

Маълумотларга кўра, 1830 километр узунликдаги Туркманистон-Хитой магистрал газ қувури лойиҳаси қиймати 6,7 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.

Россия ахборот агентликлари хабарига кўра, Ўзбекистон ҳудудида 2010 йилда бошланадиган қувур қурилиши ишларини йил охирида тугатиш ва 2011 йилдан бошлаб Хитойга газ экспорт қилиш мўлжалланган. Ўзбекистондан экспорт қилинадиган газни эса Хитой ширкатлари қазиб олади.

Ўзбекистон ўз газини шу пайтгача асосан Россиянинг Газпром ва Лукойл ширкатларига тегишли қувурлар орқали хорижга экспорт қилиб келмоқда. Ўз навбатида Россия ширкатлари Ўзбекистоннинг энергетика соҳасига йирик сармоялар ётқизиб даромад олмоқда.

Лукойл ширкати матбуот вакили Владимир Семаков Озодлик билан суҳбатда ширкатнинг Ўзбекистонда муваффақиятли фаолият юритаётгани ва Хитой билан лойиҳалар бу муваффақият истиқболига соя солмаслигини айтади.

- Бизнинг Ўзбекистонга киритаëтган сармоямиз йил сайин ортиб бормоқда. Икки йилдан бери ширкатимиз газ қазиб чиқараяпти. Янги қудуқлар кавланаяпти. Биз янги ҳудудлар ва ҳавзаларни ўзлаштиришга тайёрланаяпмиз. Табиий газ қазиб чиқариш бўйича Лукойлнинг Ўзбекистон бўлими аслида ривожланиш босқичида, дейди ширкат расмийси.

Айрим таҳлилчилар, Марказий Осиё энергия ресурслари учун асосий рақобат Россия ва Хитой ўртасида бормоқда¸ деган фикрда.

Бироқ британиялик таҳлилчи Ширин Акинер Ўзбекистон ўз энергия ресурсларини хорижга экспорт қилишнинг муқобил йўлларини топиш орқали ўз имкониятларидан тўлиқ фойдаланишга уринмоқда деган фикрда.

- Бу масалага - улар ютса, биз ютқазамиз¸ биз ютсак, улар ютқазади қабилида қарамаслик лозим. Ўзбекистон ўз потенциалидан тўлиқ
фойдаланиши керак ва шундай қилаяпти, дейди Ширин Акинер.

Британиялик таҳлилчи Туркманистон-Хитой газ қувури қурилиши 2007 йилда бошлангандаёқ унга Ўзбекистон ҳам қўшилиши аниқ бўлганини айтади.

- Агар етарли миқдорда газ бўлса, бу ишнинг амалга ошиши аниқ эди. Афтидан, Ўзбекистонда экспорт учун етарли миқдорда газ бор. Шундай экан нима учун хорижга муқобил қувур қурилмаслиги керак, дейди Ширин Акинер

Ўзбекистонлик таҳлилчи Малик Абдураззоқов Ўзбекистон иқтисодиёти аввал пахта яккаҳокимлигига қарам бўлган бўлса, ҳозирда унинг ўрнини энергетика яккаҳокимлиги эгаллаётганини айтади. Бу таҳлилчи фикрича, Марказий Осиё¸ жумладан Ўзбекистон ўз газини экспорт қилиш эмас балки уни мамлакатда қайта ишлаш орқали турли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши ва шу орқали янги иш ўринлари яратиши лозим.

- Ўзбекистон газини жуда нотўғри ишлатаяпти иқтисодиëтда. Россия ҳам. Ҳаммаси сотиб ўтиришибди. Газни сотишнинг ўрнига газни ишлаб чиқариш лойиҳаларини киритиш керак. Бу биринчи навбатда.

Ўзбекистон ўз бозорини юқори технологияга эга бўлган компанияларга очиши керак. Япония¸ Жанубий Корея¸ АҚШ компаниялари. Масалан¸ ЭкссонМобил компанияси газ билан боғлиқ бўлган янги технологиялар билан ишлаяпти. Митсуи Митсубиши мана Татаристонда газни метанолга айлантирадиган завод қурган. Бизга ҳам бунақа лойиҳалар зарур. Газдан жуда кўп нарса ишлаб чиқариш мумкин. Ҳозирги иқтисодиëт бунақа кетадиган бўлса¸ албатта¸ янги иш жойлари яратилмайди. Буни ҳам билиш керак. Фарқи йўқ¸ масалан Россия технологиялари бўлсин, газ ишлаб чиқаришда нанотехнологиялар билан боғлиқ бўлсин¸ марҳамат кирсин. Тендер бўлсин. Лекин афсуски бу нарса қилинмаяпти, дейди ўзбекистонлик таҳлилчи.

2009 йил апрелида "Ўзбекнефтегаз” Хитой миллий нефт корпорацияси (China National Petroleum Corp. – CNPC) ширкати билан тенг шерикчилик асосида “Asia Trans Gas” номли қўшма корхона тузиш ҳақида келишув имзолаган.

Туркманистондан Хитойга табиий газ экспорт қилиши мўлжалланган 1830 километр узунликдаги магистрал газ қувурининг Ўзбекистонга тегишли 530 километр қисмини қуриш вазифаси “Asia Trans Gas” ширкатига юклатилган.

Магистрал газ қувурининг Қозоғистонга тегишли қисмини қуриш учун Хитой ширкати Казмунайгаз билан ҳам қўшма корхона тузган.

Туркманистон магистрал қувур орқали 30 йил давомида Хитойга ҳар йили 30 миллиард куб метр¸ Қозоғистон эса 10 миллиард куб метр газ сотишни режалаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG