Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:54

Масжид ëнида пиво сотиш ҳам тақиқланди


2007 йилда кам алкоголли ичимликларни маърифий ва диний муассасалар яқинида сотиш тақиқланган бўлса¸ 2009 йилнинг 1 ноябридан бошлаб барча турдаги спиртли ичимликлар сотиш тақиқланди.
2007 йилда кам алкоголли ичимликларни маърифий ва диний муассасалар яқинида сотиш тақиқланган бўлса¸ 2009 йилнинг 1 ноябридан бошлаб барча турдаги спиртли ичимликлар сотиш тақиқланди.

Вазирлар маҳкамасининг 1 ноябрда кучга кирган қарорига мувофиқ маърифий ва диний муассасалардан 500 метргача масофада таркибида алкоголи оз ичимликларни сотиш ҳам тақиқланди.

Ўзбекистон республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорига биноан 2009 йилнинг 1 ноябридан бошлаб, республика ҳудудидаги барча мактаб¸ боғча¸ олийгоҳ¸ масжид¸ синагога ва черковлардан 500 метргача узоқликдаги масофа ичида ҳар қандай турдаги спиртли ичимликларни сотиш тўла тақиқланди.

Бу қарор ижроси ва назорати республика Солиқ қўмитасига юклатилди.

- Ўзи аслида мактаб¸ боғча¸ мозор бор жой атрофи 500 метр яқин бўиши керак эмас спиртной ичимликларга. Янги қарор чиқди. Энди пиво ҳам шунақа бўладиган бўлди, дея маълум қилди қўмита вакиласи.

Аммо, шу вақтга қадар Фарғона вилоятининг Марғилон ва Наманган шаҳарларидан сим қоққан баъзи тингловчиларимиз, бу ҳудудлардаги мактаб, боғча ва масжидлар олдида ароқ, тамаки маҳсулотлари сотилаётгани ҳақида сўзлаган эдилар.

Вазирлар Маҳкамасининг буни тақиқловчи навбатдаги қарори кучга кирганига беш кун бўлди ҳамки бу ҳудудларда спиртли маҳсулотлар сотаётган дўконлар ишлаб турибди.

Фарғоналик ҳуқуқ фаоли Аҳмаджон Мадумаров бу ҳақда конкрет маълумотларни келтирди.

Аҳмаджон Мадумаров: Бизнинг Марғилон шаҳридан мисол қилиб кўрсатай мен шуни. Бизда Туркистон кўчаси бор. Шу кўчада бир қанча мактаблар жойлашган. 29 мактаб бор. Шунинг рўпарасидаги пивохонада ҳанузгача пиво сотишаяпти.

Озодлик: Неча метр узоқликда у?

Аҳмаджон Мадумаров: Кўчанинг бу юзида мактаб бўлса¸ кўчанинг у юзида пивохона. Оралиғи 30 метр холос. Мактаб чегараси тугаганидан 200 метр нарироқда ароқ дўкони. Бемалол ишлаб турибди. У ерда ҳам пивони олиб¸ пивохўрлар ичиб ўтиришибди.

Озодлик: Ароқ ҳам сотилаяптими ëки фақат пивоми?

Аҳмаджон Мадумаров: Ароқ ҳам бор. Шунингдек¸ витринага териб қўйилган ароқлар ҳам сотилаяпти. “Шодиëна” тўйхонаси бор. Шунинг ëнида ароқ магазини очилган. Ароқ бемалол витринада турибди¸ сотилаяпти. Бу ердан 200 метр юрилса¸ яна бир мактаб.

Озодлик: Иккита мактабнинг радиусида иккита пивохона¸ битта ароқ дўкони ишлаяпти демак

Аҳмаджон Мадумаров: Ҳа¸ бемалол ишлаяпти.

Озодлик: У ерда тамаки маҳсулотлари ҳам сотилади.

- Ҳа¸ тамаки маҳсулотлари ҳам сотилади¸ дейди Аҳмаджон Мадумаров.

Бу суҳбатдошимизга кўра, айни манзарани Марғилон шаҳридаги масжидлар атрофида ҳам кузатиш мумкин.

- Масалан¸ ўша шаҳардаги Хонақо масжидидан бир неча метр нариëқда ароқ дўкони бор. Очилган шу. Олдин масжидга кираëтган 60-70 яшар одамлар энди пивохонага киришаяпти¸ дейди фарғоналик инсон ҳуқуқлари фаоли Аҳмаджон Мадумаров.

Спиртли ичимликларни мактаб, боғча, масжидлар ёнида сотишга тақиқ жорий этилганига қарийб 2 ярим йил бўлди. Мана 5 кундирки бу ҳудудда таркибида алкоголи кам бўлган спиртли ичимликларни сотиш ҳам таъқиқланди.

Аммо, шунга қарамай бундай дўконлар ишлаб турибди ва аксинча, спиртли ичимликларни сотиш рағбатлантирилаяпти, деган хулосага келаётганлар кўпчилик.

Республика Солиқ қўмитасига мурожаат қилиб, бунинг сабаблари нимада ва бу ҳолат қандай назорат қилинмоқда, бунга қандай жазо белгиланган, деган саволлар билан мурожаат қилдик.

Қўмита матбуот хизмати бу саволларга расман жавоб беришни бироз кейинга сурди, аммо, баъзи маълумотларни тақдим қилди.

Матбуот хизмати расмийсига кўра, бундай ҳолатда савдо тартибини бузиш, дейилган тартиб билан жазо қўлланади. Одатан, савдо тартибини бузиш ҳолати бир неча кўринишда бўлади.

“Биринчидан, тақиқланган ҳудудда спиртли ичимлик сотаётган сотувчининг савдо қилишга рухсати бор, аммо, ноқонуний спиртли ичимлик сотаётган бўлиши мумкин. Иккинчидан, савдо қилишга рухсати йўқ бўлгани ҳолида спиртли ичимлик сотаётган бўлиши мумкин. Учинчидан, рухсати ҳам бор, маҳсулот ҳам қонуний, аммо, тақиқланган ҳудудда спиртли ичимлик сотаётган бўлиши мумкин. Бу ҳолатларнинг барчасида алоҳида жазо қўлланади”, дейди Солиқ қўмитаси ходими.

Унинг сўзларига кўра, шундан келиб чиқиб жазо турлари жарима солиш ва маҳсулот мусодарасидан тортиб, жиноий жавобгарликкача бориши мумкин.

“Масалан, конкрет равишда савдо қилишга рухсати бор, аммо, спиртли маҳсулотлари ноқонуний бўлган ҳолатни олсак, бу ҳолда сотувчининг ҳамма маҳсулотлари мусодара қилинади ва ҳужжатлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга берилади. Бу ҳолатда иш жиноий иш қўзғатиш ва жавобгарликка тортишгача бориши мумкин”, дейди Солиқ қўмитаси ходими.

Айни пайтда солиқ идораси ходимлари шундай кескин жазо чоралари қўлланганига қарамай, спиртли ичимликларни ноқнуний жойларда сотиш ҳоллари учраётганини инкор қилмайди.

Ушбу идоранинг яна бир расмийси: “Аслида бундай ҳудудларда спиртли ичимликни сотаётган ҳам, олаётган ҳам бунинг тақиқланганини яхши билади. Аммо, қилаверади”, дея таъкидлаб қўйди.

Аммо, нега шундай, деган саволимизга солиқ идораси расмийлари жавоб бермади.

Диний ва таълим муасасалари қошидаги спиртли ичимликлар савдосидан норози бўлаётганлар эса бунинг сабаби пора, дея таъкидлашда давом этмоқда. Яъни, бу фикрдаги суҳбатдошларимизга кўра, мактаб ёнидаги дўкончада ароқ сотаётган сотувчи уни назорат қилгани келган солиқчига ҳар ойлик ёхуд ҳафталик пора кўринишидаги “ўлпон”ини сўзсиз солиб қўяди, солиқчи эса бундай тартиббузарликка сўзсиз кўз юмади, вассалом.

Фарғоналик ҳуқуқ фаоли Аҳмад Мадумаров эса, порахўрлик билан бирга кейинги вақтларда спиртли ичимликлар савдосининг норасмий тарзда рағбатлантирилаётгани кузатаётганини айтади.

Аҳмаджон Мадумаров: Назорат кўрмайман. Ҳаттоки¸ буларни кўпайтириб¸ буларга васийлик қилиш бор деб ўйлайман бу дўконларга.

Озодлик: Қайси маънода?

- Кўпроқ сотса¸ кўпроқ ишласа¸ дейишса керакда. Чора кўриб¸ пивохоналарни бекитганини¸ бирорта ароқ дўконини бекитганини билмайман. Ароқ дўконлари кўпайганидан кўпаяяпти¸ дейди Аҳмаджон Мадумаров.

Озодликка қўнғироқ қилган бошқа ўзбекистонликлар ва аксар таҳлилчилар спиртли ичимликлар савдоси аслида ҳукуматнинг юқори эшелонларида ўтирган амалдорлар манфаатидаги бизнес экани, айниқса, ароқ ва пиво савдоси кейинги вақтларда мажбурий равишда кенгайтирилаётгани хусусида сўзламоқдалар.

Аммо, бундай таъкидни айтаётганлар ёхуд кузатувчиларда ҳозирча, бу бизнесни юргизаётган амалдорларнинг исми-шарифи ёхуд улар топаётган даромадлар хусусида аниқ маълумотлар йўқ.

“Шу боис, бир тарафдан, мактаб ёхуд масжид ёнида спиртли ичимлик савдосини тақиқлаш билан, иккинчи томондан, спиртли ичимликлар дўконлари, реклама ва эълонларини кўпайтириш билан ҳукумат фармонида кўзда тутилган — аҳоли ва болалар саломатлигини сақлаш муддаосига етиш даргумон”, дейди фарғоналик ҳуқуқ фаоли Аҳмаджон Мадумаров.

Аслида¸ 2007 йилнинг март ойидан бошлаб, янги қарорда белгилаб берилган ҳудудда спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотларини сотиш тақиқланган эди. Аммо, баъзи ҳудудларда бу тақиқ 2007 йилдан кейин ҳам, у қайта қабул қилинган бугунги кунда ҳам иш бермаётган кўринади.
XS
SM
MD
LG