Линклар

logo-print

Чўчқа гриппи: Саросимага ҳожат борми?


Украинадаги жамоат транспортидан фойдаланувчилар чўчқа гриппини юқтирмаслик учун оғиз-бурунларига ниқоб тақиб юрмоқдалар.

Украинадаги жамоат транспортидан фойдаланувчилар чўчқа гриппини юқтирмаслик учун оғиз-бурунларига ниқоб тақиб юрмоқдалар.

Дунё бўйлаб чўчқа гриппи кенг тарқалаётган бир пайтда мавсумий грипп ҳам кўпаймоқда. Бу йилги қоришиқ эпидемия баъзи давлатларда саросима уйғотмоқда.

H1N1 номи билан танилган чўчқа гриппи илк бор жорий йил апрелида Мексикада қайд этилганидан бери бу касаллик дунё бўйлаб кенг тарқалиб бормоқда

Шифокорлар бу йилги грипп мавсумида гриппга чалиндим¸ ўзи ўтиб кетади¸ дея хотиржам юрган кўпчиликнинг чўчқа гриппига чалинган бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилишмаëтир.

- Ҳозир дунё бўйича тарқалган грипп касаллигининг аксарини H1N1 вируси келтириб чиқарганини кўраяпмиз, дейди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Эпидемия ва пандемия касалликлари бўлими матбуот вакили Грегори Ҳартл.

Британиялик мутахассис Морин Бейкер аксар давлатларда шифокорларнинг фақат ташқи аломатларга қараб грипп касаллигини аниқлаб келаëтганини айтади.

Унга кўра, одатдаги грипп ва чўчқа гриппининг аломатлари бир-бирига жуда ўхшашлиги шифокорларнинг аниқ ташхис қўйишини қийинлаштирмоқда.

Бейкер¸ беморнинг чўчқа гриппига чалинган-чалинмаганини фақат лаборатория текшируви орқали аниқлаш мумкинлиги¸ аммо бу кўп вақт талаб қилишини айтади.

- Бу шубҳасиз чўчқа гриппи, деб ишонч билан ташхис қўйиш учун бурун ва томоқдан мазок олиб¸ кейин вирусни етиштириш керак бўлади. Бунинг учун эса бир неча кун керак, дейди британиялик мутахассис.

Чўчқа гриппи кенг тарқалаётгани хусусида саросималар кучайиб бораётган бир пайтда, масалан, тиббий ускуналар етишмаётган Украина каби давлатларда касалликни аниқлаш учун лаборатория текшируви ўтказиш имконияти чекланган.

Чўчқа гриппи кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида Украина ва Афғонистондаги мактабларда ўқиш вақтинча тўхтатилди. Сербияда эса ўқувчилар таътили узайтирилди.

Бироқ шифокорлар H1N1 вируси юқиши хусусида саросимага ўрин йўқ ва бу касаллик бир неча кун давомида ўтиб кетади, демоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳукуматларни чўчқа гриппига қарши курашда қўшимча тиббий марказлар ташкил этиш, одамларни эса гигиена тартибига риоя қилишга чақирмоқда.

Ғарб давлатларида айни кунларда касалликка чалиниш эҳтимоли бўлган одамларни эмлаш жараëни бошланди.

Аксар давлатларда одамлар юзларига ниқоб тақиб ўзларини вирусдан ҳимоя қилмоқдалар. Бироқ шифокорлар ниқоблар чўчқа гриппи вирусидан тўлиқ ҳимоялай олмайди, демоқда. Улар одамлар қўлларини тез-тез совунлаб ювиш орқали бу вирусдан яхшироқ сақланишлари мумкин демоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, 2009 йил апрелидан 30 октябрга қадар дунё бўйича чўчқа гриппидан 5700 дан ортиқ одам нобуд бўлган.

H1N1 вируси одатда чўчқалар орасида кенг тарқалган вируснинг мутант формаси бўлгани унга чўчқа гриппи деган ном берилишига сабаб бўлди.
XS
SM
MD
LG