Линклар

logo-print

Италияда ислом уламосини ўғирлаганлар судланди


Италия суди АҚШ Марказий разведка бошқармасининг собиқ 23 ходимини 2003 йилда Ислом уламосини ўғирлаганликда айбдор деб топди.

МРБнинг Миландаги резидентураси собиқ раҳбари саккиз йилга, қолган америкаликлар эса беш йилга ҳукм қилинди.

АҚШ фуқароларига нисбатан ҳукм сиртдан ўқилди ва уларга қидирув эълон қилинди.

Суд ҳукмига кўра, Италия махфий хизматининг икки ходимига ҳам уч йилдан қамоқ жазоси берилди.

Италияда ўтказилган маҳкама МРБнинг террорчиликда гумон қилинганларни сўроқ қилиш учун учинчи давлатларга топширишга оид дастури хусусида ўтказилган биринчи суд бўлди.

Собиқ агентлар 2003 йилнинг февралида Абу Умар номи билан танилган Ислом уламоси Усама Мустафо Ҳасан Насрни ўғирлаганликда айбдор, деб топилди.

У Миланда ўғирлаб кетилиб, аввал Италиядаги ва Германиядаги АҚШ ҳарбий базаларида сақланган, кейинчалик Мисрга юборилган.

Ҳасан Насрнинг айтишича, Миср қамоқхонасида уни қийноққа солишган. Ҳасан Наср тўрт йил ҳибсда сақланиб, ҳеч бир айбловсиз қўйиб юборилган.

Давлат департаменти матбуот вакили Иан Келли Қўшма Штатларнинг Италия суди ҳукмидан “ҳафсаласи пир” бўлганини баён қилди.
XS
SM
MD
LG