Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:05

Болалар ҳамон далада...


Ўзбекистон қонунчилигига зид ўлароқ мактаб ўқувчилари пахта йиғимига жалб этилмоқда.
Ўзбекистон қонунчилигига зид ўлароқ мактаб ўқувчилари пахта йиғимига жалб этилмоқда.

Ўзбек депутатлари вояга етмаган болаларни саломатлиги ва хавфсизлигига зарар етказиши мумкин бўлган ишларга жалб қилган жисмоний шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш масаласини муҳокама қилдилар.

Ўзбек депутатлари болалар меҳнати масаласида бош қотирган 3 ноябр куни хоразмлик 13 ёшли Фарангиз ўн кило пахта терди.

Фарангиз билан суҳбатимиз давомида маълум бўлишича, у пахта теримига ўз хоҳиши билан чиқмаган. Балки 20 сентябрдан бошлаб синфдошлари билан мажбурий равишда далага ҳайдалган.

Фарангиз: Мен 7-синфда ўқийман. Бизларни синфдошларимиз билан 20 сентябр куни пахтага олиб чиқишди. Бизлар ҳозиргача пахтадамиз. Кеча 10 кило тердим. Бугун ëмғир ëғаяпти¸ лекин пахта териб юрибмиз.

Озодлик: Фарангиз¸ мактабда нечанчи синфлардан бошлаб пахтага олиб чиқишаяпти?

Фарангиз: Бизнинг мактабда учинчи синф ўқувчиларини ҳам пахтага олиб чиқишди.

Озодлик: Пахтага дарсдан кейин чиқасизларми ëки дарс умуман бўлмайдими?

Фарангиз: Дарс бўлмайди.

Озодлик: 20 сентябрдан бери дарс бўлмадими?

- Йўқ бўлмади. Фақат пахта тердик, -деди 13 ёшли пахтакор қизалоқ.

Ҳозирда Ўзбекистонда болалар меҳнатидан кенг миқёсда фойдаланилиши кўпчиликка сир эмас. Айниқса, қишлоқ жойларида мактаб ўқувчилари баҳорги ва кузги дала ишларига доимий равишда жалб қилинади.

Халқаро жамоатчилик бу борада расмий Тошкентни тўхтовсиз танқид қилиб келади.

Тошкентдаги “Тезкор ҳаракат гуруҳи” раҳбари Суҳроб Исмоиловга кўра, Ўзбекистонда дала ишларидан бошқа ҳолатларда ҳам болалар меҳнатидан фойдаланилади.

- Ўқув жараëнидан кўпчилик болаларнинг ўзлари узоқлашиб¸ оилавий шароитлари оғирлиги туфайли ота-оналарига моддий ëрдам бўлсин деб, турли хил бир марталик ëки узоқ муддат касб этмаган иш фаолиятларида банд бўлиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Масалан¸ битта оддий мисолни биз кўрсатишимиз мумкин. Ҳали мактаб ëшида бўлган болалар республикамизнинг турли-туман жойларидан келиб¸ Тошкент шаҳрида мардикор сифатида ишлатилиши¸ катта-катта деҳқон бозорларида юк ташувчи ҳаммол бўлиб ишлаши¸ Россия ëки Қозоғистонга меҳнат муҳожири сифатида чиқиб кетишлари. Ҳозирча ҳеч ким мана шу соҳада фундаментал тадқиқот ўтказиб¸ муаммони чуқур ўргангани йўқ, -дейди Суҳроб Исмоилов.

Ўзбек депутатлари муҳокама қилаётган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасига кўра, эндиликда вояга етмаганларни уларнинг соғлиги ёки хавфсизлигига зарар келтириши мумкин бўлган ишларга жалб қилган жисмоний шахслар, шу жумладан, ота-оналар жавобгар саналадилар.

Шунингдек, вояга етмаганларнинг меҳнати ҳақидаги ва улар меҳнатини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун иш берувчиларнинг жавобгарлиги кучайтирилади.

2008 йилнинг 12 сентябр куни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси “Энг ёмон кўринишдаги бола меҳнатидан фойдаланишни таъқиқлаш ва уни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиш ҳақидаги қонунни амалга ошириш чора тадбирлари бўйича” қарорни қабул қилган эди.

Агар 14 ёшга тўлган бола меҳнатга жалб қилинса, бу унинг соғлигига зарар келтирмайдиган, ўқув жараёнига халақит қилмайдиган ҳолатларда, мактабдан бўш пайтларидагина амалга оширилиши шартлиги кўрсатилган, ушбу қонунда.

Айни ҳужжатни амалга ошириш учун миллий дастур тузилиб, эндиликда ушбу қонунда назарда тутилган ҳолатлар бўйича “Маъмурий кодекс”га қўшимчалар киритилиши режалаштирилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари Германия-Ўзбекистон форуми вакили Умида Ниёзованинг фикрича, расмий Тошкент халқаро қонунларга қўшилгани билан, талабларини фақат қоғозда бажаради.

-Бугунги кунда болалар меҳнати бўйича халқаро конвенция муносабати билан “Маъмурий кодекс”га қўшилган қўшимчалар реал ҳаëтда ҳеч нарсани англатмайди.

Мустақиллик пайтида Ўзбекистон 70 тага яқин халқаро конвенцияларга¸ халқаро ҳужжатларга қўшилиб келган. Бу халқаро конвенциялар талабларининг ҳаммаси қоғозда қолаяпти.

Ўзбекистон ҳукуматининг қулай позицияси бор. “Мана, биз қонунда ëзиб қўйдик”, деб ўзидан масъулиятни олиб ташлайди, - дейди ҳуқуқ фаоли.

Умида Ниёзовага кўра, Ўзбекистон ҳукумати 1992 йилдаёқ БМТнинг болалар ҳуқуқи борасидаги конвенциясини имзолаган бўлишига қарамай, ҳеч қачон бу конвенция талабларини амалда бажармаган.
XS
SM
MD
LG