Линклар

logo-print

Қирғизистонда чўчқа гриппи кўпаймоқда


Қирғизистонда чўчқа гриппига чалинганларнинг ҳаммаси ҳам эмланмаяпти.

Қирғизистонда чўчқа гриппига чалинганларнинг ҳаммаси ҳам эмланмаяпти.

Қирғизистонда икки кун ичида чўчқа гриппига чалинган 11 одам аниқланди ва касалхонага ётқизилди. Беморларнинг барчаси Россиядан Қирғизистонга қайтган меҳнат муҳожирларидир.

Қирғизистон Давлат эпидемиологик назорати раҳбари Зуриддин Нурматовнинг маълум қилишича, бугунги кунда мамлакатда чўчқа гриппи билан касалланганлар сони 15 кишига етган.

- Қирғизистонда чўчқа гриппига 15 киши чалинганини лабаратория натижалари кўрсатиб турибди. Уларнинг 7 нафари Москва-Бишкек поездида, икки нафари Новосибирс-Новокузнецк-Бишкек поездида Россиядан ватанига қайттган меҳнат муҳожирларидир. Шунингдек, Алматидан қайтган бир ватандошимизда ҳам чўчқа гриппи аниқланган. Август-октябр ойларида эса 4 кишини чўчқа гриппидан даволаган эдик, деди Зуриддин Нурматов.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, ҳозирча Қирғизистонда чўчқа гриппидан вафот этганлар қайд этилмаган. Бу вирусга чалиниб касалхонага ётқизилганларнинг ҳам аҳволи яхши.

Бишкеклик шифокорлар Қирғизистонда чўчқа гриппига қарши бор-йўғи 8 минг одамни эмлаш учун етадиган дори-дармон мавжудлигини айтадилар. Агар мамлакатда чўчқа гриппи эпидемияси қайд этилса, бу миқдордаги дори-дармон денгиздан бир томчи бўлади, ҳолос. Шунинг учун ҳам чўчқа гриппига чалиниб, касалхонага ётқизилганларнинг ҳаммаси ҳам эмланмаяпти.

- Етти бемордан фақат бир нафаринигина эмладик, чунки унинг аҳволи жуда оғир эмас эди.

Аҳволи ўта оғир бўлган беморлар чўчқа гриппига қарши вакцина билан эмланмайди.

Аҳволи енгил бўлган беморлар “Антигриппин” ва суюқликни кўп ичириш йўли билан даволанади. Улар беш кун қимирламай ётишса, организмнинг ўзи чўчқа гриппига қарши иммунитет ҳосил қилади, деди республика Юқумли касалликлар шифохонаси бош врачи Норинбек Айткулиев.

Қирғизистон Бош санитар врачи Собиржон Абдукеримовнинг айтишича, чўчқа гриппи бугунги кунда мамлакатга таҳдид қилаётган энг хавфли касалликдир. Чунки куз келиши билан Россиядан меҳнат мигрантлари Қирғизистонга қайта бошладилар.

- Россиядан Бишкекка келган иккита поезд йўловчилари орасидан 11 кишининг чўчқа гриппига чалингани аниқлангани эса муаммонинг бошланиши, холос, дейди республика Бош санитар врачи.

Собиржон Абдукеримов Қирғизистон ҳукумати эпидемиянинг олдини олиш мақсадида халқаро ташкилотлар билан мамлакатга дори-дармон етказиб бериш ҳусусида музокаралар олиб бораётганини айтди.

Шунингдек, яқин кунларда Қирғизистонга чўчқа гриппига қарши эмланадиган яна 30 мингта вакцина келтирилади.

- Биз Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ёрдам бераётган саккиз давлатдан бири ҳисобланамиз. Бу ташкилот яқин кунларда чўчқа гриппига қарши профилактика ишларини олиб бориш учун бизга махсус ваксиналар жўнатади. Бу ваксиналар ноябр-декабр ойларида бизга етиб келади, деди Собиржон Абдукеримов.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тарқатган маълумотда айтилишича, кейинги икки йилда дунё бўйлаб 2 миллиардга яқин киши чўчқа гриппига чалиниши мумкин. Шу сабабли ҳам бугунги кунда барча ривожланган давлатларда чўчқа гриппи билан касалланишнинг олдини оладиган вакциналар ишлаб чиқариш юзасидан тажрибалар ўтказилишига кенг имкониятлар яратиб берилмоқда.
XS
SM
MD
LG