Линклар

Ўзбекистон Тожикистонни чироқсиз қолдирди

  • Гулнора Равшан

Тожик расмийлари мамлакатда юзага келган энергетик бўҳронда Ўзбекистонни айбламоқдалар.

Тожик расмийлари мамлакатда юзага келган энергетик бўҳронда Ўзбекистонни айбламоқдалар.

Расмий Тошкент огоҳлантиришсиз ўз ҳудудидан ўтадиган электр тармоқларининг жанубий йўналишини Марказий Осиё ягона тармоғидан узиб қўйгани боис Тожикистонда яна бир энергетик бўҳрон юзага чиқди.

Шу кеча-кундузда фақат Душанбе шаҳар аҳолисигина узлуксиз тарзда электр энергияси билан таъминланиб турибди.

Тожикистондаги қолган барча вилоят, туман ва қишлоқлар аҳолиси бир ҳафтадирки электр таъминотисиз қолган. Республикадаги айрим чекка қишлоқлар аҳолиси эса сентябр ойидан буён зулматда қолганидан шикоят қилишмоқда.

- Бир ой бўлдики, свет умуман йўқ, ўтин йўқ. Газ масаласи ҳам роса қийин. Газ балонларга катта навбатда туришибди, одамлар. Кичик балон 60 сомоний (13 доллар- таҳририят), катта балон 100 сомоний (23 доллар –таҳририят). Ҳозир кўп одамда газ заправка қилиш учун пул йўқ, кризис, дея зорланади ўзини Олмахон деб таништирган суҳбатдошимиз.

Республиканинг деярли барча ҳудудларида электр таъминотининг узиб қўйилганини “Барқи тожик” очиқ ҳиссадорлик ширкати масъуллари тасдиқламай келарди.

5 ноябр куни Озодлик саволларига жавоб берган ”Барқи тожик” расмийси ҳақиқатдан ҳам республика миқёсида электр таъминоти узилганини тан олди.

- Ҳозирча фақат ички заҳиралардан фойдаланаяпмиз. Ташқаридан мутлоқо электр экспорт қилинмаяпти. Қиш мавсумида бутунлай электр қувватисиз қолмаслигимиз учун ҳозирдан электрни тежашимиз зарур. Шу сабабли республика чекка ҳудудларида электр таъминоти узиб қўйилмоқда, деди “Барқи тожик” ширкати матбуот котиби Нозиржон Ёдгорий.

“Барқи тожик”масъулининг билдиришича, айни кунларда республикада бир кеча кундузда 38 - 40 миллион киловат соат электр қуввати ишлаб чиқарилмоқда.

Соҳа бўйича мустақил таҳлилчиларга кўра, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,5 миллион киловат соатга кўпроқ бўлиб, куз ва қиш мавсумида бемалол аҳоли эҳтиёжини қондириши мумкин.

Қишлоқ аёли Олмахон эса ҳукумат мулозимларининг электр етишмаётганига оид гапларини бир баҳона, дея мулоҳаза билдиради.

- У ҳаммаси баҳона, баҳона ҳаммаси. Ҳамма нарсанинг иложи бор. Мумкин, электр энергиясини сотаётгандир, бошқа мамлакатларга. Ҳозир ҳукумат одамларининг ҳам нафси ёмон бўлиб кетган, ўзининг манфаатини ўйлаб, халқни азобга қўймоқда, дейди Олмахон.

Бошқа бир суҳбатдошимиз, шаҳритуслик Меҳринисо эса маҳаллий ҳукумат мулозимлари уйма-уй юриб, президент Имомали Раҳмоннинг кам харажат лампочкаларга доир фармонини тарғиб қилаётгани, аҳоли уйларида янги лампочкалар ўрнатсагина электр берила бошлашини уқтиришаётганини айтади.

Аммо Меҳринисога кўра, электрни тежайдиган лампочкалар аввалги лампочкаларга нисбатан уч баравар қиммат бўлгани учун уни ҳамма ҳам сотиб оломайди.

- Камхарж лампочка қўйинглар, кейин бирдан свет берамиз деяпти, кўпчиликнинг иложи йўқ, уни қўйишга, қишлоқда барибир, дейди Меҳринисо.

Меҳринисога кўра, собиқ оддий лампочкалар бозорларда 34 центдан сотилар эди. Хитойда ишланган кам харажат лампочкалар эса 1 доллар 15 центдан экан.

Бироқ Тожикистон Энергетика ва саноат вазирининг ўринбосари Пўлот Муҳиддинов жойларда шундай тадбир ўтказилаётганидан хабарсизлигини билдирди.

- Республиканинг барча ҳудудларида камхарж лампочкалар ўрнатилмагунча аҳолига электр берилмаслигига доир гап-сўзлардан хабаримиз йўқ. Биз бундай топшириқ берганимиз йўқ. Бу бўлмаган гап, деди вазир ўринбосари.

Энергетика ва саноат вазири ўринбосарининг билдиришича, айни пайтда аҳолига маълум режа асосида электр берилиши ҳақида ҳукумат қарори имзоланмаган.

Расмий мамлакатнинг аксарият қишлоқларида электр таъминоти узиб қўйилганининг бошқа сабаблари мавжудлигини маълум қилди.

- Ўзбекистон томони ўз электр тармоқларида таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани баҳонасида электр узатиш жанубий линияларини Марказий Осиё ягона тармоғидан узиб қўйди. Жорий ҳафта бошида ҳукумат вакилларидан иборат махсус ишчи гуруҳ бу масалаларни яқиндан ўрганиш мақсадида Тошкентга жўнаб кетган эди, деди вазир ўринбосари.

Муҳиддиновнинг билдиришича, Тожикистон электр энергияси учун Ўзбекистондан қарздор эмас. Аксинча, Ўзбекистон “Барқи тожик ширкатидан бир миллион доллар қарздор бўлиб қолганлигини билдирди, Энергетика вазири ўринбосари.

Аснода “Барқи тожик” очиқ ҳиссадорлик ширкатидан олинган маълумотларга кўра, республикани энергетика инқирозидан қутқариш мақсадида ҳукумат делегацияси Қозоғистонга жўнаб кетган.
XS
SM
MD
LG