Линклар

GM ҳамкорларини чув туширди


Германия шаҳарларидаги Opel заводининг 10 мингга яқин ходими GM ширкати ҳаракатларига қарши норозилик акцияси уюштирди.

Германия шаҳарларидаги Opel заводининг 10 мингга яқин ходими GM ширкати ҳаракатларига қарши норозилик акцияси уюштирди.

АҚШ даги энг йирик General Motors автоширкатининг Германиядаги Opel корхонасини Магна концорциумига сотмаслик тўғрисидаги қарори Вашингтоннинг Берлин ва Москва ўртасидаги алоқаларига соя солмоқда.

Бир неча ой давомида Германиядаги заводни сотиш борасида Магна концорциуми билан музокаралар олиб борган GM ширкати 4 ноябр куни Opelни сотмасликка қарор қилганини билдирди.

Бу қарорнинг эълон қилиниши эса¸ Германия канцлери Ангела Меркел Вашингтон сафарини ниҳоясига етказаётган бир пайтга тўғри келди.

Тўрт ой муқаддам General Motors ширкати АҚШ ҳукумати сайъ- ҳаракатлари туфайли деярли синишдан омон қолган эди.Ширкатнинг Opelни сотиши кўзланган Канада ва Австрия иштирокидаги Магна концорциумига Россиянинг “Сбербанк”и ҳам аъзо бўлган.

Агар Ангела Меркелнинг Opelни Магна-Сбербанкка сотиш келишувини тузиш учун жуда катта сиёсий куч сарфлагани инобатга олинса, GM қарорининг Берлин раҳбари учун оғир зарба эканини англаш мумкин.

Ўзи билан АҚШга сафар қилган журналистларга интервью берган Ангела Меркел президент Барак Обама билан 2 ноябр куни Оқ уйда бўлиб ўтган учрашув чоғида GM қарори ҳақда сўз бўлмаганини айтди.

-Агар президент бу ҳақда била туриб, менга айтмаган бўлса, бу нарса ўзаро алоқаларимизга таъсир этмай қолмайди, дея қўшимча қилди Германия канцлери.

GM ширкатининг 12 кишидан иборат бошқарув кенгаши ўз қарорини айнан 2 ноябр куни эълон қилган эди.

АҚШ ширкати Opel масаласида Магна гуруҳи билан қарийб етти ой давомида музокаралар олиб борди. Шу давр мобайнида Меркел ҳукумати Opelни сақлаб қолиш мақсадида қарийиб 2.2 миллард доллар сарфлади ва келажакда Магна гуруҳига бир неча миллиард долларлик ёрдам кўрсатишга ваъда берган эди.

Германия Иқтисод вазири Рейнер Брюдерле эндиликда ҳукумат сарфлаган пулларини GMдан қайтариб олишни истаётганини билдирди.

- Биз солиқ тўловчилар пулларини қайтариб оламиз ва солиқ тўловчилар бундай қилишга ҳақлидирлар,деди Германия Иқтисод вазири.

Москвада эса Россия Бош вазири Владимир Путин АҚШ ширкати қарорини бошқа ҳамкорларни менсимаслик дея баҳолади.

-Сўнгги босқичда келишувни имзолашдан бош тортиш қарори бизнинг манфаатларимизга путур етказмайди. Бироқ бу қарор америкалик ишбилармонларнинг ўз ҳамкорларига бўлган "ўзига хос" муносабатда бўлиш маданиятини намойиш қилди,деди Владимир Путин.

Россия Бош вазири, шунингдек, ўз ҳукумати бундан сабоқ олишини айтар экан, GM ширкатининг мамлакатда амалга ошираётган лойиҳаларини қўллаб-қувватлашда давом этишини маълум қилди.

GMнинг Chevrolet русумдаги машинаси Россияда энг кўп сотиладиган автомобиллар рўйхатидан ўрин олган.

5 ноябр куни эса General Motors ширкати Германиядаги Opel корхоналаридан 10 мингдан зиёд ходимни ишдан бўшатиш режасини расман тасдиқлади.

Германиянинг тўртта шаҳрида Opel заводлари фаолият юритади ва уларда сўнги ҳисоб китобларга кўра, 50 мингдан зиёд ходим ишлайди.

Айни пайтда Германия шаҳарларидаги Opel заводининг 10 мингга яқин ходими GM ширкати ҳаракатларига қарши норозилик акцияси уюштирди.

Касаба уюшмаси раҳбари Клаус Франц ўз навбатида норозилик акцияларининг Opelнинг Европада жойлашган бошқа корхоналарида ҳам ўтказилиши мумкинлигини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG