Линклар

logo-print

1427 километрлик "откат"

  • Ҳасанжон

Мутахассисларнинг таъкидлашича¸ йўл қурилиши Ўзбекистонда энг коррупциялашган соҳа саналади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича¸ йўл қурилиши Ўзбекистонда энг коррупциялашган соҳа саналади.

Ўзбекистонда 2 миллиард 600 миллион долларлик магистрал йўли қурилиши бошланиш арафасида. Мустақил муҳандислар¸ бу қурилишнинг катта миқдордаги пул ювиш амалиëти бўлажагини тахмин қилмоқда.

Жорий йил апрелида Ўзбекистон президенти мамлакат шимолидан жунубига қадар замон талабларига жавоб берадиган катта автомобил йўли барпо этиш ҳақидаги лойиҳани тасдиқлаган эди. Шу ҳафтада Ислом Каримов мазкур автомобил йўли бўйлаб 500 миллион долларлик инфратузилма яратиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади.

Ўзбекистон шимолини жануб билан боғлайдиган катта автомобил йўли қуриш лойиҳасини амалга ошириш учун Республика йўл жамғармаси давлат ҳисобидан 1 миллиард 680 миллион доллар ажратади.

Бундан ташқари 2009–2014 йилларга мўлжалланган йўл қурилиши лойиҳаси учун Осиё тараққиёт банки, Хитой ва бошқа халқаро молиявий ташкилотлар маблағ беради, деб ёзди бир қатор ахборот агентликлари Ўзбекистон ҳукуматидаги манбадан олинган маълумотларга таяниб.

Ўзбекистон шимолидан жанубга қадар чўзилган 1427 километрлик автомобил йўлини қайта қуриш ва таъмирлаш лойиҳасида 18та катта, 600та ўрта ва кичик ҳажмдаги кўприк, 180та ёнилғи қуйиш шаҳобчаси, автомобил инфратузилмаси билан боғлиқ бошқа объектлар қуриш режаланган.

Бироқ айрим кузатувчилар йўл қурилиши лойиҳасини амалга оширишда ширкатлар ва амалдорлар давлат маблағини ўғирлаши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.

Мустақил кузатувчи Тошпўлат Йўлдошевга кўра, бошқа соҳалар сингари йўл қурилиши соҳасида ҳам шартномалар пора ҳисобига имзоланади

- Буни амалга оширувчи ташкилотлар¸ асосан¸ ҳукуматга яқин бўлган қурилиш ташкилотлари бўлади. Қанчаки катта ташкилот бўладиган бўлса¸ демак унинг тепасида шунчалик катта амалдор бўлади. Контракт тузилган пайтда¸ Ўзбекистонда ҳозир одатий шароитга айланиб қолган нарса бор¸ 20 фоиз атрофида откад¸ яъни қайтим дейди. Мана шу контрактни олгандан кейин откадни нақд пулда иш берувчига қайтиб беришади. Қурилишларга ëки бу контрактларга умуман ҳукумат амалдорлари билан коррупцион боғлиқ бўлмаган¸ ҳалол ишлайдиган тадбикорлар умуман яқинлашиши ҳам мумкин эмас. Унақаларнинг илдизини қирқиб қўйишган. Қилинадиган иш ҳажмига қараб маблағ берилади. Агар контракт олиши билан 20 фоизини тепадаги раҳбарларга етказиб берадиган бўлса¸ демак¸ у қаердандир ўғирлик қилиб берган пулини қайтариб олиши керак¸ фойдага эга бўлиши керак. Бу қурилаëтган иншоотларнинг сифати пастлигидан далолат беради¸ дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Ўзбекистонлик муҳандис Шавкат Бадалов ҳам йўл қурилишида давлат маблағлари ўзлаштирилади¸ деган фикрда. Бадалов буни аввало коррупция, қолаверса, йўл ширкатлари амалга оширган ишларни назорат қиладиган жамоат ташкилотларининг йўқлиги билан изоҳлайди.

- Масалан¸ “Бунча километр квадрат¸ бунча қалинликда асфалт ëтқиздик. Йўллар қурдик” деб қоғозда отчëтларни бераверади. Банкдан пул олинаверади. Амалда олинган пулларнинг расходи қоғозда кўрсатилганидан камида уч-тўрт баробар кам бўлади. Бу нарсани текширишга ваколати бор одамнинг ўзи йўқ. Бирор-бир участканинг текширилганлиги ҳақидаги ҳужжатларни¸ банкдан олинган пулларни текширишга¸ масалан¸ менинг қурбим етадими? Ҳеч ким менга текширишга йўл бермайди. Шу нарсани текширишга ваколати бор бўлган органлар ҳам буни текшириб тагига ета олмайди. Бу пул ювишнинг энг осон йўли. Давлатни ўзлаштиришда бу. Давлат пулини ўзлаштириш нафақат йўл қурилишида¸ балки ҳамма соҳада бор. Тепадагилар шунга имконият беради¸ шунга яраша "доля"сини олади. Шу йўл билан ҳаром пуллар биратўла ювилиб¸ тозаланиб чўнтакка келиб тушаверади. Кавлаштириб тагига етиш учун авваллари Народный контрол деган нарсалар бўларди. Ҳозир шу йўқку. Народный контрол текшириб¸ бунинг тагига етиб чиқарди. Ҳозир йўқку бу нарса¸ дейди Шавкат Бадалов.

Шу ўринда "Ўзбекистонда коррупция кенг тарқалган экан¸ вазиятни ўнглаш учун қандай чоралар кўриш керак", деган савол туғилади.

Шавкат Бадалов Ўзбекистонда коррупцияга барҳам бериш учун давлат идораларидаги барча амалдорларни алмаштириш керак, деган фикрда.

- Ҳеч нарса қилолмайсиз. Юқоридаги аппаратларнинг ҳаммасини алмаштириш керак.¸ дейди мустақил кузатувчи Шавкат Бадалов.

Тошпўлат Йўлдошев эса Ўзбекистонда коррупция билан боғлиқ вазиятни яхшилаш учун аввало матбуот эркинлигини таъминлаш керак деган фикрда.

- Вазиятни ўнглаш учун¸ биринчи навбатда¸ сўз эркинлиги бўлиши керак. Жамоатчиликнинг чўнтагидан чиқаëтган бўлганидан кейин мамлакатга келадиган пулни сарфлайдиган бўлса¸ фақатгина жамоатчилик буни назорат қилиши мумкин. Назоратчиларнинг кўз-қулоғи дегани бу матбуот¸ журналистлар бўлиши керак. Сўз эркинлиги берилиши биланоқ коррупция тахминан 50 фоизга камаяди¸ дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Ўзбекистон ҳукуматидаги манбага асосланиб Регнум ахборот агентлигининг билдиришича, Ислом Каримов ўтган ҳафта имзолаган 500 миллион долларлик инфратузилма яратиш ҳақидаги лойиҳа доирасида 2010–2015 йилларда катта йўл ёқасида 23 та кемпинг, 28 та мотел, 75 та ёқилғи ва газ қуйиш шаҳобчаси, 73 та техник хизмат кўрсатиш ва 47 та тиббий хизмат кўрсатиш станциялари қурилиши назарда тутилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG