Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:49

Базадаги отишмада 12 аскар ўлдирилди


АҚШ президенти Барак Обама отишмаларни "Зўравонликнинг даҳшатли кўриниши", деб баҳолади.
АҚШ президенти Барак Обама отишмаларни "Зўравонликнинг даҳшатли кўриниши", деб баҳолади.

Пайшанба куни Техас штатидаги АҚШ армияси базасида ҳарбий хизматчининг ўт очиши оқибатида 12 киши ҳалок бўлиб, 31 киши жароҳатланди.

Расмийлар ўт очган шахс ўлдирилгани ва ҳужумга алоқадор яна икки киши ҳибсга олинганини айтмоқда. Уларнинг уччаласи ҳам АҚШ армияси аскарлари экани хабар қилинаяпти.

АҚШ президенти Барак Обама Ички ишлар вазирлигида фожеа хусусида чиқиш қилар экан, рўй берган воқеани “зўравонликнинг даҳшатли кўриниши”, дея атади.

- Техасдаги Форт Ҳуд ҳарбий базасида фожеали отишма рўй берди. Ҳозирча барча тафсилотларни билмаймиз, уларни олишимиз биланоқ эълон қиламиз. Ҳозирча билганимиз, бу зўравонликнинг дашҳатли кўриниши оқибатида кўплаб Америка аскарлари ҳалок бўлди ва ундан-да кўпроғи жароҳатланди, деди Обама.

Обама Оқ уй маъмурияти Пентагон, Федерал қидирув бюроси ва Ички ишлар департаменти билан биргаликда Форт Ҳуд базасида хавфсизликни ўрнатиш устида иш олиб бораётгани айтиб, ҳарбий база ҳамда унинг яқинидаги шаҳарга ёрдам бериш учун “федерал ҳукумат ихтиёридаги барча воситалар ишга солинади”, дея таъкидлади.

- Америкаликларнинг хориждаги жангларда ҳалок бўлаётгани ҳақидаги хабарларни эшитиш анча мушкулдир. Лекин уларнинг Америка ҳудудидаги армия базасида отишма қурбонлари бўлиши ундан-да даҳшатлироқдир, -деди Обама.

Форт Ҳуд базасида ўтказилган матбуот анжуманида чиқиш қилган генерал-майор Боб Коун отишма маҳаллий вақт билан 13:30 да бошланганини маълум қилди. Унинг айтишича, қурбонларнинг ҳаммаси отишма пайтида “Аскарларни баҳолаш ва тайёргарлигини текшириш маркази”, деб номланувчи идора биносида бўлган. Бу марказ хориждаги базаларга юборилаётган аксарларни тиббий кўрикдан ўтказиш билан шуғулланади.

Генерал Коуннинг айтишича отишмани уюштирганларнинг асосийси иккита тўппончадан ўт очган.

Ҳуқуқ тартибот органларининг исми сир тутилишини истаган расмийси “Ассошиэйтед Пресс”га отиб ўлдирилган ҳужумчининг шахсини ошкор қилиб, унинг Малик Надал Ҳасан исмли майор бўлганини маълум қилди. “Ассошиэйтед Пресс”га кўра, Ҳасан армияда психолог бўлиб ишлаган.

Техаслик АҚШ сенатори Кэй Бэйли Ҳатчисон Fox News ва MSNBC каналлари билан суҳбатда, Ҳасаннинг яқин кунларда Ироққа юборилиши кутилгани ва у бундан тушкунликка тушгани ҳақида маълум қилди.

Отишмадан кейин Форт Ҳуд базаси қуршаб олиниб, жароҳатланганлар маҳаллий касалхоналарга олиб борилди.

Техасдаги армия базаси Қўшма Штатлар ҳудудидаги энг йирик база бўлиб, унинг майдони 878 квадрат километрдан иборатдир. Форт Ҳудда доимий равишда 50 мингдан ортиқ қўшин жойлашган.

Техас губернатори Рик Перри ҳалок бўлганлар хотирасига штат ҳудудидаги барча байроқларни тушириб қўйишни буюрди.

XS
SM
MD
LG