Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:55

Ойлик кўпайди! Нима ўзгарди?


Олимларнинг айтишларича, ойликнинг кўпайтирилгани профессорларни талабалардан бўлган моддий қарамликдан қутқара олмайди.
Олимларнинг айтишларича, ойликнинг кўпайтирилгани профессорларни талабалардан бўлган моддий қарамликдан қутқара олмайди.

Жорий йилнинг 26 октябридан бошлаб давлат бюджети ҳисобидан ҳақ олувчи ўзбек профессорларининг ойлик маошлари оширилди. Бироқ илм кишиларининг кўпчилиги бундан мамнун эмас.

Эндиликда институт директори (профессор)га - 520 038 сўм ойлик маоши белгиланди. Директор ўринбосарлари: профессор - 477 899 сўм, фан доктори - 460 920 сўм, фан номзоди - 440 299 сўм маош оладиган бўлди.

Тарих фанлари доктори, профессор Файзулла Исҳоқов оширилган ойлик маоши ҳам Ўзбекистон шароитида нормал яшашга камлик қилишини айтади.

- Учта-тўртта боласи бор профессорга 500-600 минг сўм камлик қилади. Кийимига етказадими¸ овқатига етказадими. Ҳеч бўлмаса 800-900 минг қилиб қўйса¸ ўшанда “Бемалол яшаса бўлади. Эртанги кунимиз таъминланган”, деб қатъий айтиш мумкин бўлади, - дейди Файзулла Исҳоқов.

Филология фанлари номзоди Бахтиёр Исабековга кўра, илм билан шуғулланувчи шахсларга бугунги кунда белгиланган ойлик маошлари етмайди.

- Илмий оилада 200 долларга ҳозир Ўзбекистонда оила тебратиш оғир бўлиб қолди. Чунки ҳозир илмий ишларни, дейлик, нашр қилдиришдан тортиб ҳаммаси ўзининг ҳисобига бўлади. Бу нарсалар университетда ишлаб юриб¸ илмий иш олиб боришни қийинлаштиради, - дейди Бахтиёр Исабеков.

Файзулла Исҳоқов ойлик маошлари оширилиши ҳисобига ўзбек профессорлари зиммасига янада кўпроқ иш юклатилишидан нолийди.

- Ойлик ошган билан йиллик нагрузкасини ҳам оширади-да. Совет вақтида доцентларнинг бир йиллик дарс соати, ҳаммаси бўлиб, 600 соат эди. Бунинг ичида консултация бор¸ семинар бор¸ бошқалар бор. Профессорларники 500 соат эди. Ойлик ўша нагрузка билан белгиланар эди.

Ҳозир ойликни оширди дегунча, йиллик бажарадиган соатини ҳам оширади. Ҳозир домлаларнинг кўпчилиги 1000 соат бажаради бир йилда. Бу деярли икки баробар кўп. Ойлик ошиши эвазига ўзбек домлаларига нисбатан талаб ва маъсулиятни ҳам оширишади. Ëзув-чизуви кўпаяди. Чунки Европадаги ўқитиш технологияларини булар ўзича бу ерда тадбиқ этаëтган бўлаяпти.

“Интерактивний обучение” дейилади¸ “дистанционний обучение” дейилади. Кейин ўқув программасида албатта Каримовнинг асарларини акс эттириши керак. Буларнинг ҳаммаси бизда жуда мафкуралашиб кетган. Айниқса¸ ижтимоий гуманитар фанларда ростни гапириш жуда қийин-ку.

Озодлик: Домлаларга осон эмас экан-да?

- Йўқ¸ домлаларга қийин. Студентларнинг ақли борлари домла ëлғон гапираëтганини тушунади. Домланинг бошқа имконияти йўқ. Ростни гапирадиган бўлса¸ дарров думини тугишадию, - дейди Файзулла Исҳоқов.

Суҳбатдошларимиз фикрича, бугунги ўзбек профессорлари совет давридаги илм кишиларига солиштирганда моддий жиҳатдан қониқарли яшамаяптилар.

Шу ўринда геология - минералогия фанлари номзоди Анвар Тўрахўжаев
бугунги фан одамлари эга бўлган ягона имтиёзни тилга олади:

- Масалан, фан доктори¸ профессорларнинг бир йилда бир марта оиласи билан дам олиш имконияти бор. Бугунги кундаги имтиëзлари шу, - дейди Анвар Тўрахўжаев.

Бахтиёр Исабеков ўзбек домлаларининг бошқаларга нисбатан эга бўлган яна бир имкониятига тўхталади.

- Ҳозирги пайтда домлада мақтанса бўладигани бир нарса бор: у ҳам пора олиш имконияти¸ пораларга совет замонидагидек тўсиқ йўқлиги. Бизнинг жамиятда пора олмайдиган соҳанинг ўзи қолмади. Ўз - ўзидан домлалар ҳам бу жамиятдан ташқарида яшамайди. Ўзбек жамияти тўлиқ порага қурилди, -дейди Бахтиёр Исабеков.

Аксар ҳолларда ўзбек домлаларининг пора олишига иқтисодий муаммолари сабаб экани кўрсатилади. Айни муаммо боис бугунги кунда кўплаб илм кишилари илмдан кечиб, мардикорликни танлаганлари ҳам ҳеч кимга сир эмас. Ёки кўплаб илмли ўзбек олимлари қўшни мамлакатларга кетиб, иш фаолиятларини давом эттираётганлари маълум.

Маълумотларга кўра, биргина Жанубий Қозоғистонда ўндан зиёд ўзбекистонлик профессор ишлайди.

Жорий йилнинг 26 октябридан оширилган ойлик маошлари эса барча ўзбек профессорларига ҳам насиб қилмайди. Бу бюджет маблағлари ҳисобига фундаментал, амалий тадқиқотлар ва инновацион дастурларда қатнашувчи илимй ва раҳбар ходимларгагина таалуқли.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда фан соҳасида 46000 киши фаолият юритади.
XS
SM
MD
LG