Линклар

logo-print

Эркинлик яхши-да! Мутлақ эркинлик янаям яхши. Мутлақ эркин одам қоида-поидаларга қарамайди.

Мутлақ эркинлик, айниқса, қўлида қалам (мел, кўмир парчаси, ручка, клавиатура ва ҳоказолар) бор одамни яхши кўради: бундай одам ҳар куни Эркинликка Ёдгорлик қўяди.

Ёзғучи эркин одам учун имло интизоми – эскилик сарқити.

У "Имло луғати"ни бугунги демократлар кечагина столининг тўрида турган "Лениннома"ни ёққан гулханга улоқтириб ташлаган.

Ким нимани қандай хоҳласа, шундай ёзади – ҳеч ким ҳеч кимга хўжайин эмас!

"Жамиятда 2008 йилнинг иккинчи ярим йиллигида 30 нафар касаначиларга 7650000 сўм иш ҳақи ҳисобланган бўлиб..."

Бу жумлани Ўзбекистоннинг расмий идораларидан бирининг сайтида ўқиб қолдим.

Эътиборингизни жумладаги "касаначиларга 7650000 сўм иш ҳақи ҳисобланган бўлиб..."га қаратиб, чалғиманг.

"Ҳисобланган бўлиб"– русча "начислено"нинг таржимаси-да, денг-да, "30 нафар касаначиларга" диққат қилинг.

Диққат қилинг-у шундай ёзилар экан-да, деб қўя қолинг.

Имло қоидаларини эслашга шошилманг. 2 ва ундан катта рақамлардан кейин келадиган отларга "лар" қўшимчаси қўшилмайди, бинобарин "30 нафар касаначи" бўлади, деб танбеҳ бера кўрманг: эркин одамни хафа қилиб қўйишингиз мумкин.

"30 та касаначи" деб ёзмаганига шукур қилинг.

Мутлақ эркинлик мутлақ мустақил сайтларда янаям мутлақроқ эканлигини сезишингиз мумкин.

Улардан бирида "Кааба Ер қурасининг марказидир", деган сарлавҳага кўзим тушди.

Агар жуғрофияни "5"га ўқиган бўлмасангиз, баҳсга киришиб ўтирманг.

"Кааба" эмас, Каъба, "қура" эмас, курра, деб ҳам баҳслашиб ўтирманг: ёзғучининг эркинлигига тажовуз қилган бўласиз. Қолаверса, яхши-ку, тилимиз бойияпти!

Ёки Сиз тил қашшоқлиги тарафдоримисиз?

Ёзғучиларнинг мутлақ эркинлиги юмшоқ тилимизни янаям юмшатиб бораяпти.

Одатда "радикал" сўзини эски режим ўзбеклари юмшатиш (ь) белгисисиз ёзарди.

Мутлақ эркин янги ўзбеклар "радикаль" деб ёза бошлабди. Тўғри қилишибди: дуч келган эринмаган кал сўкаверади радикалларни! Ахир улар ҳам одам! Улар "кал" эмас, "каль – радикаль".

Мутлақ эркин ёзғучилар туфайли тилимиз бойияпти, дедик. Улар алфавитимизни ҳам бойитаяпти. "Радикаль"ни учратганимиз сайтда (албатта, ўзбекча сайтда) "Мария Кислицына" деб тўғри, рус тили қоидаларига мос ёзилган фамилияни учратдик.

Тўғри қилишибди ёзғучилар: Кислицина хоним, йўғе, Кислицына хоним хафа бўлиб қолмаслиги керак. Қолаверса, алфавитимизга битта янги ҳарф қўшилиб қолса ёмонми?

Умуман, мутлақ эркинлик - мутлақ беназир неъмат! У нафақат имло қоидаларига риоя қилмаслик ҳуқуқини беради, балки ёзғучилар учун савол тузиш имкониятларини беқиёс кенгайтириб юборади.

Мана сайтлардан бирида кўзимиз тушган саволлардан бири: "Сизнинг назарингизда ислом душманлари нега ислом динига қарши курашмоқда?"

Бу саволга жавоб бергувчи ҳам "Чунки улар - Ислом душманлари!" деб гапни қисқа қилмаган. Жавобни чўзи-иб берган.

Чунки жавоб бергувчи ҳам сўрагувчининг мутлақ эркинлигини ҳурмат қилади-да!

Мутлақ эркин ўзбеклар эркинлигининг мутлақлиги кейинги йилларда, айниқса, талаффуз эркинлигида яққол сезилаяпти. Хоразмлик хоразмча, наманганлик наманганча, тошкентлик тошкентча гапиравераяпти радио-телеэфирларда, кинофильмларда.

Тўғри-да, ахир, "Ватан остонангдан бошланади", деб ўгит беришади-ку!

Шева бадиий адабиётга кўчганига ҳам анча бўлиб қолди.

Мана, Холдор Вулқоннинг Мизхаппари ёзган хатлардан бир парча ўқинг:

"Келажаги бюк дуглатимизда димқирятия музлари кўчяптию нимага Сайтмрат акамларам гала - гала бўп учип келишмаяптикин? деп хойран бўляппан. Димкқирятиядан унумлик пейдаланип Мамадиёр Чапайип сайлўв ўкиригидан мухалипат партяси вакили бўп палламент дептотлигига ўз номзотини қўйди".

Қалай, ёқадими?

Шахсан, менга жуда ёқади. Ҳазил-пазил, кесатиқ-месатиқсиз айтаяпман.

Қолдирмай ўқишга ҳаракат қиламан Мизхаппар аканинг мактубларини.

Чунки Мизхаппар аканинг эркинлиги мутлаққина эмас, мутлақ-мутлақ-мутлақ эркинликдир!

Чаласаводлиги билан у абсолют эркиндир! Шунинг учун ҳурмат қиламан Мизхаппар акани!

Қолганларники-чи?

Қолганларнинг чаласаводлиги ҳам чала кўринадур!

Бас, шундай экан, биродарлар, чаласавод бўлиш ҳуқуқини биратўла Мизхаппар акага бериб, ўзимиз сал-пал китоб-митоб, луғат-пуғат титиб турармиз ойда-йилда бир?

Эркинлигимизни бироз чеклармиз?

Ахир ўқувчига қийин бўлиб кетди-ю, барака топгурлар?!

Яна бир гап.

Аслида, эси бор одам, ҳамкасбларига бугун мен айтган гапларни айтмайди.

Мен, эртага ўзимдан ҳам хато ўтиб кетиши мумкин, демай айтдим.

Демак, мен эси йўқ одам бўлиб чиқаяпман.

Ўқийман, деган боласига баъзи оталар "ҳамма эсли бўпкетса, подани ким боқади", дегич эди.

Тўғри-да, ахир, подани ҳам, кимдир боқиши керак-ку!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG