Линклар

logo-print

Журналист оиласи автоҳалокат қурбони бўлди

  • Ҳурмат Бобожон

Эрининг спорт кийимидаги хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳибсга олинишини Барно Жуманова суратга олиб¸ Озодликка йўллаган эди.

Эрининг спорт кийимидаги хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳибсга олинишини Барно Жуманова суратга олиб¸ Озодликка йўллаган эди.

Навоийдаги қамоқхонада сақланаëтган турмуш ўртоғи¸ журналист ва ҳуқуқ фаоли Дилмурод Саййидни кўриш учун йўлга чиққан Барно Жуманова ва унинг 6 яшар қизчаси автоҳалокатга учраб¸ фожиа жойида ҳалок бўлди.

Бу фожеа ҳақдаги хабар тарқалиши билан¸ Дилмурод Саййиднинг Тошкентдаги уйига сим қоқдик. Аммо телефон гўшагини кўтарган эркак "Бошқа жойга тушдингиз!"¸ дея гўшакни даҳол илиб қўйди.

Шундан сўнг Дилмурод Саййиднинг адвокати Руҳиддин Комилов билан боғландик.

Руҳиддин Комилов: Кеча кечқурун соат 10.30 ларда Дилмурод Саййиднинг хотини Барно Жуманованинг отаси телефон қилиб¸ Сирдарë вилояти Оқ олтин туманида автоҳалокатга учраб¸ Барно Жуманова ва унинг қизи ўтганлиги тўғрисида маълумот берди. Ҳозирча бошқа ҳеч қанақа маълумот йўқ.

Озодлик: Барно Жуманова ҳам¸ унинг қизи ҳам ҳалок бўлганми?

Руҳиддин Комилов: Шунақа деди.

Озодлик: Улар қаерга кетаëтган бўлган?

Руҳиддин Комилов: Барно Жумановани душанба куни кўрганимда¸ “Дилмурод акангиз сўраяпти. Қизимни соғиндим¸ деб айтаяпти” деган эди. “Қизимни олиб бораман. Жазони ижро этиш муассасасига бориб келишим керак” деб қизи билан бирга йўлга чиққан эди. Шу бўйича душанба куни гаплашган эдик. “Пайшанба куни кетсам керак” деган эди. Пайшанба куни кетган чамаси раҳматли¸ мана шунақа бўлибди.

Озодлик: Дилмурод Саййид ҳозир Навоийдами?

Руҳиддин Комилов: Ҳа¸ Навоийдаги Қизилтепа колониясида.

Озодлик: Дилмурод Саййиднинг бошқа болалари бормиди?

Руҳиддин Комилов: Йўқ¸ битта эди ўзи.

Озодлик: Демак¸ бутун оиласи кетди.

Руҳиддин Комилов: Ҳа¸ шундай бўлди.

Озодлик: Бундан Дилмурод Саййиднинг хабари борми?

Руҳиддин Комилов: Қаердан хабари бўлиши мумкин? Хабари бўлиши ҳам мумкин эмасда. Гапнинг очиғи етказишмайдиямда.

Озодлик: Ўзи учрашишга рухсатнома бормиди?

Руҳиддин Комилов: Ҳа¸ бор эди. Рухсат борлигидан кетаëтган эди. Олдинги сафар бир-икки соатга учрашиб келган эди. Энди икки кунликками¸ деб кетаëтган эди.

Озодлик: Қандай юз берибди бу автоҳалокат?

- Гапнинг очиғи тафсилотлари ҳақида билмайман. “Ҳалокатга учради”¸ деди тамом. Бошқа ҳеч нарса дегани йўқ. “Қизи билан иккаласи ҳалокатга учрабди. Шунақа бўлиб қолди. Ўтиб қолди” деди¸ деди Озодлик билан суҳбатда Дилмурод Саййиднинг адвокати Руҳиддин Комилов.

Барно Жуманованинг отасига қилган қўнғироқларимиз¸ ҳозирча¸ жавобсиз қолди. Афтидан¸ бугун марҳумлар дафн этилгани боис¸ Барно Жуманова яқинларининг телефонга жавоб беришга фурсати йўқ.

Фарғона.ру агентлигининг ëзишича¸ Жуманованинг отаси ўз қизи ва набираси ўлимида бевосита ҳукуматни айбламаслиги¸ ҳалокатнинг ҳайдовчи тезликни оширгани оқибатида юзага чиққанини билдирган. Айтилишича¸ ҳалокатга учраган Нексия русумидаги машинада бошқа йўловчилар ҳам бўлган. Ҳозирча уларнинг тақдирига оид маълумот йўқ.

Дилмурод Саййид 2005 йилда “Адвокат” газетасида Ўзбекистондаги ижтимоий муаммолар хусусидаги “Йўқ ҳақидаги бадиҳа”си эълон қилинганидан сўнг, ишдан ҳайдалган, газета эса ёпиб қўйилган эди.

Кейинчалик у мустақил журналист сифатида фаолият кўрсатди ҳамда “Эзгулик” жамияти таркибида инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланди.

Дилмурод Саййид шу йилнинг 30 июл куни Самарқанд вилояти Тойлоқ туман суди ҳукмига кўра товламачиликда айбланиб, 12 йилу олти ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. 11 сентябрда бўлиб ўтган Самарқанд вилоят аппеляция суди эса бу ҳукмни ўз кучида қолдирди.

Дилмурод Саййиднинг ҳимоячиларига кўра, ҳуқуқ фаолига қўйилган айбловлар маҳкама жараёнида ўз исботини топмаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG