Линклар

Бу рукнда ҳафта давомида Ўзбекистонда кузатиладиган муҳим воқеалардан бири юзасидан туғилган бир саволга беш мутахассис ўз мулоҳазаларини билдиради. Айни пайтда бундай имкон¸ Сизга ҳам берилади.

Жорий ҳафта Ўзбекистон Олий Мажлисининг қуйи палатасида 2010 йилга мўлжалланган давлат бюджетига оид қонун лойиҳаси қабул қилинди. Янги бюджет тўғрисида оммавий ахборот воситаларида берилган хабарларда бюджетнинг на кирим ва на чиқим қисмига оид аниқ рақамлар келтирилди.

Демак¸ рукнимизнинг илк сони иштирокчиларга берилган савол:

Нега Ўзбекистон ҳукумати давлат бюджетига оид аниқ рақамларни ўз халқига ошкор қилмайди?



Ораз Жандосов: Қозоғистон собиқ Молия вазири¸ ҳозирда “Ракурс” иқтисодий таҳлил маркази директори.

Ораз Жандосов
Бу саволга жавоб беришдан аввал¸ "Бюджет ўзи нима?" деган саволни очиқлаб олсак.
Бюджет бу фуқароларнинг солиқ сифатида давлатга бераëтган пулининг ҳукумат томонидан харжланишидир. Шу боис¸ давлат бюджети солиқ тўловчилар учун сўнгги тийинига қадар очиқ бўлиши шарт. Аммо нега Ўзбекистон каби давлатларда ҳукуматнинг халққа унинг пулини қаерга ва нима учун сарфлаëтгани ҳақда ҳисоб бермаслигига келсак¸ бу тузум табиати авторитар бўлгани боис¸ ҳукумат халқда унинг пуллари¸ аниқроғи бюджетни қандай сарфлаëтгани борасида турли фикрлар туғилиши олдини олиш учун¸ у ҳақдаги рақамларни яшириб қўя қолади. Биласизми¸ бу каби режимлар кўпинча чучварани хом санашади. Улар ўзлари ва бошқаларни алдашда шу даражага етишадики¸ ҳатто яширишнинг кераги йўқ бўлган нарсаларни ҳам яширишга ўтишади. Мен давлат бюджетига оид рақамларни яширишнинг кўп ҳам иложи йўқ¸ деб ҳисоблайман. Айни пайтда¸ Ўзбекистонда бу ишни қисман уддалашаëтганини ҳам эътироф этаман.


Сапарбой Жубаев: Ўзбекистон Молия вазирлигининг собиқ амалдори¸ ҳозирда Олмаотадаги Евроосиё институтининг иқтисодиёт факультети декани.

Сапарбой Жубаев
Менинг тушунишимча¸ бу бизнинг раҳбаримизнинг фикри бўлган. Ҳар бир катта компаниянинг ўзининг маълумотлари бўларди. Ҳаммага кўз-кўз қилиш керак эмас, деган маънода. Лекин аниқ рақамлар бор. Бу цифраларни Молия вазирлиги¸ Олий мажлисдагилар¸ Иқтисодиëт вазирлиги – ҳаммаси билади.

Мустақилликка чиққан йилларимиз “Бюджет кўрсаткичлари ҳамма жойга эълон қилинавермасин” деган фикр туғилган. Кўз тегмасин дейдими ëки сир сақлаш мақсади борми¸ шундай масала бор. Аммо буни яшириб бўлмайди. Ўзбекистон бюджети ялпи ички маҳсулотнинг 22 фоизига тўғри келади. Ялпи ички маҳсулот 30 миллиард атрофида бўладиган бўлса¸ шунинг 22 фоизи 6-7 миллиард долларга тўғри келади.


Абдувоҳид Паттаев: Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати¸ Наманган машинасозлик заводининг собиқ директори.

Абдувоҳид Паттаев
Буни айтмаслигининг битта томони бўлиши мумкин. Агар аниқ рақамлар айтилса¸ масалан соғлиқни сақлашга сарфланадиган пул¸ халқнинг ижтимоий таъминотига сарфланадиган пуллар аниқ қилиб рақамларда айтилса¸ кейинги натижа эълон қилинганда шу рақамларга эришилмай қолиши мумкин. Ундай ҳолда “Нима учун шу рақамлар бажарилмади?” деган саволга жавоб бериш керак. Шу саволга жавоб беришдан қочиш учун ëки қийналмаслик учун рақамлар эълон қилмасдан қўя қолинади. Яхшими¸ ëмонми халқ ҳукуматнинг қандай ишлаëтганини кўриб туриши керак. Буни яшириш таг-тубдан нотўғри сиëсат. Сабаби¸ халқ агар олдидаги истиқлолни кўриб турса¸ бир йилдан кейин нима бўлади¸ икки йилдан нима бўлади кўриб турса¸ ҳукуматга нисбатан ишонч¸ ҳурмат ҳосил бўлади. Ҳукуматни қўллаб-қувватлайди ҳам. Қилинаëтган ишларнинг натижаси ëки олдиндан режалаштирилган нарсалар аниқ айтилмаса¸ халқда ҳам ишончсизлик пайдо бўлади. Ажабланарли жойи йўқ. Беш-олти йил олдин одамлар четга иш ахтариб чиқиб кетган бўлса¸ ҳозир оилалари билан чиқиб кетаяпти. Одамлар оиласини қолдиришни истамаяпти. Сабаби¸ одамларда эртанги кунга ишонч йўқ.


Худойберди Оразов: Туркманистон Марказий Банкининг собиқ раиси.

Худойберди Оразов
Бу савол жавоби ҳукумат ва халқ ўртасидаги муносабатлар табиатига бориб тақалади. Ўзбекистон ëки Туркманистон каби ҳокимият халқдан бутунлай ажраб қолган давлатларда ҳукумат халққа фойдали ишни эмас¸ балки ўзи билганини қилишни касб этган. Бу ҳукуматлар эса¸ халқ пулидан тўғри фойдаланишни билмайди ҳам¸ буни истамайди ҳам. Шу боис¸ бундай ҳокимият халқни оëғининг учида кўрсатади ва унга кирим-чиқим ҳақида ҳисоб беришни ўзига эп ҳам кўрмайди.

Бу ерда икки жиҳат бор. Биринчидан¸ ҳокимиятдагилар мамлакат ресурсларидан ақл билан фойдаланишни билмайдилар. Улар бу бойликдан ўзлари учун¸ ўзлари истаганча фойдаланадилар. Шу сабаб¸ халққа ҳурматни четга суриб қўяйлик¸ улар ҳатто ўзларини реклама қилиш¸ "Кўриб қўйинглар¸ биз қанақа ақллимиз¸ биз давлат маблағларидан қандай ақл билан фойдаланаяпмиз" деб ўзларини кўрсатиш мақсадида ҳам ошкор қила олмайдилар. Бунинг устига¸ ҳокимиятни халққа ҳисоб беришга мажбур қилувчи тизимлар йўқлиги қўшилиб¸ биринчи галда халқ билиши лозим бўлган бу рақамлар ундан бекитилади.


Брюс Панниэр: Озодликнинг Марказий Осиë бўйича таҳлилчиси.

Брюс Панниэр
Президент Каримов ва унинг ҳукуматини ўзбекистонликлар орасида "зўр ишлаëтган" қилиб кўрсатишга қаратилган анъанавий кампаниянинг бу йилги бош хусусияти¸ бутун дунë иқтисодий бўҳрондан азоб чекиб ëтган бир пайтда¸ президентимизнинг оқилона сиëсати туфайли Ўзбекистон иқтисоди гуллаб-яшнамоқда¸ деган мазмунда бўлаëтир. Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ҳар куни тўхтовсиз шундай гапни такрорлаб турган пайтда¸ давлат бюджетига оид асл рақамларни жамоатчиликка эълон қилиш¸ бундай манзарага соя солиши мумкин. Зотан¸ ўзбек иқтисодининг ҳозир айнан қай ҳолда эканини биров билмайди. Ўзбекистон матбуоти ва расмийларидан тинимсиз равишда бошқалар бўҳронда¸ бизда эса¸ ҳамма ëқ зўр¸ деган гапни эшитаяпмизу¸ аммо оддий халқдан унинг зўр яшаëтганини эшитмаяпмизда!

Бюджетга оид асосий рақамлар¸ яъни кирим ва чиқимга оид аниқ рақамларни бекитиш ортидаги яна бир сабаб¸ агар улар халққа ошкор этилса¸ одамларда: “Ие¸ давлатга шунча кирим кираëтган экан¸ унда нега менинг ҳаëтимга унинг бир чеккаси ҳам кирмаяпти¸ шунча пул ижтимоий муҳофазага сарфланаëтган экан¸ нега мен буни сезмаяпман?”¸ деган саволлар туғилади. Бундан норозилик¸ балки очиқ норозиликкача бир қадам бўлиши мумкин. Ҳукумат эса¸ бундай муаммони ўз бошига ўзи сотиб олмаслик учун ҳам¸ асл рақамларни яширади.


Азиз муштарий!

"Бир саволга беш жавоб" рукнининг илк саволи эълон қилинганидан бери ўтган уч кун мобайнида унга ўз мулоҳазалари билан қўшилганлар сони ошиб бормоқда.

Ваъдага мувофиқ¸ муштарийлардан келган бундай мулоҳазалардан қизиқларини ажратиб олиб¸ уларни "Бир саволга беш жавоб +" шаклида Сизга қайта тақдим этамиз.

Ўзини Ню Йоркдан¸ иқтисодчи Бек деб таништирган муштарий жавоби:


Ню Йорк¸ АҚШ
Молия вазирлигида ишлайдиган бир танишимнинг айтишича¸ ҳар йили давлатга ҳисобот топшириладиган пайтда тепадан буйруқ бўларкан, бу йил бунча кирим бўлди, бунча чиқим бўлди, деган баённомани мантиқан тузиб чиқиш тўғрисида. Буйруқни олгандан кейин эса ноиложликдан сохта маълумотларни қилиб ҳисобот топшириларкан.

“Ўзбекистон бюджети қаëққа кетаяпти?”¸ деган мантиқли, ҳақли саволни ҳар бир Ўзбекистон фуқароси ўзига ўзи бериши шарт деб ўйлайман. Вазирлар Маҳкамасининг, ҳозир тепада 5 та шахснинг берган ўз фикрлари менинг ҳисобимча бу саволга 5-10 фоиз жавобдир. Ўзбекистондай aвторитар, битта шахснинг кўрсатмасига амал қилиб иш кўриладиган давлатда, бюджетнинг ярмидан кўпи шунга яраша бошқа мақсадларда сарфланиши аниқ.

Ҳарбийда бўлганимда, бизларнинг взвод 1- бўлгани учун бизларни кўпинча бошқа ёқларга олиб чиқиб туришарди. Ўшанда бир ҳарбий қароргоҳида ҳали умримда кўрмаган зобитларга кўзим тушган, уларни “замонавий манқуртлар” деб аташ мумкин эди. Улардан ташқари, оддий десантларни кўриб, ҳайратдан ёқа ушлаганман. Менинг соҳам¸ асосан¸ иқтисод ва сиёсат бўлгани учун ўша ернинг ўзида, жойида тезда “Бундай онаси танимайдиган шахсларни етиштиришдан мақсад нима, буларга қанча сарфланади?” деган саволлар пайдо бўла бошлаган. Шунда, бизлар билан қалинроқ бўлиб қолган собиқ десант тарбияланувчиси қисман маълумот берган. Ҳар бир десантга ҳар йили Ўзбекистон бюджетидан 40 000 доллар сарфланар экан.

Энди ўйлаб кўринг¸ оддий десантга 40 000 доллар ажратилса, президентнинг ҳаётига жавоб берадиган, атрофида соясидек юрадиган шахсан 500 та тан соқчиси бор, уларга дунёнинг бошқа ривожланган мамлакатида яратилмаган имкониятлар яратилиб берилган. Улардан ташқари, президент Гвардиясида 5000 нафар тиш-тирноғигача қуролланган махсус зобитлар бор, 40 000 нафар Миллий Хавфсизлик Ходимлари, 1 000 000 милиция ходими, 300 000 нафар диктатор Каримовнинг оғзига қараб иш қиладиган Ўзбекистон армияси.

Ана энди муҳтарам иқтисодчи, Ўрта Осиё бўйича таҳлилчилар, ўзингиз ҳисоблаб олаверинглар Ўзбекистон бюджетининг қаëққа кетишини. Расман ресурсларга таяниб айтадиган бўлсак, Ўзбекистон бюджети 2008 йили 62 миллиард доллар бўлган.

Ўзини Кореядан Арифу¸ деб таништирган муштариймизнинг Нега Ўзбекистон ҳукумати давлат бюджетига оид аниқ рақамларни ўз халқига ошкор қилмайди? деган саволга йўллаган мулоҳазалари:

Жанубий Корея
Авваламбор, аниқ рақамларнинг ўзи йўқ!!!

Ҳа. Аниқ рақамлар йўқлигининг сабаби эса ҳамма ерда кўзбўямачилик, қўшиб ёзишлик, пулларни ўзлаштириш, солиқларни яшириш ва ҳоказо ва ҳоказо! Ҳаттоки бюджетга кирган пул аниқроқ бўлган тақдирда ҳам ҳукуматимиз бу рақамларни ошкор қилишдан қўрқади. Сабаби¸ унда қанча пул милицияга кетаётгани, қанча пул мудофаага кетаётгани аниқ бўлиб қолади ва яна қанча пул ижтимоий ҳимоя, ногиронлар, ишсизлар, атроф-муҳит ҳимояси ва хуллас бошқа соҳага ажратилаётган пуллар ҳисоби келиши керак. Аммо бу пулларни ўзлаштирадиган мансабдор жаноблар бир талай. Бу масаланинг биринчи жиҳати!

Иккинчидан, аниқ рақамлар келтирилса, ҳукуматимиз ўзининг нақадар лўттибозлигини кўрсатиб қўйган бўлади! Эътибор берсак, бюджет бу давлатнинг қанчалик бойлиги ёки камбағаллигини кўрсатувчи асосий кўрсаткичлардан бири. Агар аниқ рақамлар келтирилса, (авваламбор бунинг асло иложи йўқ) ҳукуматимизнинг иккиюзламачи чеҳраси очилиб қолади! Ëлғондакам иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари, ишсизлик кўрсаткичи ва бошқалар очилиб қолади.

Энг муҳими эса¸ қанча миқдорда мардикорларимизнинг четда ишлаëтгани ëки бюджетнинг қанча қисмини улар юбораëтган пул ташкил этиши кўриниб қолади.

Хуллас ўзи шундоқ ҳам ҳурматга нолойиқ ҳукуматимиз ўзининг нақадар лўттибоз, айëр, жоҳил ва тўпори эканлигини аллақачон халққа кўрсатиб қўйган. Уларга энди ХАЛҚнинг фикрининг мутлақо аҳамияти йўқ!

Уларни халқаро ҳамжамиятнинг фикри қизиқтиради! Улар халқаро ҳамжамият олдида ҳам обрўларини йўқотгилари келмайди! БУ МАСАЛАНИНГ УЧИНЧИ ЖИҲАТИ!


Ўзини Тахмин деб таништирган муштариймиз жавоби:

Тахминнинг тахминича¸ Ўзбекистон ҳар йили 10 миллиард долларлик газ сотмоқда.
Мени бу мавзу анчадан бери ўйлантириб келаётганди ва ўзимнинг ТАХМИНларимни келтириб ўтмоқчиман.

Билишимча, республика бюджети ва маҳаллий бюджетлар бўлади. Маҳаллий бюджетлар туман, вилоят, шаҳардаги солиқ тўловчилардан тушган маблағ ҳисобига ташкил топади. Республика бюджети эса қўшимча қиймат солиғи, четга ва ўзимизнинг аҳолига сотилаётган газ, свет, пахта, олтин, машина, ун, ёғ, бензин, нефт, шакар, уран ва ҳоказолардан ташкил топади. Оддийгина битта туман бюджетни туман миқёсида ҳисоблаб чиқсак. Буни хоҳлаган битта туман молия ва ғазначилик соҳасида ишлаётган ходим билан суҳбатлашсангиз, юқоридаги иқтисодчиларимиздан ҳам аниқроқ рақамлар бериши мумкин эди. Менинг тахминимча, тумандаги МХХ, милиция, ҳарбийлардан ташқари барча харажатлар маҳаллий бюджет орқали таъминланади. Келинг республика бюджетини тахминан ҳисоблаб кўрайлик:

Йилига Ўзбекистон 2 миллиард долларлик пахта, 10 миллиард долларлик газ, бир неча миллиард долларлик олтин, ҳар хил бошқа маҳсулотларни ички ва ташқи бозорда сотилишидан келган даромадлар, Ўзбекистонда сотилаётган ун 25 минг бўлса, тахминан шу унни ишлаб чиқариш учун 9-10 минг харажат қилинади бўлиб ва завод унни 12-13 мингга баҳоласа, давлат устига ҚҚС (қўшимва қиймат солиғи)ни қўйиб 25 минггача нархни кўтаради яъни ҳар қоп ундан 12-13 минг сўм республика бюджетига тушади.

Худди шунақа спиртли ичимликлар, Асакадаги машиналар, мой ва бошқа маҳсулотлардан бюджетга тўланадиган ҚҚСни ҳамма ҳаммасини қўшиб ҳисоблаганда, бир неча 10 лаб миллиард бўлиши аниқ. Маҳаллий бюджет аҳолининг асосий харажатларини қоплаётган бўлса, республика бюджетидаги 10лаб миллиард долларлар қанчаси¸ қаёққа харажат бўлаётганию, қанчаси Каримовнинг чет элдаги ҳисоб рақамларга ўтиб кетаётганини ҳисоблаб¸ тахминий рақамларни чиқарса бўлади.

Ва яна қайтараман юқоридаги рақамлар фақат ва фақат менинг тахминий ҳисоб-китобим.

Озодликдан илтимос, бу ҳисоб-китобларга аниқлик киритиш учун иқтисодчилардан аниқроқ маълумотлар олиб, мухлисларга тақдим қилишингизни сўрайман.

Азиз муштарий!


Орангизда¸ Нега Ўзбекистон ҳукумати давлат бюджетига оид аниқ рақамларни ўз халқига ошкор қилмайди?

деган саволга янада асослироқ¸ янада батафсилроқ жавоб бериши мумкин мутахассислар бўлса¸ марҳамат¸ Озодлик сайтидаги бу муҳокамаларга қўшилинг!


"Бир саволга беш жавоб" рукнининг бугунги ва келажакда қўйиладиган саволлари¸ фақат тор доирадаги мутахассис ва таҳлилчиларгагина қаратилган эмас. Сиз нима дейсиз?

Рукнимизга қўйилган ва қўйиладиган ҳафталик саволга Сиз ҳам ўзингизни имкон қадар таништирган ҳолда¸ яъни ўз асл исмингизни айтмасангиз ҳам¸ ëшингиз¸ касби-корингиз ва ҳозирда қаерда эканингизни билдирган ҳолда бизга жавоб йўлласангиз¸ бу рукнни "Бир саволга 100 жавоб"га айлантиришимиз ва қўйилган саволга жамиятнинг турли қатламлари муносабатини ўрганиш имконига эга бўлишимиз мумкин.

Бундан ташқари¸ қўйилган саволга келган қизиқарли жавобларни сайтимизнинг шарҳлар учун ажратилган махсус бўлимидан олиб¸ асосий матнга қўйишда давом этамиз. Шу боис¸ Фикрларингизни жамлаб¸ уларни Озодликка йўлланг!

Бу ҳафтанинг саволи эса¸ Сиз учун ҳам айнидир:

Нега Ўзбекистон ҳукумати давлат бюджетига оид аниқ рақамларни ўз халқига ошкор қилмайди?

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG