Линклар

"Республика битди¸ Яшасин хонлик!"


Президент Бакиев халқдан дуо олишга ва қариндошларини лавозимларга тайинлашга қизиқади.

Президент Бакиев халқдан дуо олишга ва қариндошларини лавозимларга тайинлашга қизиқади.

2005 йилдаги март инқилобидан сўнг Бакиевнинг ҳокимиятга келишини таъминлаган сиёсатчилар бугунги кунда уни Қирғизистон Республикасини хонликка айлантирганликда айбламоқдалар.

“Қирғизистон Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ундаги “Қирғизистон Республикаси” атамасини “Қирғиз хонлиги”, деб ўзгартириш вақти келди”. Қирғиз парламенти депутати Рўза Ўтунбаева мана шундай кескин баёнот берди.

- Бугунги кунда Оқ уйда ( Қирғизистонда ҳукумат уйини шундай аташади - таҳририят) олий лавозимларни эгаллаганлар орасида Бакиевнинг бешта қариндоши бор. Мен Оқ уйнинг барча қаватларидаги кичик амал курсиларини эгаллаб олган барча Бакиевларни ҳисобга олмаяпман. Оқ уйдаги кадрлар масаласини ҳам Бакиевнинг қариндошлари ҳал этмоқда.

Шу кунларда Қирғизистонни 23 йил бошқарган Турдақун Усубалиев ўзининг 90 ёшини қарши олмоқда. Қариндошларни бу қадар кўп амалларга тайинлаш у кишининг тушига ҳам кирмаган бўлса керак, деди Рўза Ўтунбаева қирғиз парламентида сўзлаган нутқида.

Қурмонбек Бакиевни ҳокимиятга олиб келган энг асосий шахс, 2006 йилдан бери эса унинг асосий мухолифига айланган Рўза Ўтунбаева президентнинг ўғли Масим Бакиев Тараққиёт, инвестиция ва инновациялар агентлиги раҳбари лавозимига тайинланиши билан Қирғизистон “хонлик мамлакатига айлангани”ни айтади.

Негаки, президентнинг укалари элчихоналар, Миллий хавфсизлик хизмати, давлат қўриқлаш хизмати каби кўплаб асосий тузилмаларда раҳбарлик қиладилар. Максим Бакиев учун эса Қирғизистон давлатининг барча маблағларини, шунингдек, Бош вазир ва унинг ўринбосарларини назорат қила олиш имкониятини берувчи Тараққиёт, инвестиция ва инновациялар агентлиги ташкил этиб берилди.

Президент Бакиев юритаётган сиёсатга норозилик сифатида 2006 йилда Қирғизистон Бош прокурори лавозимидан истеъфо берган Азимбек Бекназаров ҳам мухолифатчининг фикрини қўллаб–қувватлайди:

- Амалда қирғиз ҳукуматининг барча бутоқларини президентнинг укалари ва фарзандлари бошқармоқда. Мен 2006 йилдаёқ Бакиев оилавий бошқарув тизимини жорий этганини айтган эдим. Биргина мисол, Бишкекнинг Горкий кўчасида жойлашган Максим Бакиевнинг офисида 2006 йилдан бери Давлат котиби ва Хавфсизлик Кенгаши котиби ишлаб ўтирганини кўриш мумкин. Қизиқ, улар нега Оқ уйдаги кабинетларида эмас, Максимнинг офисида ишлашади? деди Азимбек Бекназаров.

Бишкеклик сиёсатшунос Александр Князев фикрича, Қурмонбек Бакиев 2005 йилдан 2009 йилгача давом этган биринчи президентлик муддати мобайнида бугунги бошқарув тизими учун асос яратиш билан шуғулланган.

Сиёсатшунос “Бакиевнинг мақсади Ўзбекистон ва Россия бошқарув тизимлари намунаси асосида “бошқариладиган демократия” тартибини жорий қилишдир”, деб мулоҳаза билдиради.

Шу мақсадда мухолиф партиялар уларнинг лидерларига амаллар бериш ёки жиноят ишлари очиш ва чет элларга бадарға қилиш ҳисобига заифлаштирилди. Миллий хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги ўта кучайтирилди.

- Бугунги мухолифат қаршилик кўрсатиш учун ички, жумладан, моддий заҳираларга эга эмас. Жамиятнинг ҳам сиёсатдан ва сиёсатчилардан ҳафсаласи пир бўлган. Шунинг учун ҳам Қирғизистонда авторитар тенденциялар шаклланиши учун яхши имконият яратилди, деди Александр Князев.

Бироқ қирғиз парламенти депутати Бейшенбек Абдрасаков бундай фикрларга қўшилмайди. Унинг фикрича, президент Бакиев юритаётган сиёсатда оилавий бошқарув принциплари сезилмайди. Унинг сон-саноқсиз қариндошлари давлат амалларини эгаллаб тургани эса президентнинг авторитаризм тарафдори эканини англатмайди.

- Биз амалдорларнинг кимга қариндош эканига эмас, ишига қарашимиз керак. У яхши мутахассис бўлса, мамлакат тараққиётига ҳисса қўшса нимаси ёмон? Шунинг учун президент тўғри йўл тутган деб ҳисоблайман, деди Бейшенбек Абдрасаков.

Айтиб ўтиш лозимки, президентнинг қариндошлари давлат амалларинигина эгаллаб қолмай, спорт соҳасини ҳам жз назоратига олмоқда.

Максим Бакиев Қирғизистон кураш федерацияси, Марат Бакиев дзю-до федерацияси, Одил Бакиев эса каратэ федерацияси президентларидир.

Бироқ шу кунгача президентнинг бола-чақаси бошқараётган спорт федерацияларининг халқаро миқёсда сезиларли ютуққа эришгани кузатилмади.
XS
SM
MD
LG