Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:21

Қоғозда гўзал, амалда ўсал қонун


Амалда кўп ҳам амал қилинмайдиган Конституциянинг қабул қилинган куни ҳар йил катта байрам қилинади.
Амалда кўп ҳам амал қилинмайдиган Конституциянинг қабул қилинган куни ҳар йил катта байрам қилинади.

Тожикистонда 6 ноябр куни Конституция қабул қилинганининг 15 йиллиги кенг нишонланмоқда. Оддий халқ эса асосий қонуннинг амалда қўлланилмай қўйганини айтмоқдалар.

Тожикистон Конституциясининг 5 - моддасида “Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамма нарсадан устувор” эканлиги таъкидланган.

5 ноябр куни тожик халқига мурожатида Имомали Раҳмон “ Фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминловчи мамлакатимиз асосий қонуни, ҳали мамлакатда фуқаролар уруши давом этаётган фожиали кунларда қабул қилинган эди” деб таъкидлади.

Тожик президенти Конституция қабул қилиниш тарихига тўхталар экан, уни тайёрлаш учун халқаро тажриба ва тажрибали мутахасислар жалб қилинганини билдирди.

Тожикистон Конституцияси 1994 йилнинг 6 ноябрида ўтган умумхалқ референдумида қабул қилинган эди.

Ўтган 15 йил давомида Тожикистон Конституциясига икки марта - 1999 йилнинг 26 сентябрида ва 2003 йилнинг 22 июнида қўшимча ва ўзгартишлар киритилди.

Тожик жамиятида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масаласига мамлакат Бош қонунида белгиланганидек амал қилинаяптими?

Тожикистон Социал-демократик партияси раиси Раҳматулло Зоиров фикрича, Конституция фақат байрам кунлари эсга олинадиган ҳужжат бўлиб қолмоқда.

- Одамлар ҳаёт ва тирикчилиги билан Бош қонун меъёрлари ўртасида катта фарқ бор. Шу нуқтаи назардан Конституцияда миллий қадриятлар, анъаналар ва халқ ҳаёти акс эта олганича йўқ. Масалан, Конституциямизнинг 5-моддаси кўп жиҳатлари билан ўзини оқлай олмаяпти, дейди Раҳматулло Зоиров.

Душанбе шаҳридаги Ҳабиб Аҳрорий кўчасида яшаётган Муқаддамхон ая жамият аллақачонлар “бой ва камбағалга бўлинган”, дея мулоҳаза билдиради:

- Ҳозир пулингиз бўлса, бирор уруғингиз яхши ишларда ишласа, ўшандагина ишингиз битади. Бизга ўхшаган камбағалларга ҳеч ким қарамайди.

Ҳозир бойларнинг замони. Жамиятимиз бой ва камбағалга аллақачон бўлинган, тенг ҳуқуқлилик йўқлиги учун яшаш жуда оғир ҳозир, дейди Муқаддамхон ая.

Бу фикрларни Рудакий туманида яшовчи Ҳалимахон исмли бошқа бир суҳбатдошимиз ҳам қувватлар экан, инсон ҳуқулари ва эркинлиги ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан поймол қилинаётганидан шикоят қилади:

- Судлар, прокурорлар, мелисалар қўлингизга қараб иш қилишади. Қўлингизда бир нарса бўлса ишингиз битади, бу идораларда, акс ҳолда бориб-келиб кунингиз ўтади. Қонунга қараб ҳеч ким иш қилмайди, дер экан, Ҳалимахон ая: “Миллий озчилик вакили бўлсангиз, унда яна-да каттароқ муаммоларга дуч келишингиз мумкин”, дея қўшимча қилади.

Тожикистон давлат миллий унверситети ўзбек тили ва адабиёти бўлимининг катта ўқитувчиси Бахтиёр Мўминов эса Конституция асосида қабул қилинаётган ўнлаб қонунлар айрим жиҳатлари билан фуқаролар ҳуқуқларини чеклаб қўяётганини айтади:

- Масалан, яқинда қабул қилинган “Тожикистон Давлат тили тўғрисида”ги қонун Конституциямизнинг баъзи моддаларига зид. Чунки мамлакат фуқароларининг ўз тилида таълим олиши Конституцияда кафолатланган, аммо амалда бунинг аксини кўрамиз, дейди унверситет катта ўқитувчиси.

Бахтиёр Мўминов Тожикистоннинг чекка ҳудудларида ўзбек ва рус синфлари сони йил сайин камайиб бораётгани ва миллий озчилик вакиллари фарзандлари кўп ҳолларда мажбурий тарзда тожик синфларига ўтказилаётганидан ташвишдалигини айтди.
XS
SM
MD
LG