Линклар

Эркин микрофон - “Халқни тезакка қолдирганга уят!”

  • Садриддин Ашур

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

Ўзбекистон ўз газини четга сотишни кўпайтираëтган бир пайтда мамлакат аҳолиси газга сира ёлчимаяпти, дейди Озодликка қўнғироқ қилган шаҳрисабзликлардан бири.

- Ҳамманинг дарди бир- қиш фасли яқинлашган сайин умуман газ муаммоси ҳаммага бирдай. Ўтин¸ тезак ëқиб кун кўрамиз. Шаҳрисабз шаҳрида икки ойдан буëн умуман газ ўчган. Ҳокимиятга¸ ҳокимга¸ газ идорасига олти-етти йилдан бери бориб чарчадик. Буларнинг оддий халққа нима хусумати бор? Биздан пулини олсин¸ бизга газ берсин. Ўзимизнинг ватанимиздан¸ ўзимизнинг вилоятимиздан чиққан нарса бу газ. Нимага бундай қилади? Уялмайдими? Бандасидан қўрқмас экан¸ Худодан қўрқмайдими? Пулимизга берсин. Бизга бошқа нарса керак эмас. Уятда энди тезакка овқат пишириб ўтириш. Ўтин қиммат. Ўтин аралаштириб нима қилиш уятда энди бизга. Газ расмийлари¸ уят сизларга¸ уят. Ўзбекистон расмийлари сизларга уят¸ уят¸ дейди шаҳрисабзлик суҳбатдошимиз.

“Пилта чироқ ва шамга қолди кунимиз!”

Ўзбекистон аҳолиси ўз газига ёлчимай ўтин ва тезак ёқиб кун кўраётган бу кунларда, электр чироғи ҳам катта муаммо бўлиб бормоқда. Бу ҳақдаги фикрларини айтар экан, Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшовчи тингловчимиз Бойбўта бобо, Озодлик радиоси ҳақида ўз шахсий мулоҳазаларини ҳам билдириб ўтди:

Бойбўта бобо: Мана энди ҳозир “пахта якка ҳокимлиги” деган гап бўлаяптида. Мен пахтанинг ичида ўтираман. Терган териб ëтибди¸ термаган термай ëтибди. Лекин мен юқоридан фермерлардан ташқари халққа жабр-зулм бўлаëтганини сезмайман. Буни жуда ошириб юбораяпти. Кечагина болаларга бериладиган пулга 70 килодан пахта деган эмиш. Бу ҳам жуда қаттиқ гап эмас. Берган териб бераяпти. Чунки болалари бутун ўзларининг хоҳиши билан пахтага бораяпти. Бизда мактаб мутлақо ëпилмаган¸ лекин дарс йўқ. Нега? Ўқитувчилар йўқ. Ўқитувчилар пахтада. Ўқувчилар пахтада эмас.

Озодлик: Бир гапингиз менга ғалати туюлди. Тушунмадим. Болалар нафақасига 70 кило пахта териб берса¸ кейин бераяптими?

- Ҳа¸ шу 70 килодан маҳаллага план берибдики¸ бизнинг Давлатсой деган маҳалламизга икки тонна берган. Ëш болаларга бериладиган пулларни маҳалла тарқатадику. 16 ëшгача¸ икки ëшгача деган гаплар бор. Ўшани маҳалла “70 килодан пахта териб берсангизлар¸ пулларингизни оласизлар” дебди. Менинг ўғлимнинг болалари бор. Шунақа гапни эшитдим. Дунëда ўзбеклар жуда кўп¸ лекин Ўзбекистон битта. Шунинг учун баъзи бир хил нарсаларни эълон қилиб бераëтганда¸ сизлар ҳам журналистик фикрларингни беришларинг керакда. Газ бермаслиги¸ электр бермаслиги тўғрисидаги гапларингга мен қўшиламан. Чунки мен электрдан куйиб кул бўлиб кетганларнинг бириман. Арз қилмаганимиз қолмади. Электросетнинг бошлиғи ҳам қолмади¸ бошқаси ҳам қолмади¸ ҳокимият ҳам қолмади¸ лекин ҳеч кимнинг қўлидан ҳеч нарса келмайди. Бу қаердан¸ нима учун? Биздан Музробод туманидан аëл чиқиб¸ дод деди¸ Бандихондан чиқиб дод деди¸ лекин бирор ўзгариш бўлган эмас¸ бўлмайди ҳам¸ дейди Бойбўта бобо.

“Бола ҳаққига кўз олайтирган амалдорлар”

Қашқадарё вилоятининг Қарши туманидан қўнғироқ қилган Абдураҳмон бобонинг айтишича, болалар нафақасининг маълум бир қисмини маҳаллий амалдорлар минг хил найранглар билан еб юбормоқда:

- Бизда пенсия¸ болалар нафақаси деган нарсалар бундай олиб қарасангиз давлат томонидан берилган таъминот. Мен ўзимдан айтай. Менинг икки ëшгача бўлган набирамга қизим нафақа олади. Шу йилнинг бошида шунинг ҳужжатларини топшираëтганда “Лимит тўлди” деган маънода ўзимизнинг маҳаллий комитетдан уч ой кечиктириб¸ кейинга суришди. “Кимга учраш керак?” деса¸ “Ҳокимга¸ молияга борсангизлар ҳам фойдаси йўқ. Бизлар ҳам хабар олаяпмиз” дейди. Бир ойлик нафақани одамлардан тўлиқ олишиб¸ кейин ҳужжатларни ўтказишади. Меникини ҳам ўтказиб беришди. Бир ойлик нафақани кассанинг ўзидан тўғридан-тўғри қишлоқ оқсоқоллари олиб кетган. Қизим бундан бехабар. Бундан ташқари¸ аëллар нафақа пулини олиш учун ҳар кун кассанинг олдида куни билан туриб¸ пул келса¸ 30-40 нафар аëл бир-бирини суриб¸ итаришиб¸ буларнинг томошаси жуда ачинарли ҳол. Бунинг устига пул 67 минг бўладиган бўлса¸ олдингизга 60 мингни қўйиб “Қолгани хизмат ҳаққимиз” дейди¸ буни ҳеч ким суриштирмайди. Халқимизга ҳам ҳайрон қоламан. “Нимага бундай?” демайди. “Борига шукур” деб кетаверишади бечоралар¸ дейди Абдураҳмон бобо.

“Бой без правил”

Ўзбекистонда пахта топшириш шартномалари бажарилгани, 3 миллион 400 минг тонналик пахта хирмони яратилгани эълон қилиниб, деҳқонлар шу муносабат билан президентдан табриклар олган бўлса ҳам, ҳамон пахта терими давом этмоқда. Наманган шаҳридан Поп туманининг Уйғур қишлоғига бориб¸ ҳали-ҳамон ўша жойда қолаëтган ҳашарчилар билан маҳаллий аҳоли ўртасида жанжал чиқди¸ деб хабар берди ҳашарчи ўқитувчилардан бири Зоҳиджон:

Зоҳиджон: Биз биринчи кўчиб келган кунимиз¸ Поп тумани Уйғур қишлоғидаги 38-мактабга келганимизда жанжалнинг устига келган эканмиз. Маҳаллий аҳоли билан ҳашарчилар ўртасида жанжал бўлган.

Озодлик: Ҳашарчилар қаердан экан?

- Биздан¸ Намангандан келганда улар. Ҳар хил мактаблардан келган¸ боғчалардан юборган. Бу ерда ëмон жанжал бўлиб кетдида. Ëмон гап гапирган қисқаси. Биттаси биттасининг онасини сўккан. Шунақа қилиб жанжал бўлиб кетдида. Мен битта гапни айтиб қўяй сизларга. Мен ўзим гувоҳи бўлдим. Биз ëтган жойдан бир остановка нариëқда 4- мактаб бор. У ерда ҳам одамлар бор. Қизлар¸ аëллар бор. Ўша ерда кикбоксинг мактаби бор. Милициядан чиққан составнинг кикбоксинг мактаби экан. Ўша ердаги болалар хулиганлик қилиб¸ бу ерга келиб уришадида. Катта-катта¸ ўз онаси тенги одамларни бу ерда урар экан. Умуман нотинчликда бу 4- мактабдаям. Масалан¸ мен бирорта маҳаллий аҳоли билан уришиб қолсам¸ шарт спорт залга олиб киррарканда¸ ўша ерга ҳамма йиғилади¸ киноларда кўрсатадию "бой без правил" деган нарса¸ ўшанақа уюштириб¸ пул тикишаркан. Ҳашарчи ва маҳаллий болалар ўртасида жанжал бўлади¸ дейди Зоҳиджон.

“Болалар ароқхўр бўлмоқда”

Тошкент вилоятининг Бўка туманидан қўнғироқ Равшанбек, ароқ-вино сотадиган дўконлар жуда ҳам кўпайиб кетганлиги, аксарият ёш болалар ҳам ароқхўр бўлиб кетаётганидан куйиниб гапирди:

Равшанбек: Бизнинг маҳаллада ичкилик кўп. Шу ичкиликка қарши шуни ëритсангиз кенгроқ, деб айтмоқчи эдим.

Озодлик: Сиз айтиб берингда, қандай ичкилик кўп?

Равшанбек: Ароқ¸ вино дегандай ичкиликлар эркин қўйилган. Ҳар маҳаллада магазин кўп бўлгани учун ичкиликлар сотилаяпти. Ëшлар ëмон йўлга кириб кетаяпти.

Озодлик: Сизнинг кузатишларингиз бўйича, неча ëшдаги болалар ҳозир ароқ ичишади?

Равшанбек: 5-6 синф болалар уже ичишаяпти. Тўйлар мана шусиз ўтмайди. Ичкиликсиз ўтмайди.

Озодлик: Бунга ота-оналар¸ қариялар¸ оқсоқоллар индашмайдими?

Равшанбек: Бу оддий ҳол бўлиб қолган¸ оддий ҳол. Ëшлар кўп айниб кетишаяпти¸ ëмон йўлга кетиб қолишаяпти¸ қўпол бўлиб кетишаяпти. Тўйлар тинч ўтмаяпти. Тўйлар уруш-жанжал билан ўтади.

Озодлик: Сиз яшаëтган туманми¸ қишлоқми ўша жойнинг ҳар бир магазинида ичкилик борми ëки махсус магазинларда борми?

Равшанбек: Ҳар бир магазинда бор. Шунга қарши бир чеклаш керакми дейманда.

Озодлик: Маст қилувчи ичимликларни сотувчилар ëш болаларга ҳам сотаверадими?

- Албатта. Унга фарқи йўқ¸ дейди бўкалик суҳбатдошимиз.

********************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

"Эркин микрофон " рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти маъсул эмас.
XS
SM
MD
LG