Линклар

logo-print

Ҳаж сафари бошланди

  • Гулнора Равшан

Бу йил Тожикистондан беш минг киши Ҳажга боради.

Бу йил Тожикистондан беш минг киши Ҳажга боради.

Бу йил Ҳаж зиёратини ният қилган беш минг тожикистонликнинг 360 нафари 7 ноябр куни Саудия Арабистони сари йўл олди. Яна минглаб тожикистонлик эса 2012 йилгача Ҳажга бориш ниятида навбатга ёзилган.

Бугун эрталаб Душанбе шаҳар марказидаги Имом Термизий номли масжидда зиёратчиларни кузатиш тадбири бўлиб ўтди.

Тожикистон Маданият вазирлигининг дин ишлари бўйича бошқармаси масъули Иззатулло Азизовнинг билдиришича, Ҳаж билан боғлиқ тадбир бир ҳафта давом этади.

- Бугун 360 зиёратчини ўз ичига олган биринчи гуруҳни юбордик. Зиёратчиларни Ҳаж сафарига тайёрлаш тадбири бу йил ўтган йилгиларга нисбатан бир оз қийинроқ кечди. Боз устига Саудия Арабистони зиёратчиларнинг ҳаммаси чўчқа грипига қарши вакцина олишини талаб қилган эди. Аммо шунга қарамай, мана бу йил зиёратчиларни кузатиш тадбирини жуда чиройли йўлга қўя олдик, -деди Маданият вазирлиги расмийси.

Дарҳақиқат бу йилги зиёратчиларни кузатиш маросимида Имом Термизий масжиди ҳар йилгидек тўс-тўполон эмас эди. Масжид ҳовлисида милиция, чегара ва божхона ходимлари, Маданият вазирлиги ташкилотчилари ҳамда зиёратчилардан бошқа ҳеч кимни учратмадик.

Душанбелик Садриддин Шукуров Ҳаж зиёратига илк бор бораётганини айтар экан, бу йил зиёратчиларга жуда кўп қулайликлар яратилганини айтади.

- Ҳажга юбориш қонун қоидалари жуда ўзгарган, ҳаммаси яхши Худога шукур, нолийдиган жойимиз йўқ. Аввал ҳожиларни кузатганимда бейжиклар, ҳужжатлар сақланадиган махсус сумкалар берилмас эди, ҳамма ўзи топганини олиб кетаверар эди. Мана бу йил шу нарсалар Маданият вазирлиги томонидан йўлга қўйилибди, - дейди ҳожилик даъвоси билан йўлга отланган суҳбатдошимиз.

Бошқа бир суҳбатдошимиз Аълохон ота бундан беш йил аввал Ҳаж сафарида бўлиб қайтган экан.

- Бу йил аввалгиларига қараганда унчалик қийналмадик, рўйхатдан ўтдик, ҳужжатларни расмийлаштирдик. Ҳукумат кўп имкониятлар бераяпти. Тайёр самолётда бориб келамиз, Худо хохласа, - дер экан, отахон Ҳаж харажати учун 3342 доллар топширганини маълум қилди.

Исмоил Сомоний туманилик Жалолиддин Азимов бу йил тожикистонликлар Ҳаж сафари учун тўлаётган маблағ қўшни мамлакатлардагидан анча кўп экани ва айрим зиёратчилар қарз эвазига зиёратга бораётганини маълум қилди.

- Эшитишимизча, Тожикистонда бу йил Ҳаж харажати бошқа мамлакатлардагидан қимматроқ экан. Бу қўли юпқа одамлар учун оғирлик қилади. Мана, бугунги зиёратчилар орасида қарзга бўлса ҳам зиёрат қилиб қайтиш ниятида бўлган кишиларни учратдим. Аммо Ислом Ҳаж зиёратини мажбурий қилиб белгиламаган эса-да, “Бораман”, деб ният қилганлар қарз қилишга мажбур, - дейди бу суҳбатдошимиз.

Тожикистон Маданият вазирлиги расмийси Иззатулло Азизов бу йилги харажатларга H1N1 вирусига қарши вакцина учун 25 ва қурбонлик учун 105 доллар ҳам қўшилгани сабабли Ҳаж харажати қимматлашганини маълум қилди.

Тожикистон аҳолисининг тахминан 75 фоизи қашшоқ бўлишига қарамай, Ислом дини арконларидан бири саналган Ҳаж зиёратини адо этиш истагида бўлган тожикистонликлар сони йил сайни ортмоқда.

Тожикистон Маданият вазирлиги расмийсининг билдиришича, жорий йил Ҳаж зиёрати учун ариза берганлар сони ўтган йилгиларга нисбатан бир неча баравар кўп бўлган. Саудия Арабистони ажратган квотага биноан фақат 5000 тожикистонлик Каъбатуллони зиёрат қилиш учун рухсат олган. Қолганлар эса 2012 йилгача бўлган Ҳаж зиёрати учун навбатга ёзилган.
XS
SM
MD
LG