Линклар

logo-print

Амалдорнинг буйруғи билан фермер ўзига гўр қазиди

  • Сарвар Усмон

Тошкентдан келган "беспредел" амалдорнинг тирик одамга жаноза ўқитиши¸ аслида мамлакат бошқарув тизимида кенг қулоч отган каттароқ "беспредел" нинг кичик бир кўриниши сифатида талқин этилмоқда.

Тошкентдан келган "беспредел" амалдорнинг тирик одамга жаноза ўқитиши¸ аслида мамлакат бошқарув тизимида кенг қулоч отган каттароқ "беспредел" нинг кичик бир кўриниши сифатида талқин этилмоқда.

“Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган”, деб таърифлаш мумкин бўлган бу воқеани, аслида, кўз кўрди, қулоқ эшитди. Ҳукумат вакилларидан бири жиззахлик фермерга тириклигидаёқ жаноза ўқитди.

Озодликка 5 ноябр куни маълум бўлишича, Ўзбекистон республикаси Вазирлар маҳкамасининг Жиззах вилоятидаги вакили Ўктам Турсунов фермерлардан бирининг ишидан камчилик топиб, уни жазолаган.

Вакил фермернинг ўзига гўр қаздирган, маҳалла имомини чақиртириб келиб, тирик фермерга жаноза ўқиттирган.

Бу ҳақда, биринчи бўлиб, www.uznews.net сайти хабар қилди.

Хабар ортидан бориб¸ энг аввало Жиззах вилояти ва Пахтакор тумани ҳокимликлари билан боғландик.

Вилоят ҳокимлигининг ҳамда туман ҳокимлигининг ўзларини таништирмаган вакиллари, гўр қаздириш билан боғлиқ воқеа тўғрисидаги саволимизга, бирдай “хабарим йўқ”, деб жавоб берди.

Шуниси қизиқки, иккала амалдор, шунақа воқеа принципда бўлиши мумкинми ўзи, деган саволимизга ҳам "хабарим йўқ", деб жавоб берди.

Йўқ, бўлиши мумкин эмас, дея олишмади.

Шундан сўнг суриштириб, воқеадан хабардор кишилардан бир нечасини топдик.

Улардан бири, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Саида Қурбонова билганларини айтиб берди.

Саида Қурбонова: Фермерлар “Кеча бизга Ўктам Мингбоевич Турсунов мажлис ўтказиб¸ мажлисда ўзининг қилган иши ҳақида гапириб берди. Амир Темур номли совхоздан Мухтор исмли фермер ерида биринчи теримни ўтказиб¸ иккинчи теримни ўтказмасдан ғалла экиб қўйгани учун кечаси олиб бориб¸ ўзига гўр қаздирибди. Ҳатто ўша жойнинг имомини олиб бориб¸ жаноза ўқийсан деб мажбур қилибди. Буни бизга мажлисда ўзи айтиб берди. Қайси биринг гапимга қулоқ солмас экансан¸ бошингга шу кун тушади деб кўрсатиб берди”, деб гапириб беришди.

Озодлик: Турсуновнинг фермерлар билан ўтказган мажлиси қачон ва қаерда бўлиб ўтган?

- Бу нарса Пахтакор тумани Улуғбек маданият саройида октябрнинг биринчи 10 кунликларида бўлиб ўтган. Гўр қаздириш воқеасидан кейиннинг эртасига мажлис бўлган¸ дейди Саида Қурбонова.

Демак, Ўктам Турсунов бугун кечқурун фермер Мухтор акага гўр қаздирган ва эртаси куни ўтказган мажлисида қилган ишини фермерларга ўзи айтиб берган.

Боз устига, гўр қаздириш жараёнининг телефонига туширгани тасвирини ҳам намойиш қилган.

Ўша мажлисда шахсан қатнашганлар билан гаплашгимиз келди.

Саида Қурбонова: Фермерларнинг жуда кўпчилиги ҳам айтиб берди. Бу тўғрисида яна ташкилот раҳбарлари ҳам¸ мактаб раҳбарлари ҳам айтиб берди. Ўша мажлисда қатнашган жуда кўпчилик менга бу ҳақда айтиб берди.

Озодлик: Мен уларга телефон қилсам¸ менга ҳам айтиб беришадими?

Саида Қурбонова: Йўқ¸ айтиб беришмайди. Чунки ҳамма томон бизда таъқибда бўладику.

Озодлик: Сиз айтаяпсизку.

- Биз айтаяпмиз¸ лекин биз айтганимиз билан ўша тазйиқлардан ўтиб бўлганмиз. Қўрқитишлар¸ айтмайсан дейишлар¸ болаларни ўртага солиб қўрқитишлар каби нарсалардан биз ўтиб бўлганмиз. Улар ҳали бундай нарсага дучор бўлмаган. Биринчи навбатда фермерларнинг қарздорлигини¸ банкдан кредит олишган¸ қўйишади¸ минерал ўғитларнинг қарздорлигини қўйишади¸ ëқилғи-мойлаш материалларининг қарзларини қўйишади. Кейин ўша айтган фермерни овораи сарсон қилиб¸ судма суд судрашади. Улар мана шундан қўрқишади¸ дейди Саида Қурбонова.

Саида Қурбонованинг айтганларига ишонмасликка асосимиз йўқ.

Лекин, ҳукумат вакилининг Жиноят кодекси тушунтириб бермаса, бошқа ҳеч ким ва ҳеч нарса тушунтириб беролмайдиган қилиғи анамнезини билгимиз келди.

Озодлик: Бу Пахтакор туманида бўлаëтган ишми?

Саида Қурбонова: Ҳа. Воқеа Пахтакор туманининг Амир Темур хўжалигида бўлаяпти.

Озодлик: Ўктам Турсунов дегани ўзи қанақа одам? Балки ўша куни иситмаси чиққандир? Нимага бунақа қилади? Ë илгари ҳам бунақа қилиқлари бормиди?

Саида Қурбонова: Ўктам Турсунов 2003-2004 йиларда ҳам худди шундай вакил бўлиб келган эди шекилли. Мен ўшанда билганман¸ таниганман. Кичкинагина жуссадаги киши. Ўша пайтлардан бошлаб у кишининг урганларини кўрганмиз. Фермерларни¸ пахта теримига олиб чиқмаган ташкилотлар раҳбарларини урганларини ўзим кўрганман.

Озодлик: Ўз кўзингиз билан кўрганмисиз?

- Ўзим фермер бўлганманку. Ўша йиғилишларда урганларини мен ўзим кўрганман¸ дейди Саида Қурбонова.

Ана Сизга анамнез.

Нима учун Вазирлар маҳкамасининг вакили бу қадар “ўзи - хон, кўланкаси - майдон?”

Саида Қурбонова: Уни билмадим. Чунки қандай қўрқмасдан шунчалик ҳаракат қилади? Эҳтимол одамларимизнинг ўзининг ҳаққини талаб қилмаслигидир. Эҳтимол қўрқоқликдир бу нарсанинг шунчалик эркин ҳаракат қилишига йўл қўядиган нарса. Чунки биз қўрқамиз¸ айниқса фермерлар. Эртага ҳамма мол-мулкини хатлайди-да¸ фермерининг мулкини эмас, уйидаги ўзининг шахсий мулкини мусодара қилиб юбориши мумкин. Мана шундан қўрқишса керак фермерлар. Шунинг учун ҳам улар қарши гапира олмаса керак.

Озодлик: Шахсий мулкини ҳам мусодара қилиб юбориш деган қонун борми?

- Қонун йўқ-ку¸ лекин қилишади-да¸ дейди Саида Қурбонова.

Ахир нима бўлгандаям - Ўктам Турсунов дегани Вазирлар маҳкамасининг минг марта вакили бўлгандаям, у ҳам бир одам, у ҳам гап тушунар, бу ишингиз яхши эмас, деб бироз эътироз билдирсалар бўлмайдими, қаз деса қазаверадими ўзига гўрни, қолаверса, жудаям баҳайбат йигит эмас экан, гапларингизга қараганда, деб сўрадим Саида опадан.

- Жуссасига қаралмайдида. Жуссасига қарасак¸ бир фермер бир уриб йиқитади. Лекин унинг томонида бутун ҳокимият туради-да. Ўктам Мингбоевични ҳимоя қилиб бутун ҳокимият¸ суд¸ прокуратура туради. Бир чертиб кўрсин¸ фермер ўзини қаерда кўрар экан кейин. Мана шу томонларидан қўрқади-да¸ дейди Саида Қурбонова.

Жамият ва қонун эшиттиришини тинглаяпсиз, бу Озодлик радиоси.

Барибир ақл бовар қилмаяпти.

Шунинг учун жиззахлик бошқа бир фермер ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мамиржон Азимов билан боғланиб, у кишидан Ўктам Турсунов билан боғлиқ воқеага ишонасизми, йўқми, деб сўрадик.

Мамиржон Азимов: Мен бунга ишонаман.

Озодлик: Нима асосларингиз бор?

Мамиржон Азимов: Масалан, Турсунов Ўктам Мингбоевич шу бу йил Жиззах туманида бўлиб ўтган йиғилишда фермерларни ҳақоратлаб¸ битта фермерларни эмас катта ташкилот раҳбарлари...

Озодлик: Мингбоевми Турсуновми?

- Мингбоевич. Турсунов Ўктам Мингбоевич. Мактаб директорларини ҳам¸ фермерларни ҳам катта йиғилишда ҳақоратлаб¸ “Онангни фил қилсин сен жиззахликларни” деган иборани ишлатган. Мана шу сўздан кейин мактаб ўқитувчилари ва директорлари ўртасида жуда катта норозилик бўлган. Менга битта мактаб директори “Илтимос¸ менинг исм-фамилиямни ҳеч қаерда ëритманг. Мана шунақа ҳақорат қилди. Жиззахликлар деган сўзни ишлатди” деб¸ ана шу мактаб директори менга ëзма равишда ҳам ëзиб берган эди. “Исм-фамилиямни ҳеч қаерда ëритманг” деб илтимос қилган эди. Шу воқеани мен мактаб директорининг ўзидан эшитганман. Мен бу одамнинг шунча ҳақоратга боришига ва шу ишни қилишига ишонаман¸ дейди Мамиржон Азимов.

Хўш, Ўктам Турсунов, деган ҳодиса Ўзбекистон бўйлаб ягона ҳодисами ёки бугунги ўзбек жамиятининг характерли жиҳатими?

Шу савол жавобига қизиқиб, тасодифий номерни тердик ва қўқонлик бир йигитга тушдик.

Йигит саволларимизга жавоб берди. Эшитинг:

Озодлик: Мана хабарни эшитдингиз. Ўзбекистонда шунақа бўлиши мумкинми ëки мумкин эмасми?

- Энди билмадиму¸ бизнинг вилоятда ҳамма фермерлар планни нима қилиб бўлган. Жуда унақа қаттиқ задание бўлгани йўқ. Энди у томонини билмадим. Бўлса бордир энди. Планни умуман бажармаган бўлса¸ қўрқитиш учун қилгандир балки.

Озодлик: Қўрқитиш учун шунақа қилиш мумкинми? Яъни гўр кавлатиш мумкинми?

- Агар ҳақиқатан шунақа қилган бўлса¸ жуда ошириб юборибди. Мен бунақага ишонмайман лекин. Бу гапга мен унча ишонмадим.

Озодлик: Давлатнинг вакили у ëки бу шахсни¸ у фермер бўладими¸ савдогар бўладими¸ қанчалик таҳдид қилиши мумкин? Ўша таҳдиднинг чегараси борми? Сиз нима деб ўйлайсиз?

- Чегараси энди планни бажармаса "қамайман", дейиши мумкин. Бундан у ëғига ўтса¸ ноҳақлик бўлса керак.

Озодлик: “План бажармагани учун қамайман дейиши ҳам мумкин” деяпсиз. Қамаб қўйса ҳам бўлаверадими?

-Унисини билмадим энди. Давлат ишига жуда аралашмаганман-ку¸ мана шунақа деб таҳдид қилса¸ бўлиши мумкин дейман-да¸ дейди қўқонлик йигит.

Қамайман, деб таҳдид қилиши нормал, деяптия, қўқонлик йигит.

Яна бир суҳбатдошимиз Намангандан. Абдувосил ака фермер.

Озодлик: Сиз фермер сифатида¸ бир ўзбекистонлик сифатида шунақа воқеа бўлганига ишонасизми¸ ишонмайсизми?

Абдувосил ака: Бўлиши мумкин. Чунки бу қўрқитишнинг энг юқори нуқтасига олиб борилибди-да. Ҳеч қачон кўмиб юбормас эдию¸ лекин қўрқитишнинг энг юқори нуқтасига олиб чиқилибди-да.

Озодлик: “Бўлиши мумкин” деяпсиз. Нимага асосланиб бўлиши мумкин деяпсиз?

Абдувосил ака: Чунки дўқ-пўписалар бўлиб турибдида шунақа.

Озодлик: Мана Намангандаги шароитда ҳокимларми¸ уполномоченнийларми¸ қанақа қилиб пўписалар қилишади?

Абдувосил ака: Энди ишда жузъий камчиликлар бўладию. Бир жойни сув бостириб юборади¸ ëки “ўғит ўраси” деган гап бор. Қайта-қайта такрорланади¸ шуни битта-иккитаси қилмайди. Шунақа такрор-такрор қилмаганларни кўпчиликнинг ичида ҳақорат қилиш ҳоллари бўлди. Биз гувоҳи бўлдик бу нарсанинг. Конкрет қанақа қилиб сўкишларини айтиб ўтиришнинг кераги йўқ. Ҳақорат дегандан ўзингиз тушуниб оласиз.

Озодлик: Қўл ишлатиш даражасига етилгани йўқ-а?

Абдувосил ака: Қўл ишлатишга мен ҳеч гувоҳ бўлганим йўқ. Лекин оғзаки нималар бўлган. Мана биз ҳам ўтирамиз. Адрессиз нима қилингандан кейин эътироз билдира олмайсиз. Чунки гўë сизга тааллуқли эмас. Умумий нима бўлади. Ҳалиги ўтирганларнинг ҳеч биттаси ўзига олмайди. Лекин умумий шунақа нима бўлади. Кейинги пайтда сал камайди, чамамда. Бу метод яхшиликка олиб бормаслиги сезилди шекилли.

Озодлик: Шунақа ҳақоратлар бўлганда туриб айтганмисизлар?

Абдувосил ака: Айтганмиз. “Кимга тааллуқли бўладиган бўлса¸ ўшани топиб¸ ўшанга гапиринг” деганмиз. Тошкентдан келган уполномочийга ҳам шунақа дедик. “Ўзи йўқ одамнинг гуноҳи учун биз жавоб беришимиз керак эмас. Ўшани топиб ўзига гапиринглар” деб гапирдик.

Озодлик: Қачон бўлган шу гап?

Абдувосил ака: Йилнинг бошида шунақа гап бўлдида. Соат 5 даги мажлисга 120 нафар одам келмаган. Район бўйича бўлган бир йиғинга 400 нафардан 120 нафари келмаган. Келмаганлар адресига жуда қаттиқ гапирилди ва узоқ гапирилди. Ўшанда мен туриб “Ўша 120 нафар одамни топиб “Нима учун сен учун биз гап эшитишимиз керак?” деб айтамиз” деб айтдим. Шундан кейин мавзуни ўзгартиришди.

Озодлик: Ўшандан кейин аҳвол ўзгарди-а?

Абдувосил ака: Кейин нима дейди денг: “Хўп бугун 120 нафари келмабди. Эртага мана бу 120 нафаринг келмайсан. Нариги сафар манави 120 нафаринг келмайсан” дейди. Ҳалиги қилмаган гуноҳ учун жавоб беришдай бўлди-да. Лекин шундан кейин мавзу ўзгарди.

Озодлик: Сизлар эътироз билдиргандан кейин вазият ўзгарди-а?

- Албатта. Яна бир гап бўлса¸ яна эътироз чиқиши мумкинлиги сезилди-да. Ҳалиги жуда нимага боргандан кейин гапирасизда. Иложи йўқ. Кўпинча индамасдан ўтирилади. Чунки “Бу менга тегишли бўлмаяпти” деб ўтиришади. Умумий бўлади-да. “120 нафар одам келмади. Унақа¸ бунақа” деб умумий гапирилади. Гўëки келмаганлар ҳақида гап бўлаяпти. Шунинг учун ҳеч ким эътироз билдирмасдан “менга тегишли эмас” деб ўтиради. Хуллас жуда кўп одамлар ҳақорат эшитишга кўникиброқ қолди-да. Чунки ҳаммада ҳам шу ишда озгина гуноҳ бор. Рамка жуда тор олинган. Иложи йўқ. Рамкадан чиқиб кетиш ҳоллари иш жараëнида бўлади. Шунинг учун “Гуноҳ билан қўлга тушиб қолмайин”, деб ҳақоратга эътироз ҳам қилмайди-да¸ дейди Абдувосил ака.

Наманганлик фермер айтган сўнгги фикрга ўхшаш фикрни бояроқ Саида Қурбоновадан ҳам эшитувдик, эсингиздами?

- Яна битта жойи бор-да. Ҳақоратни эшитишга кўниккан давра ҳақорат қилувчини рағбатлантиради-да. Бир пайтлар Аброр Ҳидоятов Отелло ролини ўйнаганда¸ Дездемонани бўғиб қўйиш даражасида қизишиб кетарканлар. Шунда “Аброр ака¸ сиз саҳнадасиз” деб огоҳлантириб туришаркан. Энди бизда мажлис олиб борувчилардан битта-иккита ҳақорат қилувчилар чиқиб қолса¸ залдан озгина эътироз бўлса¸ улар ҳам Аброр аканинг огоҳлантирувчиси сифатида ўзининг қизишиб кетганини сезса керак. Ҳаммаси олий нималарни битирган¸ маданиятли одамлар-ку¸ дейди Абдувосил ака.

Наманганлик фермер Абдувосил ака жуда чиройли ўхшатиш қилди.

Ўхшатиш чиройли-ю лекин мағзи хунукда!

Чунки мамлакат саҳна эмас. Амалдорлар Отеллою халқ унинг хотини эмасда!

Биз, табиийки, Вазирлар маҳкамасининг Жиззах вилоятидаги вакили Ўктам Турсуновнинг ўзини ҳам топишга уриндик.

Пахтакор туман ҳокимлиги вакили унинг қаердалигини билмаслигини айтди.

Жиззах вилоят ҳокимлиги вакилининг айтишича, Турсунов кейинги кунларда вилоятда эмас.

Саида Қурбоновадан ҳам суриштирдик Турсуновнинг қаердалигини.

Озодлик: Ҳозир қаерда Ўктам Турсунов дегани?

Саида Қурбонова: Яна фермерлардан эшитишим бўйича¸ вилоятимиз ҳокими Сайфиддин Умаров мана шу ишидан кейин вилоятнинг республикадан келган вакили сифатида ишга қўймапти дега гаплар чиқди.

Озодлик: Тушунмадим. Ким кимни ишга қўймади? Сайфиддин Умаров Ўктам Турсуновга қарши чиққанми¸ Ўктам Турсунов Сайфиддин Умаровга қарши чиққанми?

Саида Қурбонова: Сайфиддин Умаров Ўктам Турсуновга қарши чиққан.

Озодлик: Вилоятдан чиқариб юборганми?

Саида Қурбонова: Вилоятдан чиқарган.

Озодлик: Ўша воқеадан кейин.

- Ҳа¸ шундай. Чунки мен суриштирган пайтимда¸ “Кейинги мажлисларда Ўктам Турсунов қатнашмай қўйди” дейишди¸ дейди Саида Қурбонова.

Эшиттиришни бояроқ жаранглаган бир савол билан тугатмоқчиман:

Хўш, Ўктам Турсунов, деган ҳодиса Ўзбекистон бўйлаб ягона ҳодисами ёки бугунги ўзбек жамиятининг характерли жиҳатими?

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG