Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:15

Дин уламолари табиат ҳимоясига отландилар


Британияда ўтган анжуманда дин уламолари атроф-муҳитга зарарли газларни чиқаришга барҳам бериш масаласини муҳокама қилдилар.
Британияда ўтган анжуманда дин уламолари атроф-муҳитга зарарли газларни чиқаришга барҳам бериш масаласини муҳокама қилдилар.

Сиёсий раҳбарлар атмосферага чиқарилаётган зарарли газ миқдори борасида бир қарорга кела олмаётган пайтда, Британияда учрашган диндорлар табиатни асраш режалари билан ўртоқлашдилар..

Лондон яқинидаги “Виндсор” саройида шу ҳафтада ўтказилган халқаро анжуманда бутпарастлик, ислом, насронийлик, сикх, иудаизм ва бошқа динлар вакиллари қатнашди.

Мазкур анжуманни Британиядаги Атроф-муҳит бўйича динлар иттифоқи уюштирди. Ташкилот Бош котиби Мартин Палмер Озодликка анжуман муваффақиятли ўтганини айтди:

- Анжуманга келмаган диний ташкилот қолмади. Йиғилишда қатнашган 60 дан ортиқ турли диний ташкилотлар вакиллари атроф-муҳитни асраш борасида фаол ишлар олиб боришни ваъда қилдилар. Бу турли динга эътиқод қилувчи кишилар келаси уч йил давомида савдо, маориф ва бошқа соҳаларда, шунингдек, мусулмонларнинг муқаддас Ҳаж зиёратини ташкиллаштиришда ва бошқа тадбирларда атроф-муҳитни асраш масаласига кўпроқ эътибор қаратилишини англатади.

БМТ ва Жаҳон банки каби етакчи дунёвий ташкилотлар ҳам атроф-муҳитни асраш ишларида дунё динлари вакилларига ҳамкор бўлади, - деди Мартин Палмер.

Атроф-муҳитни асраш бўйича мусулмонларнинг етти йилга мўлжалланган дастурини тақдим қилган Мисрнинг Бош муфтийси Шайх Али Гўмаа “атроф-муҳитни ҳимоялаш ва асрашни тарғиб қилиш ҳам динлар вазифаси” эканини айтди.

Мартин Палмер “Виндсор” саройида ўтказилган халқаро анжуманда мусулмонлар тақдим этган режани “ҳайратланарли” деб атади.

- Аввало бу режани мусулмонлар учун янги қадриятлар дастури дейиш мумкин... Агар сиз электр энергиясидан фойдаланмоқчи бўлсангиз, у қайта тикланувчан манбадан келиши керак. Ислом динининг 10та энг муқаддас зиёратгоҳи беш йил ичида атроф муҳитга зарар етказмайдиган - “яшил ҳудуд” бўлиши эълон қилинди. Мен бундай чоралар рўйхатини давом эттиришим мумкин. У жуда узун.

Агар бир ярим миллиард мусулмон дунё аҳолисининг чорак қисмини ташкил этиши инобатга олинса, кўрилажак чоралар катта таъсирга эга бўлиши шубҳасиз,- дейди Палмер.

Мусулмонлар ишлаб чиққан дастур турли маҳсулотлар, хизматлар турларини экологик ёрлиқ билан тамғалашни, зиёратлар уюштиришда экология масалаларига эътибор қаратишни, шунингдек, Муқаддас Қуръон китобини атроф-муҳит учун зарарсиз бўлган қоғозларда чоп этишни назарда тутади.

Шуни эслатиш жоизки, Муқаддас Қуръон китоби ҳар йили 15 миллион нусҳада чоп этилади. Эълон қилинган дастурда, атроф-муҳитни асраш амалиёти ва дастури имомлар тайёрлашда мажбурий фан сифатида ўқитилиши назарда тутилган.

Жорий йил июлида Истанбул шаҳрида 50дан ортиқ ислом уламолари атроф-муҳитни асраш борасида ҳаракат дастурини тасдиқлаган эди. Уни амалга тадбиқ этилишини назорат қилиш вазифаси “Иқлим ўзгаришига қарши ҳаракат” мусулмонлар ассосиацияси зиммасига юклатилган.

Қийин бўлишига қарамай, Палмер бу дастур амалга ошишига умид билдирди.

Йиғилишда чиқиш қилган БМТ Бош котиби Бан Ки Мун турли динлар вакилларини келаси ой Иқлим ўзгариши бўйича Копенгаген шаҳрида ўтадиган анжуманда қатнашадиган сиёсий лидерларни иқлим ўзгаришига қарши “дадил” чоралар кўришга чақиришга даъват қилди.

- Биз вазиятни ўнглаш учун қандай чоралар кўриш кераклигини биламиз. Бизда ресурслар бор аммо сиёсий ирода йўқ. Сиз донолигингиз ва тарафдорларингиз кўплиги билан ўз раҳбарларингизни рағбатлантиришингиз, уларга ёқмаслигингиз, улар билан бахслаша олишингиз мумкин,- деди БМТ Бош котиби Бан Ки Мун.

Турли диний раҳбарларнинг Британиядаги учрашуви келаси ой Иқлим ўзгаришига бағишлаб Копенгаген шаҳрида бўладиган анжуман арафасида ўтказилди.

192 давлатнинг тахминан 15 минг вакили иштирок этиши кутилаётган Копенгаген анжуманида, унинг қатнашчилари 2012 йилда тугайдиган Киото протоколи ўрнини эгаллайдиган шартнома бўйича келишувга эришишга ҳаракат қилади.

Бироқ БМТ расмийлари анжуманда келишувга эришиш эҳтимоли катта эмаслигига ишора қилди.

Киото протоколида саноати тараққий этган давлатлар глобал иқлим исишига сабаб бўлаётган зарарли газ миқдорини атмосферага чиқаришни 5 фоизга камайтириб, 1990 йил даражасига туширишини назарда тутган.
XS
SM
MD
LG