Линклар

Туркия Баширни қамоққа олмайди

  • Барно Анвар

Туркия Халқаро суд қарорига зид ўлароқ Судан президенти Умар ал-Башир Истанбулда қамоққа олинмаслигини билдирди.

Туркия Халқаро суд қарорига зид ўлароқ Судан президенти Умар ал-Башир Истанбулда қамоққа олинмаслигини билдирди.

Ислом конференцияси ташкилотининг душанба куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказиладиган навбатдаги саммити баъзи ғарб давлатларининг хавотирларига сабаб бўлмоқда.

Истанбулга йиғилаётган дунёдаги энг йирик исломий ташкилот етакчиларининг бу галги саммити ҳозирданоқ иқтисодий саммит, деб юритилмоқда.

Яъни етакчилар дунёни қийин аҳволга солган иқтисодий бўҳрон шароитида аъзо давлатлар орасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳамда бу давлатлардаги камбағаллар сафи кенгайиши олдини олиш масалаларини муҳокама қилиш ниятида.

Бироқ ғарб ахборот воситалари ташкилотнинг бу галги анжумани ишига унда Судан президенти Умар Ҳасан ал-Башир ҳамда Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажоднинг иштирок этиши соя солиши мумкинлиги ҳақида ёзмоқда.

Боиси Халқаро суд уруш ва инсониятга қарши жиноятларни содир этганликда гумонлаб, ал-Баширни ҳибсга олиш тўғрисида кўрсатма берган. Судан президенти Дарфурдаги аҳолига қарши уюштирилган ҳужумларга бевосита раҳбарлик қилганликда гумонланмоқда.

Туркия ҳукумати эса Халқаро суд томонидан жорий этилган 2002 йилдаги Рим келишувини имзоламаган, шу боис Умар Ҳасан ал-Баширни ҳибсга олиш режаси йўқ эканини билдирди.

Аксинча Туркия президенти ундан ал-Баширни таклиф қилиш қарорини қайта кўриб чиқишни сўраган Европа иттифоқини танқид ҳам қилди.

7 ноябр кунги баёнотида Ислом конференцияси ташкилоти бош котиби Акмалиддин Эҳсон ўғли: “Бу саммитда Судан президентининг иштирок этиши табиий ҳолдир”, деди.

- Бу кўптомонлама учрашувдир. Судан Ислом конференцияси ташкилоти аъзоси ва президентларнинг бу саммитга келиши табиий ҳол. Бу худди БМТ, Африка иттифоқи ёҳуд шу даражадаги бошқа йиғинларда президентларнинг қатнашишидек гап. Шу боис мен бу хавотирларга қўшилмайман. Чунки ал-Баширга қарши вердикт ҳали йўқ. Бу ҳозир ҳамма учун ойдин, - деди Ислом конференцияси ташкилоти бош котиби.

Шу тариқа бир кунлик саммитга таклиф этилган меҳмонлар рўйхати Европа иттифоқига аъзоликка номзод ҳамда АҚШнинг яқин иттифоқчиларидан бири бўлган Туркиянинг ғарб томон ташқи сиёсатдан чекинаётганидан дарак ўлароқ қаралмоқда. Айни пайтда Истанбулнинг ўз минтақавий қўшниси Исроилдан ҳам узоқлашаётгани бундай тахминларни кучайтирмоқда.

Айни пайтда Истанбулга Эрон президенти Аҳмадийнажоднинг ташрифи ҳам айни масалада ғарбнинг ҳушёрлигини оширмоқда. Зеро Аҳмадийнажодни ҳокимиятда қолдирган президентлик сайлови ҳамда Теҳрон ядровий дастури масаласи Ғарб ва Эрон ўртасидаги кескинлашув манбаи бўлиб қолмоқда.

Октябр ойида эса Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон Эронга давлат ташрифини амалга оширди ва Теҳрон ядровий дастури тўлалигича тинч мақсадларга қаратилгани ҳақида баёнот берди.

Ушбу ташриф давомида томонлар савдо ва энергетик ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжатларни ҳам имзолади.

Ислом конференцияси ташкилотининг Истанбул саммитида, шунингдек, Фаластин мухторияти Бош вазири Салом Фаёднинг иштирок этиши ҳам кутилмоқда.

Эслатамиз, шу ҳафтада мухторият президенти Маҳмуд Аббос январда ўтажак президентлик сайловида иштирок этмаслигини айтар экан, АҚШ президенти Барак Обама сиёсатидан норози эканини урғулаган эди.

Шунингдек, Афғонистон президенти Ҳамид Карзайнинг ҳам анжуманда иштирок этиши кутилмоқда ва бу унинг президентликка қайта сайланганидан кейинги илк хорижий ташрифи бўлади. Айни пайтда унинг қайта сайланиши ҳам кенг кўламли қаллобликлар эвазига амалга оширилгани айтилиб, ғарб жамаотчилиги томонидан кескин танқид қилинган.

Дунёнинг 57 давлати аъзо бўлган ва бош қароргоҳи Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида жойлашган Ислом конференцияси ташкилоти 1969 йилда ташкил этилган ҳамда ҳозирги кунда бу ташкилотга аъзо мамлакатларда 1 миллиарддан ортиқ мусулмон аҳоли истиқомат қилмоқда.
XS
SM
MD
LG