Линклар

Берлинда яна байрам


Берлин девори қулаганининг 20 йиллигига бағишланган тадбирлар бутун шаҳар бўйлаб давом этмоқда.

Берлин девори қулаганининг 20 йиллигига бағишланган тадбирлар бутун шаҳар бўйлаб давом этмоқда.

Шарқий Европада коммунистик тузум умрига поëн ясаган Берлин девори қулаганига расман 20 йил тўлган 9 ноябр куни Берлин бўйлаб қатор тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Берлин девори Совуқ уруш даврининг энг мустаҳкам рамзи эди.

28 йил давомида бу девор нафақат Берлинни¸ балки Европа ва қолган дунëдаги икки қарама-қарши мафкура ўртасига тортилган чизиқ бўлиб турди.

Аммо 1989 йили¸ ўзбек шоири Чўлпон тасвирлаган каби¸ денгизга айланган халқ қудрати¸ бир кечада бу деворни тарих қатларига улоқтирди.

Яқин тарихида кўчаларга норозилик билдириш учун чиққан халқ кучига таслим бўлган шарқий Германия ҳукумати 1989 йилнинг 9 ноябр куни икки Германия ўртасидаги чегаранинг бекор қилингани ва мамлакатнинг шарқий ҳудудлари аҳолиси Ғарбга эркин саëҳат қилишлари мумкинлигини расман эълон қилишга мажбур бўлди.

Ҳатто Берлин девори қулаши муқаррар эканини эътироф этганлар учун ҳам анчагина кутилмаган бўлган бундай қарор эълон қилиниши билан баробар миллионлаб шарқий европаликлар Ғарб чегараси томон ëпирилдилар.

Ўзаро чегарани кесиб ўтишни истовчилар сони дақиқа сайин кўпайиб¸ кўча ва майдонларга сиғмай қолганидан сўнг¸ 9 ноябрнинг ярим тунида шарқий томондаги чегарачилар чегара пунктларидаги назоратдан воз кечиб¸ ўтиш дарвозаларини ланг очишга мажбур бўлдилар.

Ғарбий берлинликлар қарийб 30 йил мобайнида оддий борди-келдидан ҳам бенасиб бўлганлари шарқий берлинликларни ширинликлару ичимликлар билан қарши олдилар¸ Ғарб банклари социализмдаги немисларни қучоқ очиб қаршилаш маъносида уларга ҳатто пул улашишга киришди – бутун шаҳар ўз бирлашишини кунни тунларга улаб байрам қилди.

Орадан 20 йил ўтиб¸ ана шу тарихий санани хотирлар экан¸ берлинликлар кайфиятида байрамона руҳ баробарида тушкунликни ҳам сезмасликнинг иложи йўқ.

Шарқий Германияда улғайган канцлер Ангела Меркел¸ 9 ноябрни шарқий Берлиндаги мухолифат фаоллари тўпланадиган марказ бўлган Gethsemane черковидаги ибодат билан бошлади.

Айни шу куни айни черковда Берлин деворидан ўтиш илинжида нобуд бўлган камида 136 одам руҳига махсус ибодат ўқилди.

Куннинг иккинчи ярмида Меркел¸ собиқ СССР президенти Михаил Горбачëв ва Полша мухолифатининг собиқ етакчиси Леҳ Валеса билан биргаликда икки шаҳар ўртасидаги дастлабки ўтиш пункти – Борнҳолмер кўпригини кесиб ўтади.

Берлин девори қулаганининг 20 йиллиги муносабати билан ўтаëтган тадбирларда қатнашаëтган жаҳон етакчилари орасида АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ҳам бор.

- Мен Берлиндаги бугунги тарихий тадбирда қатнашаëтганимдан¸ нафақат немис халқи¸ балки европалик ва америкаликлар¸ қолаверса бутун дунë учун алоҳида қимматга эга бу шаҳарга келганимдан жуда мамнунман. Бундан ташқари мен канцлер Меркел хонимни нафақат бундай тарихий байрам¸ балки у ва немис ҳукумати қилаëтган ишлар билан ҳам қутлайман¸ деди 9 ноябр куни Германия канцлери билан учрашган Ҳиллари Клинтон.

Иккала Германиянинг қайта қўшилишини бошлаб берган 9 ноябр кунги тантаналар маҳаллий вақт билан кечки соат 7 да девор тикланганидан сўнг ташландиқ бир жойга айланган Brandenburg дарвозаси олдидаги тадбир билан ўз кулминациясига етади.

Франция¸ Буюк Британия ва Россия раҳбарлари Меркел ва Клинтон билан биргаликда дарвоза орқали рамзий юриш қиладилар.

Берлин девори қулаганининг 20 йиллигига бағишланган тантаналар девор чизиғи усти пайдо бўладиган 1000 та улкан домино тошининг бирин-кетин қулаши билан якун топади.

Солидарност раҳбари Леҳ Валеса таклифига биноан ҳозирланган мазкур визуал кулминация 1989 йили Берлин деворининг қулаши бутун социалистик тузумда бошланган домино эффектининг ифодасидир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG