Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:23

Сайлов-2009: Киши билмас қурултойлар


Ўзбекистонликлар келаси ой мамлакат парламентига сайловлар бўлишини¸ фақат давлат телеканалларидан билишларини айтмоқда.
Ўзбекистонликлар келаси ой мамлакат парламентига сайловлар бўлишини¸ фақат давлат телеканалларидан билишларини айтмоқда.

Ўзбекистон матбуоти партиялар ўз сайловолди қурултойларини ўтказганидан гапирса¸ оддий ўзбекистонликлар мамлакатда сайлов руҳи кўзга кўринмаслигини айтмоқда.

Ўтган ҳафтада Ўзбекистондаги расмий партиялар ўзларининг сайловолди қурултойларини ўтказди.

ЎзА ахборот агентлиги хабарларига қараганда, қурултойлар делегатлари партияларнинг "ҳисобот давридаги фаолиятини кўриб чиқиб, унинг ҳудудий бўлимлари, бошқарув органлари... фаолиятини холисона баҳоладилар".

Қурултойларда, шунингдек, партиялар "сайловолди дастурларининг асосий қоидалари тасдиқланди...Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатилди".

Ҳозирча, жойларда сайловнинг шарпаси сезилмаяпти. Ҳар ҳолда қашқадарёлик Ҳасан ака билан суҳбатдан мана шундай хулосага келдик.

Озодлик: Сайлов бўлиши нималардан билинаяпти?

Ҳасан ака: Ҳали бизда ҳеч қанақанги ҳаракат ëки бўлмаса тушунча йўқ. Кўчаларга лозунглар ҳам ëзилган эмас.

Озодлик: Ҳатто 27 декабр куни сайлов бўлади, деган шиор ҳам йўқми?

Ҳасан ака: Биз томонда ҳали йўқ. Чунки ҳозир ҳамма пахта билан.

Озодлик: Пахтани йиғиб-териб бўлишдику.

Ҳасан ака: Болалар ҳали ҳам чўлда ëтишибдию. Ҳали келишгани йўқда.

Озодлик: Талабалар ҳали ҳам пахтадами?

Ҳасан ака: Ҳа¸ пахтада.

Озодлик: Мактаб ўқувчиларичи?

Ҳасан ака: Улар келган.

Озодлик: Сиз шахсан ўзингиз сайлов бўлишини биласизми?

Ҳасан ака: Биламан.

Озодлик: Қачон бўлади сайлов?

Ҳасан ака: Декабрда.

Озодлик: Қаердан биласиз сайлов бўлишини?

- Ҳаммаси телевизорларда сайлов деб гапириб ëтибди¸ дейди Ҳасан ака.

Сайлов тўғрисидаги ТВдаги гаплар кўчага кўчмаганини партиялар сайловолди дастурлари куни кечагина тасдиқлангани билан изоҳлаш мумкиндир.

“Сайлов-2009” туркумидаги лавҳаларимизнинг дастлабкисида Ўзбекистондаги сиёсий партиялар ўртасидаги принципиал фарқлар тўғрисида гапирган эдик.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов, Ўзбекистонда ўнг қанот ва сўл қанот партиялар борлиги тўғрисида гапирган эди.

Партияларнинг сайловолди дастурлари тўғрисида гапириш олдидан яна бир бор ўша принципиал фарқларни эслашга тўғри келади.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Фарҳод Толиповнинг фикрича, партияларни уларнинг номидан келиб чиқиб баҳолаш тўғри эмас.

- Гап шундаки¸ кўп ҳолатларда¸ бошқа мамлакатларнинг тажрибаси кўрсатиб турибди¸ партияларнинг номига қараб уларнинг асл мақсадлари¸ дастурий жиҳатлари¸ низом жиҳатлари тўғрисида айтиш мушкул бўлади. Яъни баъзан партия раҳбарлари¸ партия етакчилари партияга ном берган ҳолда кўпинча унинг жаранглаши қандай чиройли бўлиши ëки бўлмаслигига қараб ном танлашади. Лекин уларнинг мақсадларини¸ дастурларини тегишли ҳужжатларни ўқиган ҳолда тушуниш мумкин бўлади¸ дейди сиëсатшунос Фарҳод Толипов.

Демак, у ёки бу партиянинг қандайлигини уларнинг сайловолди дастурларидан билиб олиш мумкин.

Ўзбекистондаги “Ҳозиржавоб гуруҳ” ноҳукумат ташкилоти яқинда партиялар сайловолди дастурларининг лойиҳаларини синчиклаб ўрганди.

Гуруҳ аъзоси Суҳроб Исмоиловга бир неча савол билан мурожаат қилдик.

Озодлик: Тўрттала партиянинг сайловолди дастурларидаги принципиал фарқлар нимадан иборат?

Суҳроб Исмоилов: Бизнинг назаримизда¸ сиëсий партияларнинг ҳамда Ўзбекистондаги жамоат ташкилоти ҳисобланадиган Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг¸ у ҳам бу йил биринчи марта сайлов қатнашчиси бўлади¸ сиëсий гуруҳларнинг сайловларга¸ сайловчиларнинг олдига тақдим этилаëтган дастурларини биз ўрганиб чиқдик. Бу ўрганиб чиқиш шуни кўрсатдики¸ уларнинг орасида принципиал фарқнинг ўзи йўқ. Мана шу платформаларнинг деярли ҳаммаси бир хил стилда ëзилган¸ бир хил йўналишда. Ҳаммасида битта ғоя таъкидлаб ўтиладики¸ гўëки тўртта сиëсий партия ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати ҳозирги ҳукумат олиб бораëтган курсдаги ислоҳотларни¸ бу хоҳ ижтимоий бўлсин¸ хоҳ сиëсий бўлсин¸ қўллаб-қувватлашлиги таъкидланади. Бу платформаларда ҳозирги ҳукумат бошида турган президентнинг турли хил ишларидан¸ асарларидан цитаталар¸ фикрлар жуда ҳам кўп. Бирор-бир сиëсий партия ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати ҳозирги ҳукумат олиб бораëтган сиëсий курсга муқобил бир курс¸ таклиф ëки дастурул амал ишлаб чиқишга ва ўзларининг сайловолди платформаларида буни баëн этишга қодир эмас.

Озодлик: Боиси нимада?

- Биринчи навбатда сайловолди платформалари қандай ишлаб чиқилишига эътибор беришимиз керак. Сайловларга тайëргарлик ишларини кузата туриб кўрдикки¸ бизга ишончли манбалардан келган хабарлар бўйича Ўзбекистондаги барча сиëсий партиялар ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати сайловларга тайëргарлик бошлангандан бери. тахминан¸ август ойининг охири сентябр ойининг бошларида ўзларининг сайловолди дастурларининг биринчи лойиҳаларини президент аппаратига тақдим қилишга мажбур қилинган ва президент аппаратида сайлов платформаларига ўзгартиришлар ëки қанақадир қўшимчалар киритилгандан кейингина улар ноябр ойининг бошида партиялар ўтказган съездларга тасдиқлатиш учун қўйилди номига¸ дейди Ўзбекистондаги “Ҳозиржавоб гуруҳ” ноҳукумат ташкилоти аъзоси Суҳроб Исмоилов.

Олий мажлис ва маҳаллий кенгашларга сайлов 27 декабрда бўлади.

Сайловолди кампанияси расман 22 сентябрда бошланган.
XS
SM
MD
LG