Линклар

Қизил хоч кўрганини сир тутади

  • Фаррух Юсуфий

Халқаро Қизил хоч қўмитаси вакиллари ташкилотнинг иш услуби халқаро майдонда бир хил эканини таъкидламоқдалар.

Халқаро Қизил хоч қўмитаси вакиллари ташкилотнинг иш услуби халқаро майдонда бир хил эканини таъкидламоқдалар.

Шу йил сентябр ойида Ўзбекистон қамоқхоналаридаги шароит билан танишишга қайта рухсат олган Халқаро Қизил хоч қўмитаси ўз хулосалари расмий Тошкентга тақдим этиладиган махфий ахборот эканини таъкидламоқда.

Халқаро Қизил хоч қўмитасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот котиби Раул Форстер Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон қамоқхоналаридаги аҳволни кузатиш ишларининг шу йил сентябридан бошланганини билдирди.

- Биз қамоқларни бориб кўриш фаолиятини жорий йил сентябр ойининг бошида тикладик. Бу давр ичида Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш бош бошқармаси тасарруфидаги бир неча жазони ўташ муассасалари ва вақтинча сақлаш изоляторларини бориб кўрдик, деди Қизил хоч вакили.

Қўмитанинг Канада, Польша, Россия ва Ҳиндистондан келган вакилларидан иборат гуруҳ 5-6 ноябр кунлари Андижондаги УЯ 64/Т-1 муассасасига борган. Ўзбекистон расмийлари¸ мамлакатдаги энг қаттиқ қўриқланадиган жазони ўташ муассасаларидан бири бўлган айнан шу қамоқхонадан¸ 2005 йил 13 май воқеалари пайтида исёнчиларнинг “акромийликда” айбланганлар билан яна бир неча юз кишини озодликка чиқариб юборганини даъво қилиб келади.

Суҳбат давомида жаноб Форстер Андижонга борган гуруҳнинг неча кишидан иборат бўлгани ва уларнинг маҳбуслар билан суҳбатларидан кейин ҳосил бўлган таассуротлари ҳақида маълумот бера олмаслиги, зота бу ахборот фақатгина Ўзбекистон расмийларига тақдим этиладиган махфий ҳисоботлар ва тавсияларда акс этишини таъкидлади.

- Биласизми¸ Халқаро Қизил хоч қўмитаси маҳбусларни бориб кўришдан¸ асосан¸ қамоқдаги шароит ва маҳбусларга нисбатан бўлган муносабатнинг халқаро миқёсда тан олинган меъёрларга мос келишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон қамоқхоналарига кирмоқда. Қамоқхоналарга қилган ташрифларимиз чоғида биз шу мақсадни сира эсдан чиқармаймиз. Бу ташрифлар чоғида қўлга киритилган маълумотлар ва чиқарилган хулосаларни ҳар доимгидек, фақатгина бизнинг махфий ҳисоботларимиз тақдим этиладиган мутассади расмий идоралар билангина муҳокама қиламиз, дер экан Қизил хоч вакили, бу каби қоидаларга дунёнинг бошқа давлатларида ҳам амал қилинишини қўшимча қилди.

Акс ҳолда, дейди жаноб Форстер, Қизил хоч қўмитасининг Ўзбекистондаги қамоқларни бориб кўриш имконияти бўлмас эди.

Халқаро Қизил хоч қўмитаси Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистон қамоқларидаги вазиятни кузатиш имкониятидан маҳрум этилган эди. Европа иттифоқи ва бошқа халқаро ташкилотлар босими остида шу йилнинг ёзида Ўзбекистон расмийлари бу тақиқни бекор қилди.

Ўзбекистон ҳукумати билан келишувга кўра, Қизил хоч вакиллари фақат рухсат этилган қамоқхоналарнигина бориб кўриши мумкин.

Жаноб Форстернинг айтишича, бу ташрифлар чоғида, ташкилот вакиллари томонидан диний ёки сиёсий қарашлари туфайли қамалганларга алоҳида эътибор қаратилмайди.

- Бизнинг мақсадимиз барча жазони ўташ муассасаларидаги барча маҳбуслар билан гаплашиб, уларнинг аҳволини ўрганишдир, дейди Қизил хоч вакили.

Бироқ Қизил хоч вакиллари билан учрашган собиқ маҳбуслардан бири Озодлик билан суҳбатда, халқаро экспертлар билан учрашадиган маҳбуслар аввалдан тайёрланишини гапириб берган эди.

- Булар ташриф буюришидан олдин биз маҳбусларга унинг хабари етиб борган ва у ерда ҳамманинг оғзини бекитиш¸ "Ортиқча гап гапирсанг¸ изоляцияга ташлаймиз" каби қўрқитувлар билан бўлган. Кейин улар ташриф буюришди. Манзара шунақа бўлдики¸ меҳмонларга шунақа шароит қилиб беришганки¸ биттама-битта ўзининг манфаатини ўйлайдиган лаганбардорлар бўладию ўшаларни киргиза бошлашган. Булардан нима жавоб олинади? Ҳаммаси яхши¸ жойда дегандай ортиқча сафсатабоз гаплар бўлган¸ деган эди Қизил хоч вакиллари билан учрашган собиқ маҳбуслардан бири.

Сўзида давом этаркан исми сир тутилишини истаган суҳбатдошимиз, Қизил хоч вакиллари билан учрашуви унинг учун қандай оқибатлар билан тугаганини ҳам гапириб берган эди.

- Кейин мен нима қилдим¸ буларнинг ëнига отилиб чиқдим. Менинг олдимни тўсишган бўлса ҳам¸ мен чиқдим. Мен уларга бор нарсаларни гапирдим ва гапимнинг ўртасида "Сизлар кетганларингиздан кейин мен бу ерда тазйиқ ва босимларга учрайман" дедим. Мен уч ой изоляторда ëтдим. Барзанги болаларни менга итга ўхшатиб "фас"лаб¸ мени туйишди. Ласточка дейди¸ қалдирғоч қилиб¸ ўнг қўл ëки чап қўлни тепадан¸ ўнг қўл ëки чап қўлни пастдан қилиб мени кишанлашди. Мен шу бўйи беш соат турдим. У ерда мен ўлиб кетишим керак эди. Мен уже ўлган одамман. Мен уларнинг қўлидан қандай тирик чиққанимга ҳайронман. Буларнинг мени ўлдириб юбориш нияти бор эди¸ деган эди ўзбекистонлик собиқ маҳбус Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов Қизил хоч ташкилоти қамоқлардаги вазиятни яна кузатишни бошлагани муҳим аҳамиятга эга эканини айтар экан, унинг фаолиятидаги камчиликлар, хусусан, ташкилот вакиллари билан учрашувдан кейин турли босимларга учраётган маҳбуслар аҳволини кузатиб бориш ишлари яхши йўлга қўйилмаганини ҳам қайд этади.

- Халқаро Қизил хоч ташкилоти вакиллари улар интервью қилган маҳбуслар билан булар кетгандан кейин нима бўлишини кузатиш керак аслида. Уларга мана шунақа босим бўлаëтган бўлса¸ улар буни ҳукуматга етказишлари керак ва уларни тезроқ карцердан чиқариш масалаларини қўйиши керак, дейди Суръат Икромов.

Халқаро Қизил хоч қўмитасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот котиби билан суҳбат сўнггида, 2005 йилдан бери қамоқлардаги аҳвол яхшиланди, дея оласизми, дея сўрадик.

- Сизнинг саволингизга жавоб бериш қийин, чунки биз сиёсий мақсадларда талқин қилиниши мумкин бўлган баёнотларни қила олмаймиз. Биз сиёсий эмас, қамоқлардаги маҳбусларга нисбатан муносабатни амалда ўзгартириш мақсадларини олдимизга қўямиз, дея жавоб берди Халқаро Қизил хоч қўмитасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот котиби Раул Форстер.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG