Линклар

Нега айнан Умаров,нега айнан ҳозир?

  • Барно Анвар

Ҳозирча қамоқдан чиққан Санжар Умаров саломатлигига доир аниқ тафсилотлар йўқ.

Ҳозирча қамоқдан чиққан Санжар Умаров саломатлигига доир аниқ тафсилотлар йўқ.

“Серқуёш Ўзбекистоним” коалицияси етакчиси Санжар Умаровнинг кутилмаганда қамоқдан озод этилганини олқишлаëтган халқаро ва маҳаллий ҳуқуқ фаоллари¸ ана шу саволга жавоб излашмоқда.

2005 йил Андижон воқеаларидан саноқли кунлар ўтиб таъсис этилган “Серқуёш Ўзбекистоним” коалицияси етакчиси Санжар Умаров 2005 октябр ойида қўлга олинган ва 2006 йил март ойида, дастлаб, 14¸5 йилга, кейинчалик эса аппеляция суди қарори билан 10¸5 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Жазо муддатининг эндигина тўрт йилини ўтаган Умаров 7 ноябр куни, жамоатчиликка кутилмаган ва сабаблари ошкор қилинмаган тарзда, муддатидан аввал озод қилинди.

Унинг Ўзбекистондаги яқинлари ва адвокати сўзлари кўра, Санжар Умаров соғлиги оғирлашгани боис муддатидан аввал озодликка чиқарилган. Ҳозирда Тошкентдалиги айтилаëтган Умаровнинг тиббий муолажага муҳтожлиги алоҳида қайд этилмоқда.

Хусусан, у билан бирга ҳибсга олинган ва кейинроқ озодликка чиқарилган сафдоши Нодира Ҳидоятованинг сўзларига кўра, Умаров ҳозир матбуот билан суҳбатлашадиган даражада эмас.

Санжар Умаровга қадар муддатидан аввал озод этилган яна бир сиёсий маҳбус Мўътабар Тожибоева Озодлик билан суҳбатда Умаровга нисбатан у қўлга олинганининг илк кунларидаёқ ўта оғир қийноқлар, хусусан, психотроп дори воситалари қўлланганига шубҳа қилмайди.

Шу боис унинг озод этилишига соғлиғининг ўта оғирлашгани сабаб бўлиши мумкин, дейди Мўътабар Тожибоева буни ўзининг қамоқда ўтган кунларига қиёс қилиб.

Мўътабар Тожибоева: Қўлга олинга куним кечасиëқ менга ўша усулни қўлламоқчи бўлишганида¸ “Деразадан ташлаб юбораман” деганимдан кейин қилишмаган. Усуллари жуда ҳам кўп. Изоляторда ëтган пайтингизда¸ овқатингизга нима қўшаëтганини билмайсиз. Улар мана шу пайтда психотропдан фойдаланишади.

Озодлик: Сиз ўзингиз шунақа дори воситаси қўлланган маҳбусни кўрганмисиз?

- Кўрганман. Аëллар қамоқхонасида Навоий вилояти Навбаҳор туманидан бўлган Шерқулова Сабоҳатхонга айнан мана шу усуллар қўлланганини билганман. Қандайдир бефарқ. Фикрлаш қобилияти қанақадир чекланади. Одамлар билан мулоқот қилаëтганда ҳуши ўзида эмаслиги яққол сезилади. Жуда ҳам сокин бўлиб қолади. Ҳеч нарсани ўйламайди. Ўзбекистон ҳукумати ўзининг душмани деб ҳисоблаган айнан мана шу демократларни қилмаган ишини имзо чектириб¸ бўйнига қўйдириб руҳан синдириб чиқаради ëки менга ва Санжар Умаровга ўхшатиб жисмонан ногирон қилиб чиқаришади¸ дейди Мўътабар Тожибоева.

Мўътабар Тожибоева Санжар Умаровнинг озод этилганидан мамнунлиги ва буни изҳор қилиши учун оила аъзолари билан 7 ноябрдан бери боғланишга уринаётганини қўшимча қилар экан, оиланинг сукути ҳам Умаровнинг соғлиги ўтар оғир аҳволда эканига бир дарак, деб ҳисоблайди.

“Серқуёш Ўзбекистоним” коалицияси раҳбари Санжар Умаров ҳибсга олингани, бир қатор оғир иқтисодий жиноятларда айбланиб, озодликдан маҳрум этилганидан буён бу жараёнларни унинг сиёсий фаолияти билан боғлаб келган Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Ўзбекистон бўйича вакили Андреа Берг суд мажлисларида шахсан иштирок этган эди.

- Мен суд жараёни қандай ўтганини ҳануз яхши эслайман. Ўшандаёқ биз Санжар Умаровнинг аҳволи ўта ёмон кўринишда эканини қайд этиб, ҳибс, маҳкама жараёнларини танқид қилган эдик. Шу боис, унинг озод этилишини жуда яхши хабар, деб қабул қилдик. Эндиликда бироз кутиш ва уни озод қилиш чоғида қандайдир шартлар бўлган-бўлмаганини аниқлаш лозим. Тажрибадан келиб чиқиб¸ Ўзбекистонда бирор сиёсий маҳбусни шартларсиз муддатидан олдин озод қилишларига ишониш қийин, дейди Ҳюман Райт Уотч ташкилотининг Ўзбекистон бўйича вакили Андреа Берг.

Халқаро Амнистия ташкилотининг Марказий Осиё бўйича вакили Мэйси Вейшердинг ҳам Санжар Умаровнинг озод этилишини олқишлар экан, ўз вақтида унинг соғлиги борасида Ўзбекистондан ўта хавотирли маълумотлар олганини қайд этиб ўтди.

- Биз ҳам қамоқхонада унинг соғлиги жуда жиддий равишда оғирлашгани ҳақида хабар берган ва унинг аҳволидан хавотиримизни билдирган эдик. Ҳозир унинг озод этилганини олқишлар эканмиз, унинг ўзи учун зарур тиббий ёрдамни олишга тўлиқ имкон пайдо бўлганига умид қиламиз. Шунингдек, биз мамлакат ҳукуматини унга нисбатан олиб борилган тергов ва суд маҳкамалари устидан мустақил текширув ўтказиш ва бунинг натижаларини элга ошкор қилишга, Санжар Умаровнинг соғлигига қамоқхонада зарар етгани ва унга нисбатан маҳкама жараёнлари адолатсиз бўлгани тасдиқланган ҳолда унга етказилган зарарни компенсация қилишга чақирамиз, деди Халқаро Амнистия ташкилотининг Марказий Осиё бўйича вакили Мэйси Вейшердинг.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари вакиллари орасида “Серқуёш Ўзбекистоним” коалицияси раҳбарининг муддатидан аввал озод этилиши сабаблари нафақат унинг соғлиги, балки Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатларнинг илиқлашуви натижаси билан боғлиқлигини ҳам тахмин қилаётганлар ҳам бор.

Зеро, сўнгги ойлар ичида расмий Тошкентнинг Ғарб, хусусан, Вашингтон билан муносабатларида илиқлашув сезилмоқда. Европа Иттифоқининг Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан жорий этилган санкцияларни бутунлай олиб ташлагани билан бу янада яққолроқ намоён бўлди.

Санжар Умаровнинг адвокати Суҳроб Исмоиловга кўра, НАТО етакчилигидаги халқаро коалиция кучларининг Афғонистондаги миссияси таъминотида Ўзбекистоннинг иштироки хусусида гап борган юқори даражали музокараларда сиёсий тутқунлар¸ хусусан Санжар Умаровни озод қилиш масаласи тилга олинган.

Исмоилов¸ Умаровнинг озод этилиши халқаро музокаралар натижаси, деган фикрни илгари сурмоқда.

Бироқ бу ҳозирча тахмин холос ва асл моҳият Санжар Умаровнинг ўзи ёхуд жилла қурса оила аъзолари билан суҳбатдан сўнг янада ойдинлашар, деган умиддамиз.

Аксар ҳуқуқ фаоллари йиллар давомидаги тажрибадан келиб чиқиб ўртага ташлаётган: "Умаров қай аҳволда ва қай шартлар билан озод этилди?" деган саволга ҳозирча фақат оила-аъзолари ҳамда Умаровнинг ўзидангина аниқ жавоб олиш мумкин.

Айни пайтда Ўзбекистон ҳукуматидан йиллар давомида озод этиши талаб қилинаётган ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари томонидан халқаро музокаралар чоғида стол устига қўйилаётган сиёсий маҳбуслар рўйхати узунлигича қолмоқда.

Мана бу рўйхатда номи келтирилган сиёсий маҳбуслардан баъзилари:

Мурод Жўраев, Эрк партияси аъзоси, мухолифат фаоли.
Мамадали Маҳмудов, таниқли ëзувчи.
Рашид Бекжонов, Эрк партияси аъзоси.
Муҳаммаджон Бекжонов, Эрк партияси аъзоси.
Юсуф Рўзимуродов, Эрк партияси аъзоси.
Самандар Қўқонов, собиқ депутат¸ Эрк партияси аъзоси.
Исоқ Абдуллаев, тадбиркор, ҳукумат танқидчиси.
Руҳиддин Фахруддинов, диний арбоб.
Акром Йўлдошев, диний арбоб.
Баҳодир Қамбаров, Мухолиф ëшлар ҳаракати етакчиси.
Юсуф Жумаев, халқ шоири.
Машраб Жумаев, сиëсий маҳбус Юсуф Жумаевнинг ўғли.
Солижон Абдураҳмонов, ҳуқуқ фаоли ва журналист.
Аъзам Турғунов, ҳуқуқ ҳимоячиси ва мухолифат вакили.
Исроил Холдоров, Эрк партияси аъзоси.
Абдурасул Худойназаров, Эзгулик жамияти вакили.
Мамаражаб Назаров, Эзгулик жамияти вакили.
Аъзам Фармонов, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли.
Алишер Кароматов, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли.
Ғайрат Михлибоев, журналист.
Абдусаттор Ризаев, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли.
Норбой Холжигитов, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли.

Бу рўйхатдан номи жой олмаган сиёсий маҳбусларнинг талай экани айтилади. Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисида туриб фаолият юритаётган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар ҳисоб-китобига кўра, мамлакат қамоқхоналарида қолаётган виждон тутқунларининг умумий сони бугун бир неча мингдан ортади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG