Линклар

Берлин девори яна бир бор қулади


Домино тошларидан қурилган 1¸5 кмлик рамзий девор 9 ноябр кунги тантаналар сўнггида бирин-кетин қулатилди.

Домино тошларидан қурилган 1¸5 кмлик рамзий девор 9 ноябр кунги тантаналар сўнггида бирин-кетин қулатилди.

Нафақат шарқий ва ғарбий Берлин¸ балки бир-бирига душман икки мафкурафий қутб ўртасидаги деворнинг орадан кўтарилганига бағишланган тантаналарда бу рамзий тўсиқ яна бир бор йиқилди.

Мазкур тарихий сана муносабати билан уюштирилган тантанали тадбирда собиқ девор чизиғи бўйлаб бир ярим километр масофага ўрнатилган баландлиги салкам икки ярим метрлик минг дона домино тошидан қурилган рамзий девор Польша мухолифатининг собиқ раҳбари Леҳ Валеса томонидан қулатилди.

Ёмғир ёғишига қарамай, тантанали маросимда Европа иттифоқига аъзо 27 давлат раҳбари, Иккинчи жаҳон уруши даврида иттифоқчи бўлган тўрт давлат етакчиси, таниқли сиёсий арбоблар, минглаб германияликлар ва мамлакатга ташриф буюрган меҳмонлар иштирок этди.

Германия канцлери Ангела Меркел “перестройка” сиёсати билан Берлин девори қулашига имконият яратган собиқ СССР президенти Михаил Горбачевга¸ алоҳида миннатдорлик билдирди.

Йиғилишда сўзлаган Ангела Меркел бу сана ҳамма учун улуғ байрам эканини айтди.

- Бу биз учун ажойиб кун. Бу кеча биз Германияда Бранденбург Дарвозаси олдида ушбу санани биргаликда нишонлар эканмиз, у нафақат германияликлар балки бутун европаликлар учун катта байрамдир, деди Германия раҳбари.

Ангела Меркел 1989 йил 9 ноябр тарихий кун бўлиши баробарида ўз ҳаëтидаги энг бахтли кун эканини таъкидлади.

- Берлин деворининг қулаши ниҳоят Совуқ уруш даври тугаганини англатади. У Германия ва бутун Европани бирлик, адолат ва эркинлик даврига етаклади. Шу боис 9 ноябр ҳаммамиз учун ҳамиша қувончли кун бўлиб қолади, деди Германия раҳбари.

Берлиндаги тадбирда АҚШ президенти Барак Обама қатнаша олмади. Аммо унинг йиғилиш иштирокчиларига видео мурожаати катта экран орқали намойиш қилинди.

Тарихий тадбир қатнашчиларидан яна бири Британия Бош вазири Гордон Браун Берлин деворининг қулаши нафақат бир шаҳар, бир давлат, балки бутун Европани қайта бирлаштирганини айтди.

- Сиз шаҳарнинг ярмини, мамлакат ярмини, қитъанинг ярмини ва дунёнинг ярмини қарийиб 30 йил давомида асирликда сақлаган деворни қулатдингиз. Жасоратингиз туфайли иккита Берлин, иккита Германия ва ҳозирда иккита Европа битта бўлди, деди Британия Бош вазири.

Байрам тантанасига йиғилганлар олдида сўзлаган АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон эса ўз тақдири учун курашган шарқий германияликларни олқишлади.

- Биз бу кеча деворнинг икки томонида бўлган германияликларни эслаяпмиз. Айниқса, оёққа туриб, “Етар, эркинлик туғилганимизда бизга берилган ҳуқуқ. Биз уни ўз қўлимизга оламиз” дея олган шарқий германияликларни хотирлаяпмиз, деди Ҳиллари Клинтон.

Бранденбург Дарвозаси олдида чиқиш қилган Россия президенти Дмитрий Медведев Берлин девори нафақат бир мамлакат балки бутун Европани иккига бўлиб қўйганини тан олди.

- Мен бу ерда Берлинда шуни айтмоқчиманки, ҳаммамиз қарама-қаршилик даври ўтмишда қолди¸ деган умиддамиз. Бугунги кунда, янги кўп қутублик дунёга ўтиш ҳам Европа¸ ҳам жаҳоннинг бошқа кўплаб давлатлари учун жуда муҳимдир, деди Россия президенти.

Берлин девори қулаганининг 20 йиллигига бағишланган тантанали маросимда ўйин-кулгу ва мушакбозлик билан тугади.
XS
SM
MD
LG