Линклар

logo-print

Ўтган ҳафтанинг айрим воқеалари оддий халқ орасида кўп такрорланадиган "Ўзбекнинг кичиги бўлгандан¸ ўриснинг кучуги бўл" маталини хаëлан шундай ўзгартишга ундади...

Ўтган ҳафта жума куни тунги навбатдан уйга қайтаётиб, хориж радиоси берган бир хабарни эшитиб, аввал кулгим келди, кейин уйга етиб боргунимча кетган 15 дақиқа давомида мулоҳазаларга берилиб, ҳавасим келди.

Воқеа тафсилоти бундай:

Британия Ташқи ишлар вазирлиги визаси тугаб қолган Боливия фуқаросидан мамлакатни тарк этишни талаб қилади. Лекин боливиялик Британияда яшаган даврида мушук боқиб олгани ва агар мамлакатни тарк этадиган бўлса, бир томондан мушук етим қолиб, изтироб чекиши, иккинчи томондан етим қолган мушугининг изтиробларидан ўзи ҳам қаттиқ қайғуга тушиши мумкинлиги ҳақида судга арз қилади.

Британия суди бу аризанинг, юмшоқ қилиб айтганда, бироз ғалати бўлишига қарамасдан, мушук билан боливиялик чекиши мумкин бўлган изтироблар уларнинг ҳуқуқлари топталишига сабаб бўлишини айтиб, аризачи фойдасига ҳукм чиқарaди. Ҳокимиятнинг уч бутоғидан бири бўлмиш суд¸ визаси тугаб қолганига қарамасдан, Британия Бош вазири маъмуриятидан кейин нуфузи бўйича иккинчи ўринда турадиган Foreign Office қора рўйхатига тушган боливияликнинг тарафини олади ва унга мамлкатда қолишга рухсат беради. Мушук ва унинг боливиялик эгасининг шахсий ҳаёти дахлсиз экани инобатга олинган ҳолда, уларнинг исми ошкор қилинмаслиги ҳам суд ҳукмида белгилаб қўйилади.

Айтганимдай, аввал кулгим келди, кейин “Мана буни мустақил суд деса бўлади!”, деб ҳавас қилдим.

Бизда ҳам бир кун келиб инсон ана шундай қадрланармикин, ҳокимият бутоқларидан бири бўлмиш суд шунчалар мустақил бўла олармикин, деган саволларга жавоб излашга тутиндим.

Лекин ўқиётганингиз бу гапларни инглиз мушуги ва боливиялик тақдирининг бахайр тугагани ёки Британия судининг шу даражада мустақил эканига қойил қолганимдан ҳосил бўлган мулоҳазаларни Сизга етказиш ниятида ёзаётганим йўқ.

Ўша куни тунги навбатдан кейин дам олиб бўлгач, кечга яқин уйимизга меҳмон чақирган эдик. Меҳмонлардан бири “Фаррух, эшитдингизми журналист Дилмурод Саййиднинг турмуш ўртоғи ва 6 яшар қизи уни қамоққа кўргани кетаётиб аварияга учрабди, иккаласи ҳам ўша жойда ҳалок бўлибди”, деди. Юрагим “жиз” этди. “Жиз” этдию, “яхши бўлмабди-да, Худо раҳмат қилсин!”, деб юзимга фотиҳа тортдиму, меҳмонларга қарадим, чой келтирдим.

Бу гап орасида меҳмонлардан яна бири – немис дўстимиз, “Нима бўлди, нима ҳақда гаплашаяпсизлар”, деб сўраб қолди. Бўлган воқеани унга тушунтирган бўлдик. Воқеани эшитиши ҳамоно немис дўстимниг юзи ва кўзида акс этган даҳшатни, унинг учун жуда олис бўлган бир мамлакатдаги борлигидан ҳатто бехабар ҳам бўлгани бир оиланинг жувонмарг бўлганидан қанчалар изтиробга тушганини кўриб, очиғи хижолат тортдим.

Инглиз мушуги ва боливиялик ҳақида уларга гапириб бермоқчи бўлган ҳикоям ҳам эсдан чиқиб кетди.

Ўша куни меҳмонларнинг кўнглини олиш учун улар билан гурунг қиларканман, дастурхонга қарашга ундарканман, бир ўзбек оиласининг буткул йўққа чиққанига немис дўстимчалик ҳамдард бўла олмаганимдан хижолатчилик ҳисси мени тарк этмади.

"Биз журналистлар, айниқса, Озодлик мухбирлари бу каби воқеалар ҳақидаги хабарларни эшитавериб, уларни ёритавериб, этимиз шунчалик қалинлашиб кетдимикин?", деган савол мени ўша кундан бери қийнайди.

Ўша кундан бери мени таъқиб қилаётган бу савол, нафақат журналистлар, балким мен бир вакили бўлган ўзбек жамияти ҳам бундай фожиаларга бефарқ бўлиб қолдимикин, деган xаёлларни туғдирди.

Айтишларича, марҳум Барно Жуманованинг отаси ва 6 яшар Рухшонанинг буваси таъзияга келаётган Дилмурод Саййиднинг ҳамкасбларини, “Мен президент Ислом Каримов сиёсатига қаршимасман, уни қўллаб-қувватлайман”, деган гаплар билан кутиб олаётган экан.

Фожиага оид Озодлик мақоласи остида эса, бир муштариймиз “Каримов режимида яшагандан кўра инсонларнинг ўлиб кетгани яхшироқ”, деган фикр ëзилган шарҳ қолдирибди.

Фожиали воқеа ортидан чиқаётган бу каби гаплар биз ўзбекларнинг атрофимизда рўй бераётган воқеликка бефарқ бўлиб бораётганимиз, инсон қадрининг кундан-кунга “арзонлашиб” кетаётганидан дарак эмасми?

Дилмурод Саййид оиласининг фожиаси, 30 миллионлик маррага яқинлашаётган ўзбекларнинг турмушида кунда учрайдиган минглаб фожиаларнинг биттасигина эмасми?

Албатта, ҳаммаси “режим олиб бораётган сиёсат натижаси¸ унга бизнинг алоқамиз йўқ", деб бу фожиаларни кўргиликка йўйиш осон.

Лекин “режим сиёсатининг” биз истаган йўлдан чиқиб, бошқа ўзанларга тушиб олганида баримизнинг ҳиссамиз йўқмикан?

Бир ноҳақ қамалган инсоннинг рафиқаси ва 6 яшар қизчаси уни кўргани кетаётиб, аварияда ҳалок бўлибди, деган гапни эшитгач, “Худо раҳмат қилсин”, деб, кўпчилигимиз учун шунчаки бир одат бўлиб қолган ритуал ўлароқ, юзимизга фотиҳа тортиб қўйишдан бошқа нарсага ярамаётганимиз бу фожиаларнинг асосий сабабларидан эмасмикан?

Ноҳақ қамалаган киши... У нега ноҳақ қамалди? Ҳокимият дарахтининг¸ аввал-бошданоқ яхши буталмаган уччала бутоғининг гажак бўлиб, бир-бирига чирмашиб, ўралиб кетиб, анча йиллардан бери аччиқ мева бераётган дарахтга айлангани учун ким айбдор?

Қуруқ фактларга қарасак, Дилмурод Саййид оиласининг фожиасига ўша куни, яъни 5 ноябр, пайшанба куни вужудга келган вазият олиб келди – қамоқда сил касаллигига чалинган журналист турмуш ўртоғидан соғинган қизалоғини олиб келишни илтимос қилади; Барно Жуманова қизи билан киракаш Нексияда йўлга чиқади; тирикчилик илинжида ҳайдовчи ўз Нексиясига тўрт ўрнига олти йўловчи олади ва тезроқ манзилга етиб¸ тезроқ пулни олиш учун катта тезликда кетаётиб, юк машинаси билан тўқнашиб кетади.

(Дарвоқе бу автоҳалокат журналист оиласидан ташқари нобуд бўлган яна тўрт кишининг яқинлари учун ҳам фожиадир)

Лекин айтганимдай¸ бу ўша кунги вазиятга оид қуруқ фактлар ва улар хабар учун ярайди¸ холос.

Бу вазиятнинг вужудга келишига ким айбдор, фақат йўл ҳаракатини бузган ҳайдовчиларми?

Ё, ўзи ва миллатдошлари қисматига бир немисчалик ачинмай қўйган, бир ўзбекнинг бошига тушган оғир мусибатдан юраги шунчаки “жиз” этишдан нарига ўтмай, ўз қадр-қимматини инглиз мушугиникичалик кўрмасликка кўникиб қолган ўзбекми?

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG