Линклар

Бўстонлиқдан вертолётда қайтишда Карл Отто Конрадининг “Гёте. Ҳаёти ва ижоди” номли китобининг иккинчи жилдини хатчўп қистириб қўйилган саҳифасидан бошлаб ўқиб келдим.

Бошқаларни билмадим-у, ман бир ўтиришда битта китобни бошдан-адоқ ўқиб тугатолмайман: бирйўла бир нечта китобни аста-секин ўқийвераман. Қазини ҳам қанча кўп чайнасангиз, мазаси шунча кўп чиқади. Яхши китоб ҳам қазига ўхшайди. Гётенинг ёзувчилиги ўз йўлига, мани кўпроқ унинг инсоний қиёфаси қизиқтиради.

Нега бизнинг ёзувчиларимиз хушомадгўйликни касб қилиб олган? Ростдан ҳам хушомадгўйлик бу касб эгаларининг одатими ёки улар ичида бошқа одам-у, сиртида бошқа одам бўладими? Агар шундай бўлса, демак, ёппасига мунофиқ экан-да!.. Биттаси мунофиқлик қилавериб рангпар бўлиб қолган, бошқаси нажасга тўйиб олган хўроз мисоли доим қип-қизариб юради. Адабиёт даргоҳида ўралашиб юрадиган мокиёнлару жўжахўрозлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади...

1808 йилда олмон диёрини ишғол қилган жаҳонгир Наполеон Бонапарт атайлаб Гётени ҳузурига таклиф этади. Учрашув чоғида: “Сиз эркаксиз!” дейди император. Сўнг “Ёш Вертернинг изтироблари” тўғрисида фикр-мулоҳазаларини баён этади. Муаллиф шаънига илиқ гаплар айтади. Гёте ўзини сипо тутади: ялтоқланмайди, эгилиб-букилмайди. Европанинг барча императорлари, бош вазирлари, қироллари букилиб турган даврда Гёте мағрур туриб Наполеоннинг саволларига қисқа-лўнда жавоб бериб кабинетни тарк этади. Генераллар қуршовида аллақандай ҳарбий операцияни муҳокама этаётган Император харитадан бош кўтариб Гётенинг орқасидан назар ташлайдию: “Voila in homme!” (“Бу ҳақиқий инсон!”) деб хитоб қилади.

Ўша учрашувдан сўнг орадан салкам чорак аср вақт ўтади. Етмиш уч яшар кекса адиб Мариенбад курортида ўттиз тўрт яшар Амалия хоним ва унинг қизлари билан танишиб қолади. Уч опа-сингилнинг тўнғичи Улрика – 17 яшар, кичик Амалия – 15 яшар, кенжатой Берта – 13 яшар эди. Амалия хонимнинг эри вафот этган, ёшгина бева эди. У машҳур адиб билан яқиндан танишганидан бағоят хурсанд бўлади. Гёте бўш вақтларини қизлар даврасида ўтказа бошлайди. Улрикага эндигина чоп этилган “Вилгелм Майстернинг дарбадарлик йиллари” китобини совға қилади. Улрика бу китобнинг “Ўқиш йиллари” номли дастлабки жилдини мутолаа қилмаган эди, муаллиф унга китоб воқеаларини ҳикоя қилиб беради. Туйғулар туташади. Гётенинг қалбидан отилиб чиққан оташин муҳаббат Улриканинг покиза юрагида акс садо беради. Улар бир-бирини севиб қолади. Улрика буюк адибдан 57 яшар кичкина эди. Ўртадаги ёш тафовути чинакам муҳаббатга тўсиқ бўлолмайди. Аммо умрида чин муҳаббат кўчасидан ўтмаган шаҳватпараст Амалия хоним қалқон кўтариб уларнинг йўлига ғов бўлади: “Одамлар нима дейди? Қизимга эмас, ўзимга уйланса, майли розиман! Ҳатто Наполеоннинг ўзи дунёни титратиб турган даврида совчи бўлиб келганда ҳам Улрикани эсини еган Гётега бермасдим...”

Улрика ўз ёғига ўзи қовурилиб юраверади. Гёте сўнгги муҳаббатидан хотира сифатида “Элегиялар” туркумини яратади, бир қатор шеърларини севгилисига бағишлайди.

Гарчанд Улрика онасининг дийдиёларидан сўнг Гётега турмушга чиқмаган бўлса-да, аммо бир умр ҳақиқий муҳаббатга содиқ бўлиб қолади – то умрининг охиригача эрга тегмайди. Орадан 76 (етмиш олти-я!) йил ўтгач, Гёте вафот этганидан кейин 66 йил ўтиб “Мариенбад хотиралари”ни қоғозга тушириб, илк муҳаббатини 94 (тўқсон тўрт!) яшар кампир бўлган чоғларида соғиниб эслайди. Улрика салкам саксон йил давомида ўкинч билан яшайди, алам билан яшайди. У ҳақиқий муҳаббатга муносиб эди. Гёте уни бекорга яхши кўрмаган эди: покиза қалбни покиза туйғулар излаб топади.

Амалия хонимни кимга ўхшатиш мумкин? Ҳозир ҳам унга ўхшаган – қизларига ўз ҳукмини зўрлаб ўтказишни “оналик бурчи” деб ҳисоблайдиган жанговар хотинлар бормикан?..

“Бор бўлса, аларга еткариб қўйинг:
Ёвга терс қараган мусулмон эмас,
ёвга терс қараган мусулмон эмас,
ёвга терс қараган мусулмон эмас,
ёвга терс қараган мусулмон эмас,
ёвга терс қараган мусулмон эмас!”
XS
SM
MD
LG