Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:29

Тожикистонда электр тақчиллашди


Авария оқибатида тожикистонликлар баробарида афғонистонлик ва ўзбекистонликлар ҳам ëруғликсиқ қолишди.
Авария оқибатида тожикистонликлар баробарида афғонистонлик ва ўзбекистонликлар ҳам ëруғликсиқ қолишди.

9 ноябр эрталаб Тожикистоннинг Норак ГЭСида рўй берган авария учун тожик энергетиклари Ўзбекистонни айблашмоқда. Авария оқибатида тожикистонликларнинг 70 фоизи чироқсиз қолди.

Тожикистоннинг “Барқи тожик” очиқ ҳиссадорлик ширкат расмийси Нозиржон Ёдгорийга кўра Норак ГЭСидаги авария Ўзбекистон ўз ҳудудидан ўтадиган электр тармоқларининг жанубий йўналишини Марказий Осиё ягона тармоғидан узиб қўйгани сабаб юзага чиққан.

Айни пайтда жаноб Ëдгорий¸ Тожикистон энерготизими сўнгги бир неча кеча кундуз давомида автоном режада ишлаб келаëтгани авариянинг бевосита сабаби эканини айтади.

- Сизга маълумки¸ Ўзбекистон Марказий Осиё ягона энерготизимидан ажралиб чиқмоқчи. Улар таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани баҳонасида жанубий йўналишдаги тармоқларини Марказий Осиё ягона тизимидан узиб қўйган. Шу нуқтаи назардан бизнинг энерготизимларимиз сўнгги бир неча кун ичида автоном тарзда, яъни ўз қуввати билан ишлаётган эди. Бунинг натижасида энерготизимимизда босим кучайиб кетиб, ГЭСда авария юз берди, дейди “Барқи тожик” ширкат масъули.

Нозиржон Ёдгорий тожикистонлик энергетиклар рўй берган авария оқибатларини зудлик билан бартараф қилгани боис¸ воқеа рўй берган вақтдан икки соат ўтиб, мамлакат энерготизимлари тўла ишга туширилганини қўшимча қилди.

9 ноябр эрталаб тахминан соат олти яримда Тожикистоннинг 70 фоиз аҳолиси электр таъминотидан узилиб қолди. Жумладан¸ Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳри ҳам электр таъминотидан батамом узилиб, ҳаво совуқ бўлгани сабабли айрим корхона ва муассасаларда бир кунлик таътил эълон қилинди.

REGNIUM ахборот агентлиги тарқатган маълумотга кўра, Норакда рўй берган авария ортидан Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоят аҳолиси ҳам электр таъъминотидан узилиб қолган.

Аввалига нима бўлганини ошкор этмаган “Барқи тожик” масъуллари бир неча соат ўтиб, Норак ГЭСида техник авария рўй берганини билдиришди ва мазкур ҳодисада Ўзбекистонни айблашди.

Ўзбекистон ўз энергетик тармоқларида таъмирлаш ишлари олиб бораётгани сабабли Туркманистондан Тожикистонга электр трназити ҳам амалга оширилмай қолмоқда.

Аснода соҳа бўйича мустақил таҳлилчилар душанба кунги авария Тожикистон энерготизимининг ишга яроқсизлигини очиқ кўрсатганини урғулашмоқда.

Тожикистон Фанлар академияси қошидаги сув ва энергетик тадқиқотлар маркази масъули Грегорий Петров “агар мазкур воқеадан бугун тўғри хулоса чиқарилмаса, эртага фожиа рўй бериши мумкин” дея мулоҳаза юритади.

- Албатта¸ бу авария Сояна Шушада рўй берган авария эмас. Аммо ҳамма нарсанинг ҳисоб-китоби бор. Агар бу ҳодиса тўғри таҳлил қилиниб, зарур хулоса чиқарилмас экан¸ эртага кеч бўлади. Бу мамлакат энерготизимини тартибга келтириш борасида бир огоҳлантириш эди¸ десак хато бўлмас, дейди Петров.

Грегорий Петров, сўнгги йиллар Тожикистон энерготизимида таъмирлаш ишлари ўтказиш, электр узатиш янги тармоқларини қуриш мақсадида миллионлаб доллар сарфланаётган бўлса-да¸ амалда энерготизим устидаги таҳдидлар аримаëтганини қўшиб ўтади.

- Аммо республикада ҳаво даражасининг +10 градусдан пастга тушиши ортидан Норак ГЭСи ва 500 киловолтлик электр узатиш Регар-Норак йирик тармоғида авария юз берди. Бу ерда айбни ташқаридан эмас, ўзимиздан қидиришимиз лозим, дейди Фанлар академияси масъули.

Тожикистонда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг тахминан 70 фоизи ўтган асрнинг 70-йилларида қурилган Норак ГЭСи ҳиссасига тўғри келади.

Норак ГЭСи ва юқори кучланишли электр тармоқларининг ишга яроқсизлиги, боз устига электр импортининг йўлга қўйилмагани асосида мустақил таҳлилчилар бу йил Тожикистон энергетика инқирозига учраши мумкинлигини башорат қилишмоқда.
XS
SM
MD
LG