Линклар

logo-print

Статистика яна алдади

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистонда турмуш қураëтганларнинг кўпчилиги давлат қайдидан ўтмаëтгани боис¸ кузатувчилар ажрашлар сонининг ҳам камлигини айтишмоқда.

Ўзбекистонда турмуш қураëтганларнинг кўпчилиги давлат қайдидан ўтмаëтгани боис¸ кузатувчилар ажрашлар сонининг ҳам камлигини айтишмоқда.

Ўзбекистондаги демографик вазиятга оид янги рақамларни эълон қилган Давлат статистика қўмитасига кўра¸ мамлакатда оилалар мустаҳкамланиб¸ ажрашлар сони камайиб бормоқда.

2010 йилнинг 1 февралигача Ўзбекистон аҳолиси 28 миллион кишига етиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси эълон қилган маълумотлар ана шундай ҳисоб-китоб қилишга имкон беради.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг 9 ойи мобайнида мамлакат аҳолиси 335 минг 800 кишига кўпайиб, аҳолининг умумий нуфузи 27 млн. 869 минг, 200 кишига етган.

Статистика қўмитаси эълон қилган маълумотларда мамлакатда қайд этилаётган никоҳлар ҳамда ажралишларга оид рақамлар ҳам борки, улар фавқулодда қизиқ туюлди.

Давлат статистика қўмитасига кўра, жорий йилнинг тўққиз ойида Ўзбекистон бўйлаб 175 минг 300 та никоҳ қайд этилган.

Айни даврда 12 минг 700 эр-хотин никоҳини бузган – ажралган.

Яъни ҳар 1000 кишига 8,4 та никоҳ ва 0,6 та ажралиш тўғри келган.

Демак, турмуш қураётган тақрибан 14 эр-хотиндан бир жуфтигина ажралмоқда.

Хўш, никоҳлар билан ажралишлар орасидаги бу фарқни қандай баҳолаш мумкин?

Бу кўрсаткичлар ўзбек оиласи мустаҳкамроқ бўлиб бормоқда, дейишга асос бўла оладими?

Қиёслаб кўринг: “Коммерсантъ” газетаси 2008 йили Россияда ҳар минг кишига 8,3 та никоҳ (Ўзбекистондагидай) ва 5 та ажралиш тўғри келгани тўғрисида шу йил июн ойида ёзган эди.

Демак, россиялик эр-хотинлар ўзбекистонликларга қараганда 9 марта кўп ажралар экан.

Ҳайрон қолдирадиган эмас, ҳайратга соладиган ҳодиса, тўғрими?

Бунинг сабабини марғилонлик бир суҳбатдошимиз мана бундай тушунтиришга ҳаракат қилди.

- Ота ўзининг ўғлини уйлаш учун пул йиғади. Пул йиғиб тўй қилади. Биз ўзбеклар миллион-миллион пул сарфлаймиз тўйга. Энди қанақа қилиб ажрашади бечора зўрға уйлаган бўлса фарзандини. Бечора куëв бола зўрға уйланган бўлса¸ қанақа қилиб ажрашади¸ дейди бу марғилонлик.

Балки бу гапда ҳам жон бордир. Лекин бу изоҳ жуда жўн кўринди.

Ахир россиялик ҳам хотинни текинга олаётгани йўқ-ку?!

Самарқанд вилояти туманларидан бирининг Фуқаролик ҳуқуқий далолатномаларни ёзиш бўлими вакилининг айтишича, кейинги йилларда ажралишлар камайгани бор гап.

Суҳбатдошимиз ажралиш билан боғлиқ ишларни асосан судлар кўриб чиқишини эслатар экан, фикрини давом эттириб, деди:

- ФҲДË бўлимида ажрашиш қачонки ўртада фарзанд бўлмаса ëки мулкий низо бўлмаса қабул қилинади. Бунақалар ҳозир жуда ҳам кам.

Озодлик: Бу камайиб кетганини нима билан изоҳлаш мумкин? Оила мустаҳкамроқ бўлиб қолдими?

- Албатта¸ балки¸ да. Чунки ҳамма никоҳ қайд қилишдан олдин тиббий кўрикдан ўтади¸ бир ойлик муҳлат берилади¸ бир-бирини синайди. Шундай деб ўйлайман мен ҳам¸ дейди Самарқанд вилояти туманларидан бирининг Фуқаролик ҳуқуқий далолатномаларни ёзиш бўлими вакили.

Шунга ўхшаш фикрни Сирдарёдаги ФҲДЁлардан бирининг ходимидан ҳам эшитдик. Унинг айтишича, ажралишлар ўтган йилларга нисбатан камайган.

Озодлик: Буни нима билан изоҳлаш мумкин? Бу оила мустаҳкамроқ бўлиб бқолаëтганининг аломатими ëки бошқа нарсанинг аломатими?

- Кўпроқ тушунтиришлар олиб борилаяпти¸ тарғибот ишлари олиб борилаяпти¸ ажримларнинг олди олинаяпти. Жойларда¸ маҳаллаларда иш олиб борилаяпти. Мана яраштириш комиссияларимиз бор. Масалан¸ биринчи бизга мурожаат қилиб келишади¸ биз эса олдин маҳаллаларга юборамиз. Олдин маҳалла гаплашади¸ яраштиришга ҳаракат қилади. Нима сабабдан ажралишмоқчи ва бошқа сабабларни ўрганишга ҳаракат қилишади. Жуда бўлмайдиган ҳолатдагина бизга мурожаат қилишади. Биз ҳам уларни яраштиришга ҳаракат қилаяпмиз. Битта оила бор эди. Ҳаракат қилдик¸ ярашиб кетишди. Ажралишмоқчи эди. Тушунтиришлар бўлгандан кейин ўша оила яна ярашиб кетди¸ дейди Сирдарёдаги ФҲДЁлардан бирининг ходими.

ЗАГС опаларнинг гапларига ишонмасликка асосимиз йўқ. Лекин улар айтаётган ҳақ гаплар ҳақиқатнинг бир томони холосга ўхшайди.

Ҳар ҳолда Хоразмдаги “Меҳригиё” Хотин-қизлар маркази раҳбари Насиба опа шу кунда кўпчиликни ўйлантираётган бир гапни айтдики, айнан ана шу ҳодиса статистика қайд этган ижобий кўрсаткичга асос бўлган бўлса керак.

Аввало, суҳбатдошимиз, Давлат статистика қўмитасининг ажралишлар кўлами тўғрисидаги маълумотига муносабат билдирар экан, бундай деди:

- Бу рақамлар ўртача умумлашган статистикага тўғри келади. Умумлашган ўртача статистикага¸ дейди Насиба опа.

“Умумлашган ўртача статистикага”, деб таъкидлади суҳбатдошимиз.

Бироқ, деб давом этди Насиба опа,

- Кўпчилик қишлоқ аҳолиси¸ туман аҳолиси¸ ëки шаҳарда ҳам учраб туради¸ турмуш қурадию¸ ҳали никоҳдан ўтмайди. Никоҳ қилишади¸ давлат рўйхатидан ўтмайди. Мана шуларнинг ажралишлари статистикада рўйхатга олинмайди. Масалан¸ бир оилада иккита фарзанди билан яшаëтган аëл ҳалигача никоҳдан ўтмаган. Эри бошқа хотинга уйланган. Бошқа хотиндан боласи бор. Бу хотинидан без регистрации ЗАГСа иккита боласи бор. Буларга қандай қарайсиз¸ дейди Насиба опа.

Хоразмдаги “Меҳригиё” Хотин-қизлар маркази раҳбари Насиба опа айтаётган ҳолат, яъни никоҳни давлат органларида қайд эттирмаслик кейинги йилларда “урф” бўлиб кетди, дейиш мумкин.

Бояги марғилонлик суҳбатдошимиздан эшитинг:

- Мана қўшни маҳалламиздаги келинчак 17 ëшга умуман кирмаган. Балоғат ëшига етмаган. Келинлик либосларини кийдиришиб¸ машиналарга солиб шаҳарани айлантириб олиб келишиб¸ ЗАГСдан ўтган деб ҳисоблаб¸ тантана қилишди. Аслида у давлат қайдидан ўтгани йўқку. Бунақасидан сизга неча санаб берай?

Озодлик: Ўша қайд этилмагани иккита никоҳдан биттаси деса бўладими?

- Йўқ¸ учтадан биттаси деяверайлик¸ дейди марғилонлик суҳбатдош.

Демак, бу марғилонлик фикрича, ҳар учта никоҳдан биттаси қайд этилмаяпти. Бинобарин, ўша қайд этилмаган никоҳларнинг бузилгани ҳам қайд этилмайди.

Масаланинг нақадар жиддийлигини ҳис қилишингиз учун яна бир рақам келтирамиз. У Қирғизистонга оид.

Оилавий масалаларни ўрганувчи “Сезим” ташкилоти маълумотларига қараганда, бу мамлакатда ўқилаётган никоҳларнинг 65 фоизи давлат органларида қайд этилмаяпти.

Агар Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан бир девор эканлигини, қўшнилар аҳолиси кўп жиҳатдан бир-бирига ўхшаш эканлигини ҳисобга олсак, "Сезим" ташкилоти Қирғизистон бўйича келтирган кўрсаткичга яқин кўрсаткич Ўзбекистонга ҳам оид деган фикрга келишимиз қийин эмас.

Мана қаердан пайдо бўлди Давлат статистика қўмитасининг ажралишларга оид ижобий статистикаси!

Лекин статистика – қуруқ рақам. У ҳис-ҳаяжонни билмайди. айниқса, вазиятни бузиб кўрсатиш билан бор ҳисларни ҳам бостиради. Одамни бамайлихотир қилиб қўяди.

Бамайлихотирлик эса, хавфли. Айниқса, никоҳини давлат қайдидан ўтказишни талаб қилмайдиган келинчаклар учун.

Шу сабабли ҳам хоразмлик Насиба опа уларга мурожаат қилиб, “Мен аëлларга қарата бир нарсани айтган бўлардим. Ўзингни севишни ўрган. Ўзингни севишни ва ўзингни қайғуришни ўргансанг¸ юрагинг сенга тўғри йўл кўрсатади деган бўлардим”¸ деди.

Ана ўшанда статистика ҳам алдамайди, алдаёлмайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG