Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:51

Қишлоқдагилар яна тезак ғамламоқда


Аксар қишлоқликларнинг қишу ëз жонига оро кирадигани¸ уларнинг чорваси бўлиб қолган.
Аксар қишлоқликларнинг қишу ëз жонига оро кирадигани¸ уларнинг чорваси бўлиб қолган.

Ўзбекистонга бу йил эрта совуқ тушди.Тошкентда кечаси ҳаво ҳарорати 0 дан пастлаган бўлса¸ Сирдарёда қор учқунлади. Бундан эса¸ қишлоқдагилар кўнглига "бу йил қандай қишлайман?" деган ғулғула оралади.

"Яхшиям қишлоқдаги ўзбекнинг моли бор!", дегинг келади қишга тайёрланаётган ўзбекистонликларнинг гапини эшитиб.

Мол¸ ҳар ҳолда қишда бир пиёла иссиқ сут беради, бола-чақадан сал орттирилгани бир қошиқ сариёғ бўлади. Қиш-қировли кунларда эса¸ унинг тезаги ҳам асқотади.

Ўзбекистон аҳолисининг ҳамон кўпчилиги қишлоқларда яшайди, уларнинг аксариятининг уйига узундан узун газ қувурлари ҳам тортилган. Лекин айни керакли пайтда, қиш келиши билан негадир бу қувурлар бўшаб қолади ёки босим деган нарса жуда пасайиб кетади.

Бугунги мавзуни атайлаб Қашқадарёдан танладик. Зеро, Қашқадарё газнинг кони. Собиқ иттифоқ пайтида, Ўзбекистон Кремл ихтиёрида бўлган даврда ҳам Қашқадарёдаги қувурлардан газ аримаган, уйларда электр чироғи сира ўчмаган. Бугун эса, Ўзбекистон мустақиллигининг 18- йилида одамлар мамлакатнинг табиий бойлиги бўлган газга ёлчимаётгани, кунлари яна тезакка қолганини гапиришмоқда.

- Масалан¸ мен шахсан ўзимдан мисол қилиб гапирадиган бўлсам¸ чўлдан чўпонлардан қий олиб келаман халта билан. Кейин битта сигир бўлади доим. Шунинг тезагини йиғамиз. Қуриган дарахтларни кесиб ғамлаймиз. Иккита-иккита¸ учта-учта ғўзапоя оламиз. Ана шунақа қилиб кун кечирамизда. Кўп кишиларникида ўтган йилги ғўзапоя. Бу йилги ғўзапоя ҳали бошлангани йўқда. Ўтган йили ғўзапоянинг бир тележкасини 60-70 мингдан олган эдик. Бу йил неча пул бўлади билмаймиз. Ғўзапоянинг ҳам қадри йилдан-йилга ошиб бораяпти¸ дейди қишга тайёргарлик кўришнинг ибтидоий усулини қўллаëтган қашқадарёлик Абдураҳмон бобо.

Бобонинг қишлоғи¸ айтишича¸ шундоққина газнинг устида “ўтиради” -Ўзбекистондаги энг йирик конлардан бири "Шўртангаз” мажмуаси қудуқлари қишлоқнинг бурнида жойлашган. “Кўрмоқ бору, емоқ йўқ“ ¸ лекин “емаган сомсага пул тўлаш” бор, деб давом этади Абдураҳмон бобо:

- Масалан¸ "Шўртангаз"нинг қудуқлари биздан 25 километр узоқда. Газнинг босими эса умуман нол. Аҳоли билан пул йиғиб¸ 1985 йилда газ ўтказган эдик. Давлат томонидан ўтказиб берилгани йўқ. 10 йил яхши бўлди. 1995 йилдан бери газ бир ойча сал яхшиланиб қолса¸ жон бошига мана бунчадан бўлар экан¸ деб пул сўраб келади. Бермасангиз¸ қўймайди¸ дейди Абдураҳмон бобо.

Шаҳрисабзлик Асад ака Абдураҳмон бобонинг айтганларини қувватлар экан, ўзбекистонликларнинг бугунги газ таъминоти аҳволини тасвирлашга яна бир мақол қистириб ўтади.

- Олти-етти йилдан буëн қиш фаслида умуман газ берилмайди. Қиш фасли яқинлашган сайин тақа-тақ тўхтатилади. Мана ҳозир ҳам умуман йўқ. Қўни-қўшни ҳаммаси ўтин сотиб олади. "Бўзчи белбоққа ëлчимайди"¸ дейишадику. Ўзимиздан чиққан нарсани ўзимизнинг халқимизга бермагандан кейин нима қиласиз энди? Уларни энди Худога топшириб қўясиз. Уларни сўкиб бўлмайди. Ўтин сотиб оламиз. Молнинг тапписидан тезак тайëрлаб¸ аралаш қилиб печкага ҳам¸ овқат тайëрлашга ҳам мана шундай қилиб ишлатамизда¸ дейди Асад ака.

Уйларни иситишнинг яна бир йўли бу кўмир. Лекин кўмир ҳам ҳамма жойда йўқ. Масалан, Қашқадарёнинг Қарши туманида:

- Доим сотилаëтгани жойи¸ биринчидан¸ йўқ. Баъзи бир магазинларда кўмир бўлади. Ўтган йил мен ўзим бир халтасини 12 минг сўмдан олган эдим. 40 кило келадиган халтага жойланган кўмир. Кўмир сотиладиган омборхона¸ арзонроқ сотиладиган ер йўқ. Энди ўша магазинлар ҳам Тошкентдан олиб келадими¸ бошқа қиладими¸ дейди Абдураҳмон бобо.

“Одамларчи, одамлар. Нега арз қилишмайди? Нега бу ҳақда ҳокимиятга шикоят қилмайди” дерсиз. Улар минг бора арз қилишган, бироқ масалага ечим йўқ.

- Ҳокимиятга ҳам¸ газ идорасига ҳам боришади¸ қўнғироқ ҳам қилишади¸ дейди шаҳрисабзлик Асад ака.

Агар Ўзбекистоннинг ҳамма қишлоқларида ҳам газ умуман йўқ десак, ёлғон бўлиши мумкин. Фарғона вилоятининг Фарғона туманида яшайдиган Улуғбекнинг айтишича, уларнинг қишлоқлари катта газ қувурларига яқин жойлашгани учунми, бундай муаммо йўқ:

- Қиш ўзи кечадан ҳаракатини қилди. Кечаги ëмғир қишнинг дарагини берди. Асосий муаммо энди газга бориб тақалади. Ҳозирча бизда газлар яхши. Фарғона водийсининг Қувасой томонларда ҳозирча газ яхши. Қишда узилиш бўлмасдан мана шундай бўлса¸ яхши бўлади. Одамларнинг биринчи қайғуси газ¸ кейин свет. Свет ҳар йили режа бўйича ўчиб туради. Ҳозир свет ўчиши ҳам бошланди¸ дейди фарғоналик Улуғбек.
XS
SM
MD
LG