Линклар

logo-print

Қават-қават ëлғонлар

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистондаги пахта кампанияси устига ҳукумат кийғизган тантанали ниқоб олиб ташланса¸ унинг ортида буткул бошқа манзара кўрилади.

Ўзбекистондаги пахта кампанияси устига ҳукумат кийғизган тантанали ниқоб олиб ташланса¸ унинг ортида буткул бошқа манзара кўрилади.

Ўзбекистонда яна бир пахта мавсуми якунлаб қолди. Бу мавсумни ичкари ва ташқаридан кузатганлар¸ кампаниянинг яна бошдан-оëқ ëлғонлар билан ўтганини қайд этадилар.

Ўзбекистондаги пахта йиғим-теримининг тугаши муносабати билан ўтказилаëтган бугунги "Қурултой" дастурида Бухоро вилоятининг Жондор туманидан фермер Бобомурод Раззоқов, Жиззах вилоятидан фермер Мамиржон Азимов, Шаҳрисабздан Абдулла ва Лондондан мустақил журналист Шоҳида Ёқуб иштирок этишади.

Шунингдек биз эшиттириш давомида Қашқадарёнинг Қарши туманидан бўлган пенсионер Абдураҳмон бобо билан боғланишга ҳаракат қиламиз.

Ўтган ҳафтада Ўзбекистон Президенти деҳқон ва фермерларни 3 миллион 400 минг тонналик хирмон билан табриклади. Деҳқонларнинг заҳматли ва шарафли меҳнатларига тасаннолар ўқилди.

Деҳқонларнинг бу мақтов ва шарафлардан кўнгли қанчалик тўлгани ва тўлмагани биз учун ҳозир қоронғу бўлиб турибдию, лекин кузатувчилар назарида¸ бу мақтовларнинг асосий қисми пахтани териб берган болаларга айтилиши лозим эди. Лекин табрикда бу ҳақда ҳеч нарса дейилмаган. Ваҳоланки¸ Ўзбекистонда ҳозир ҳам “оқ олтин”ни яратгувчилар нозик кафтлари қавариб кетмон чопган, ғўза яганасидан нозик панжалари қовжираб қолган, тонгдан шомга қадар пахта терган болалар Ўзбекистон болалари бўлиб қолмоқда. Бу йилги пахта терими мавсуми якунланяпти экан, биз ҳам шу ҳақда бир суҳбатлашиб олмоқчи эдик.

Мамиржон ака, бу йилги пахта қандай бўлди? Ўтган йилларга нисбатан бир фарқли жиҳати бормиди, бу йилги мавсумда?

Мамиржон Азимов: Ҳақиқатан¸ 2009 йилги пахта ҳосили ҳар йилгига нисбатан анча фарқли бўлди. Табиатнинг инжиқ келиши¸ пахталарнинг кечикиб кетиши¸ мана 2009 йилда пахта 2008 йилга нисбатан бир ойга кечикди. Бунинг натижасида ҳар йилги сентябр ойида йиғилиб бўлинадиган пахталар бу йил октябр ойининг охири¸ ноябр ойининг бошигача давом этаяпти. Пахта ҳар йилги кутилган ҳосилни бу йил бера олмади. Шунинг эвазига фермерлар ҳам кутилган ҳосилдорликни йиға олишмади.

Озодлик: Мана 3 миллион 400 минг тонналик оқ олтин хирмони бунëд этилди дейилаяпти. Шоҳидахон¸ мана шу рақамларга қанчалик ишонса бўлади? Совет иттифоқи даврида олти-етти миллион тонна бўларди. Мана фермер бу йил пахта бўлмади деяпти. Куни кеча кўпчилик фермерлар режани бажармаганлиги ҳақида гапиришди. Бу гапларда қанчалик асос бор?

Шоҳида Ëқуб: Бу саволга жавоб бериш жуда ҳам қийин. Чунки Ўзбекистонда статистика деган нарса деярли йўқ. Статистика бор¸ лекин бу статистиканинг нақадар аниқ эканлигини билмаймиз. Ўзбекистоннинг пахта тўғрисидаги рақамларини ҳеч қандай мустақил идора назорат қилмаяпти. Шунинг учун биз Ўзбекистон ҳукуматининг берган рақамларига ишонишга мажбурмиз. Менимча¸ бу рақамлар нотўғри. Менимча¸ камроқ пахта терилди. Лекин унинг аниқ рақамини айтиш менга жуда ҳам қийин. Балки шу суҳбатда иштирок этаëтган фермерларда қандайдир бир гумонлар бордир.

Озодлик: Бобомурод ака¸ мана Шоҳидахон бу гумонни фермерлар айтишар деяпти. Пахтакор фермер сифатида сиз бунга нима дейсиз?

Бобомурод Раззоқов: Мен ҳам президент табригини эшитгандан кейин ҳайрон қолдим. Чунки бизнинг вилоятда ҳам аҳвол жуда оғир бўлди. Энди бу табиат томонидан келтирилган зарар. Бу деҳқонларнинг айби билан бўлган эмас. Шундай бўлса ҳам “Республика планни тўлдирди” деб айтилаëтганига мен ажабланаяпман. Бу нарсанинг қанчалик рост ëки ëлғон эканлигига бир нарса дейиш қийинроқ. Менимча¸ кўпроқ ëлғонлигига ишонса бўлади. Сабаби¸ мен бу йилги пахта мавсумида кўп жойларда бўлишга ҳаракат қилдим. Ҳосилни кўрдим. Чунки мен ўзим фермерман. Ҳосил чўғи айтарли эмас эди. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки¸ матбуот орқали кетган нарсалар ëлғон бўлиши керак. Мени қизиқтираëтган нарса мана шу ëлғоннинг остида нима ëтганлиги. Республиканинг 3 миллион 400 минг тонналик плани бажарилмаган бўлса¸ нега ëлғон айтилди? Кимга ва нимага керак бу ëлғон деган нарса кўпчиликни ўйлантиради. Бу биргина менинг фикрим эмас. Аҳолининг катта қисми давраларда¸ суҳбатларда мана шундай гапларни айтаяпти. Чунки одамлар даладаги пахта ҳосилининг чўғини кўрди. Бундай бўлишига ҳеч ким ишонмаяптида.

Озодлик: Умуман гумонлар жуда кўп. Кўп фермерлар пахтани биринчи сортга топширган бўлса ҳам пахта заводлари уни тўртинчи-бешинчи сортга қабул қилганлиги¸ асосий қисми чиқитга чиқариб юборилганлиги ҳақида гапирди. Умуман бу йил пахта кампанияси Ўзбекистонда шиддатли тус олди. Абдуллажон¸ болаларнинг пахтага жалб қилинишини қандай кузатдингиз сиз?

Абдуллажон: Болаларнинг чиқиши ҳар йилгидай. 4-синфгача ўқиëтган болаларни кўрдим. “Пахтага ўқишдан кейин борасизларми?” десам¸ “Йўқ¸ жавоб беришди” дейишди. 5-синфдан юқориси ҳали ҳам пахтада юрибди. Ëтоқда эмас лекин бизларники. Қарши чўлидан ëтоқдан қайтиб келишди.

Озодлик: Демак¸ Ўзбекистонда пахта сотиш мажбурияти бажарилган бўлса ҳам ҳалигача болалар пахтада-а?

Абдуллажон: Ҳа¸ шундай.

Озодлик: Мамиржон ака¸ Жиззахда қандай бу аҳвол?

Мамиржон Азимов: Жиззахда ҳам аҳвол шундай давом этаяпти. Ўзбекистон республикаси пахта планини бажарди¸ деб эълон қилингани билан Жиззах вилоятида 10 ноябргача пахта терими деб эълон қилинган. Ҳамма ташкилотлар¸ мактаб ва коллеж ўқувчилари пахтадан қайтгани йўқ. Терим давом этаяпти.

Озодлик: Бобомурод ака¸ сизда ҳам пахтани асосан болалар териб бердими?

Бобомурод Раззоқов: Далада асосан ишлаган ишчилар сони фермерларда унчалик ҳам кўп бўлган эмас. Асосий пахтакорлар мактаб ўқувчилари ва талабалар бўлди. Бу ҳеч кимга сир эмас. Бундан ташқари¸ яан бир қизиқ томони борки¸ бундай ҳолат кузатилмаган эди¸ пахта штабларида ички ишлар ходимлари¸ прокуратура ходимлари алоҳида ўрин тутди. Улар томонидан пахта терилиши¸ сотилиши тўла назорат қилинди. Бу йил ўзи пахта кампаниясидаги зўравонлик деймизми¸ шундай усуллар советлар давридагидан ҳам озгина ошиб тушди десак хато бўлмайди.

Озодлик: Умуман олганда Ўзбекистондаги болалар меҳнати манзараси бобида зоҳиран бир¸ ботинан эса тамоман бошқа-бошқа ҳодисалар кечаяпти. Масалан¸ 2008 йилнинг бошида Ўзбекистон ҳукумати болалар меҳнатига қарши ва болалар меҳнатидан фойдаланмаслик ҳақидаги БМТ конвенциясига имзо чеккан эди. Буни Олий Мажлис сенаторлари бир овоздан қўллаб-қувватлаган эди.

Куни-кеча Ўзбекистон Олий Мажлисида депутатлар янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқдилар ва уни Олий Сенатга кўриб чиқиш учун юбордилар. "Ўзбекистон республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида"ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Бунга кўра¸ моддама-модда муҳокама қилиш чоғида депутатлар вояга етмаганлар соғлиғи ëки хавфсизлигига зарар етказиши мумкин бўлган ноқулай шароитлардаги ишларда вояга етмаганлар меҳнатидан фойдаланганлиги учун жисмоний шахсларнинг¸ шу жумладан ота-оналарнинг жавобгарлигини белгиловчи нормаларни миллий қонун ҳужжатларига киритиш муҳим эканлигини таъкидладилар. Яъни ким энди болаларни оғир шароитларда ишлашга мажбур қилса¸ у маъмурий жавобгарликка тортилади. Мана Ўзбекистонда шунча қонунлар қабул қилинаяпти¸ халқаро конвенцияларга имзо чекилаяпти¸ депутатлар болалар ҳимоясига отланишаяпти¸ лекин нега шу амалда йўқ?

Шоҳида Ëқуб: Биласизми¸ энг катта муаммо шундан келиб чиқадики¸ бу қатор-қатор ëлғонлар асосида қурилган давлат. Қаранг¸ давлат қарорларни¸ қонунларни қабул қилаяпти¸ лекин ижро этмайди. Шу ерда савол туғилади¸ қандай қилиб биз Ўзбекистон ҳукуматини ўзи қабул қилган қонунларга риоя қилишга мажбурлашимиз мумкин? Бундан икки йил аввал хорижда жойлашган Ўзбекистон жамияти фаоллари болалар меҳнатига қарши кампания бошлади. Қатор-қатор халқаро ташкилотларга¸ ноҳукумат ташкилотларга¸ катта компанияларга мурожаат қилдик. Бир пайтда бу кампания қандайдир натижаларни олиб келадиган бўлса ҳам барибир Ўзбекистонга ҳеч нарса таъсир қилмайди. Масалан¸ шу йил ҳар йилгидек болалар пахта далаларида ишлашди ва шу нарса ҳалигача давом этмоқда. Қандай қилиб биз бу ҳукуматни ўзининг қонунларига ҳурмат кўрсатишга мажбур қиламиз?

Озодлик: Бобомурод ака¸ сиз бунга нима дейсиз? Нима учун Ўзбекистонда қабул қилинган қонунлар¸ хусусан болалар меҳнатига оид қабул қилинган қонунлар амалда ишламайди?

Бобомурод Раззоқов: Тўғри¸ ҳукумат даражасида жуда кўп ишлар бўлаяпти. Буларнинг ҳаммаси қоғозда бўлаяпти. Аммо амалда буни бажаришнинг имконияти йўқ. Бизда ëзилган қонундан ташқари ëзилмаган қонунлар амал қиладики¸ биз мана шу ëзилмаган қонунларга қарши тура олсакгина¸ ëзилган қонунлар амал қилиб¸ Олий Кенгашимиз қабул қилаëтган қарорлар¸ президент чиқараëтган фармонлар ва ҳоказолар ҳаëтга тадбиқ этилиши мумкин. Ëзилмаган қонунларга қарши чиқа олмас эканмиз¸ бу қонунларни инкор эта олмас эканмиз¸ ҳеч қачон ëзилган қонунлар амал қилмайди. Мана шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки¸ бундай масала айнан ҳукумат томонидан назоратга олиниши керак.

Мана боя пахта масаласида гапириб ўтдик. Пахта кампаниясини ўзининг қарори билан шакллантириб¸ халқни¸ бутун зиëлиларни¸ бутун корхоналарни¸ бутун мактабларни оëққа қўя билган давлат¸ наҳотки ëзилмаган қонунларга қарши курашишни давлат миқëсига олиб чиқиб¸ маълум бир қарорлар асосида ëзилмаган қонунларга қарши кураш бошламайди?! Менимча¸ бу бизнинг давлатимизга керак эмас. Чунки ëзилмаган қонунлар инкор қилинадиган бўлса¸ ëзилган қонунларни бажарадиган кучлар республикада йўқ. Ëзилган қонунларни бажариш учун виждон¸ инсоф¸ диëнат – кўп нарса керак. Бунинг энг оддийгинаси ëзилмаган қонунлардан фойдаланиш. Совет даврида телефон орқали топшириқ берарди. Ана шундай топшириқлар ҳозир ҳам мавжуд. Лаëқатсиз¸ қўлидан иш келмайдиган раҳбар ëзилмаган қонунларга итоат қилади. Ëзилмаган қонунлар орқали бошқаришга ҳаракат қилади. Ўрта раҳбариятда бу нарса тенденцияга айланиб қолган. Мана шу нарсадан келиб чиқиб биз ҳозирги аҳволга тушиб ўтирибмиз.

Озодлик: Ҳозир бизнинг суҳбатимизга Қашқадарë вилоятининг Қарши туманидан Абдураҳмон бобо қўшилди. Абдураҳмон бобо¸ Қашқадарëда пахта тугадими ëки давом этаяптими ҳали ҳам?

Абдураҳмон бобо: Пахта бизда ҳали давом этаяпти. Бозорлар ëпилган эди. Шу бугундан бозорларни очишга рухсат беришибди. Лекин ҳали мактабларда биринчи синфгача ўқиш бошлангани йўқ. Биринчи синафдан тортиб то юқори синфгача.

Озодлик: Биринчи синф ўқувчилари ҳам пахтага чиққанмиди?

Абдураҳмон бобо: Биринчи синф ўқувчилари чиқмаганку¸ ўқитувчилари пахта териш учун сафарбар қилинган. Шунинг учун биринчи синф ўқувчилари мактабга бормайди. Мен яшаб турган ҳудуддаги мактабларнинг ҳаммасида шунақа.

Озодлик: Мана сиз шу ҳолатга нима дейсиз? Ëшингиз улуғ¸ анча замонларни кўрдингиз¸ совет иттифоқини кўрдингиз¸ мустақилликни кўрдингиз. Балки болаларга пахта териш керакдир? “Суяги қотиши керак. Меҳнатдан одам ўлмайди” дейишади.

Абдураҳмон бобо: Энди ишлаш керак. Ҳақиқатан меҳнат билан суяги қотадию¸ болаларни пахтага ëтадиган қилиб олиб кетганининг кўпгина ота-оналарга оғирлиги тушади. Биринчи навбатда¸ бола ўқишдан келгунча ота-онанинг кўзи тўрт бўлиб турадики¸ ишларимни болаларимга қилдирай¸ деб. Кейин ëтадиган бўлиб кетган болаларнинг орқасидан ота-она¸ йўқ деганда¸ ҳафтасига бир марта бориб келади. Бошқа иложи йўқ. Чидай олмайди¸ айниқса оналар чидай олмайди. Бунинг учун қанча харажат¸ қанча ташвиш. Болаларнинг энди у ëқларда еб-ичадиган нарсаси ҳаммага маълум. Ошқозон касал бўлиб қолиши ëки шамоллаб қолишидан қўрқасизда. Бу биринчидан.

Иккинчидан¸ мен ҳайрон қоламан¸ нимага айнан пахта учун халқни ëки болаларни худди ҳайдаб чиқаргандай чиқариш керак? “Пахтангизни териб берсам¸ менга пул берасизми?” деб нима учун халқнинг ўзи ташаббус кўтариб бормайди? Мен мана шу нарсага тушунмайман. Юқори раҳбарлар балки бехабардир.

Озодлик: Бобомурод ака¸ сиз нима дейсиз? Балки¸ айрим ўзбекистонликлар айтаëтган каби¸ болаларни пахтада оз-моз ишлатиш керакдир? Балки уларнинг суяги меҳнатда қотар?

Бобомурод Раззоқов: Мен у кишининг фикрига мутлақ қаршиман. Сабаби¸ бизнинг болалар пахтадан ташқари ҳам меҳнат қилади. Эртадан то шомга қадар фарзандларимиз меҳнатда. Молига ўт ўради¸ молхонасини тозалайди¸ яна нималардир қилади¸ ота-онасига қўшилиб лой қилади¸ ота-онасининг ëнида қурилишда ишлайдими¸ уйда кўмаклашадими – умуман олганда болаларимиз том маънодаги меҳнатда. Шундай экан кимларнингдир “Болалар пахта терса¸ меҳнатда суяги қотади” дегани бу бор-йўғи ўзининг ожизлигини¸ нотавонлигини яшириш деб ўйлайман. Бу усулда болаларимизни келажакка етаклаб бора олмаймиз. Бу усулда болаларимиз ўқимишли¸ доно бўлиб етишмайди. Болаларнинг бирдан бир ва ягона вазифаси ўқиш¸ ўқиш ва яна ўқиш. Бу ота-оналарнинг ҳам вазифаси бўлиб қолиши керак. Фарзандларимиз ўқимишли бўлиши керак. Чунки келажак фақат ўқишдан иборат¸ келажак илмдан иборат. Келажак илм асосида қурилади. Чунки биз ривожланган дунëнинг ичида кетаяпмиз. Бу ривожланаëтган дунëда фақат илмгина ҳамма нарсани ўзгартиришга қодир. Илмдан ташқари ҳаракатлар ҳар қандай мамлакатни қашшоқликка¸ тубанликка олиб боради.

Озодлик: Абдураҳмон бобо¸ марҳамат.

Абдураҳмон бобо: Мен ҳеч нарса дея олмайман. Мана мен коллежлардан ота-оналарга тарқатилган хатни ўқиб бераман. Қарши туманида Сервис ва тадбиркорлик коллежи бор. Шу коллеждан ота-оналарга шундай хат тарқатилган: “Ҳурматли фалончаев фалонча. Сизнинг болангиз Маориф вазирлигининг 917-сонли 2009 йил 11 сентябрдаги буйруқни қўпол равишда бузганлиги учун¸ агар пахта йиғим-теримига қатнашмаса¸ фарзандингизни ўқувчилар сафидан четлаштирамиз”. Бу каби огоҳлантиришлар директор Н. Тошев деган имзо билан тарқатилган.

Озодлик: Бундан бир неча ҳафта олдин ҳам биз шундай хатлардан бири билан шуғулланган эдик. Бу Олий таълим вазирлигидан талабаларга юборилган хат. Бунда талаба қандай йўналишда ўқишидан қатъий назар¸ икки ойлик пахтадаги вақти амалиëт сифатида қайд этилган. Гуманитар йўналишда ўқийдиган бола у ерда шеър ëзиши керакми¸ химия факультетида ўқийдиган бола у ерда ғўзанинг япроғини олиб синтез қилиши керакми¸ математика факультетида ўқийдиган бола ғўза тупларини санаб¸ уни кўпайтириб чиқиши керакми – хуллас шунақа кулгили истеҳзоли нарсалар. Мана яқинда марғилонлик тингловчимиз қўнғироқ қилди. Унинг айтишича¸ кўчада киракашлик қиладиган машиналарни ГАИ ходимлари тўхтатиб¸ мажбуран одамларни пахтага олиб боришга жўнатишаëтган экан. Бу ҳақда марғилонлик тингловчимиз шундай деган эди.

- Шу десангиз, РАФ минаман-да, ака. Пахта-пахта деб денг¸ топганимизга бензин ëқиб¸ биров тушунмайди. Кимга нима дейишни билмаймиз. Эрта билан ишга чиқамиз¸ ушлаб олиб кетади. Ўзимизнинг чўнтагимиздан бензин қуйиб¸ у ëққа кетамиз. Соат 09.00 да чиқсак ҳам¸ 10.00 да чиқсак ҳам ушлаб кетаверади. Пахтага одам олиб бориб ташлаб¸ ўша ерда ëтасиз. Теримчилар қайтиб чиққандан кейин олиб кетасиз. Ҳозиргина колоннадан келиб¸ энди уйга кетай, деб турувдим¸ деган эди марғилонликлардан бири.

Яна президент Фарғонага борадиган пайтда президент картежи ўтадиган йўлдаги пахтадан бўшаб қолган чаноқларга талабалар пахта ëпиштириб чиқишган. Гўëки бу нарса президентнинг кўзи қувнасин деган маънода қилишган. Мана шунақа нарсалар нима учун керак? Нега шу нарса тўхтамайди? Нега одамлар ҳукумат айтган нарсани кўр-кўрона бажаради?

Шоҳида Ëқуб: Ҳозир сиз шунақа даҳшат нарсаларни айтдингиз. Билмайман¸ яна қайси бир бошқа давлатда шунақа даҳшат нарсалар содир бўлаяпти. Дунëдаги кўпгина пахта етиштирувчи мамлакатларда бола меҳнати қўлланилади. Ўзбекистонда болаларни далаларга мажбуран келтиришади. Бизнинг ўзбекларга ким керак? Қул керакми ëки ўқимишли авлод керакми? Бизлар авваламбор болаларимизни ўқитишимиз керак. Бу ҳукумат нима қилаяпти? Болаларимизни уч-тўрт ой далаларда ишлатиб¸ халқимизни қандай аҳволга келтиради? Бу биринчидан.

Иккинчидан¸ мана шу ҳукумат 18 йилдан бери ҳеч қандай қишлоқ хўжалиги ислоҳотларини амалга оширмаяпти. Нимага? Чунки хоҳиши йўқ. Болаларни ишлатиб¸ уларга ойлик бермасдан¸ кейин шу пахтани валютага сотади. Биласизми¸ ҳукумат пахтадан қанча-қанча пул қилаяпти? Шу пахтани деярли текинга йиғиб¸ кейин катта-катта пул қилади. Шу пулнинг қаерга кетишини эса биз билмаймиз. Чунки ҳукуматдаги амалдорлар на фермерларга¸ на болаларга¸ на ота-оналарга ҳисобот беришмайди. Ҳозирги шароитда бу ҳукуматда ҳеч қандай жиддий ислоҳотлар олиб боришга ҳеч қандай хоҳиш йўқ. Иқтисодий нуқтаи-назардан бу уларга ҳеч қандай фойда келтирмайди.

Мана қаранг¸ Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги интенсивний. Бу дегани¸ агар Ўзбекистонда замонавий технология бўлса¸ фермерларимизнинг ўзлари пахтани йиғиштириб олишади. Бунга ҳеч қанақа болалар¸ талабалар керак эмас. Фермерларда пул бўлса¸ уларда замонавий технология бўлса¸ улар пахтани ўзлари сотса¸ улар ўзлари пахтани йиғишади. Ҳозирги ҳукуматга эса бу керак эмас. Мен шу борада суҳбатимизда иштирок этаëтган фермерларимизнинг фикрларини сўрамоқчи эдим. Нима деб ўйлашади улар?

Мамиржон Азимов: Шоҳидахон¸ жуда яхши фикрни билдирди. Биз олдиндан ҳам айтиб келамиз¸ қачонки фермерга эркинлик берилмас экан¸ иқтисодий ислоҳот ўтказилмас экан¸ фермерларда ҳеч қачон ривожланиш бўлмайди¸ мактаб болаларини жалб қилиш ҳам тўхтамайди. Қачонки фермерларга эркинлик берилиб¸ улар ўз маҳсулотларини ўзи сотадиган бўлса¸ етарли техникани фермерларнинг ўзлари олиб келади. Шундан кейин мактаб болаларини жалб қилиш тўхтатилиши мумкин. Ҳозирги ҳукуматимизнинг сиëсати билан кўпчилик фермерлар қарзга ўтириб бораяпти. Қарздорликка ўтириб бораëтган фермер қандай қилиб ўзини техника билан таъминлай олади?

Озодлик: Мана пахтани Ўзбекистонда “ўзбекнинг фахри¸ ўзбекнинг ифтихори¸ халқнинг ор-номуси¸ ўзбекнинг нишони¸ ўзбекнинг белгиси” дейишади. Аммо пахтанинг шунча мақталиши¸ ифтихор қилиниши билан аслида ўзбеклар ҳаëтига қандай таъсири бор?

Шоҳида Ëқуб: Пахта терими ўзбек халқининг фожиасига айланган. Одамлар шу пахтани деб қанча-қанча азоб чекаяпти. Ўзбекистон учун нима сабабли шунақа кўп пахта керак? Биз нима учун фақат пахта теришимизни билмаймизку. Бошқа нарса етиштиришимиз¸ экспорт қилишимиз мумкинку. Нима учун пахтага ëпишдик? Афсуски¸ мен шунақа саволларга жавоб топа олмадим. Ўзбекистон расмийларининг жавобини ўқисам ҳам ҳеч қандай жавоб йўқ. Биз қишлоқ хўжалигимизни кенгайтиришимиз керак. Пахта авваламбор тупроққа зиëн етказади¸ сув йўқ. Мана бугун бутун Марказий Осиëда сув катта муаммо. Пахта жуда кўп сув олади. Нима учун ҳалигача пахта-пахта деб нима қилаяпмиз? Менимча¸ пахта ўзбек халқи учун фожиа. Ҳеч қанақа ғурур эмас.

Озодлик: Бобомурод ака¸ сиз бу ҳақда нима дейсиз?

Бобомурод Раззоқов: Яхши биласиз¸ республикамиз аграр республика. Қишлоқ хўжалигига мослашган республика. Пахта миллий ифтихор деб айта олмайманку¸ лекин айни пайтда республикамизни пахтасиз тасаввур қила олмайман. Сабаби¸ бизда саноат деярли ривожланмаган. Биз хом ашë экспорт қилар эканмиз¸ пахтачилик билан шуғулланишимизга тўғри келади. Бошқа йўналиш ҳозирча йўқ. Ўйлайманки¸ келажакда бу усулдан воз кечилса керак. Пахтачилик ҳаëтнинг биринчи масаласи бўлиб қолмайди. Республикамизда¸ менинг ишончим комил¸ интеллектуал кучлар жуда кўп. Пахта кампаниясини “яхши” деб фараз қилайликда¸ худди шундай кампанияни давлат интеллектуал кучлар масаласида биринчи ўринга қўйса эди¸ нур устига аъло нур бўлган бўлар эди. Чунки республикамизда интеллектуал кучлар бор¸ кадрларимиз етарли¸ ўқимишли фарзандларимиз кўп. Улар фақат давлат томонидан таъминотга¸ қўллаб-қувватлашга муҳтож. Шундагина биз бошқа давлатлардан олдинга кетган бўлардик.

Озодлик: Мамиржон ака¸ сизда қандай фикр бор?

Мамиржон Азимов: Пахта бизнинг миллий ғуруримиз¸ деймиз. Лекин маълум бир тўдалар пахта орқали бойиб кетаяпти. Бу халққа тўлиқ етиб келмаяпти. Агар бу халқимизга тўлиқ етиб келганида¸ ўзбек халқи бугунги аҳволга тушмас эди. Биз бир вақтлар ëш бола бўлган пайтимизда “Эшак аравага ғўзапоя ортиб¸ бозорга олиб бориб сотиб¸ нон олиб келардик” деб айтишганини эшитардик. Мана ҳозир ўзбек халқи шундай даражага етиб бораяпти. Илгари эшакка ортиб боришган бўлса¸ ҳозир тележкага ортиб боришаяпти.

Озодлик: Марҳум ўзбек қизиқчиси Ҳожибой Тожибоев ҳам фермерлар ҳақида гапирганда яхши бир қочирим қилган. У “Бизнинг фермерларимиз пахта сотиб¸ тола сотиб бой бўлиб кетаяпти” демади. У “Бизнинг фермерларимиз ғўзапоя сотиб бой бўлиб кетаяпти” деди. Бу гапнинг тагида жуда катта гап бор эди.

Мамиржон Азимов: Худди шундай. Бунинг орқасидан бу йигит жуда ҳам кўп жабр кўрган. Чунки унинг ҳар битта гапининг тагида бир маъно турарди. Ўзбек халқи ғўзапоя билан кун кўраяпти¸ қулга айланиб бораяпти¸ деган маънони билдиради.

Шоҳида Ëқуб: Мен бир нарсани айтмоқчи эдим. Ўзбекистоннинг келажаги буюк давлат бўлиши учун Ўзбекистон болалари пахта даласида ишлаши эмас¸ билимли болалар бўлиши керак. Бутун дунë асосий урғуни халқнинг билимини оширишга беради. Чунки халқ билимли бўлса¸ халқаро миқëсда конкуренция қилади. Биз шунақа даражада қолсак¸ қолиб кетамиз. Африка давлатларидан ҳам пастроқ бўламиз. Пахта терими келажакка жуда ҳам ëмон зарба бўлаяпти.
XS
SM
MD
LG