Линклар

logo-print

Муфтий истеъфоси талаб қилинаяпти

  • Шерзод

Қирғизистон муфтийси Муротали Жумановнинг истеъфоси 2006 йилдан бери иккинчи марта талаб қилинмоқда.

Қирғизистон муфтийси Муротали Жумановнинг истеъфоси 2006 йилдан бери иккинчи марта талаб қилинмоқда.

Бир гуруҳ диндорлар Қирғизистон муфтийси Муротали ҳожи Жумановни масжид ҳаққига хиёнат қилганлик ва диний бошқармани ислоҳ қилишдан бош тортаётганликда айблаб, унинг истеъфосини талаб қилмоқда.

“Асл мусулмонлар гуруҳи” аъзоси Маматқодир отанинг айтишича, Қирғизистон муфтийси уламолар кенгаши, имом ва қозилик лавозимларига фақат ўзига ёққан одамларни тайинлаган:

- Бу киши масжидларга илмли имомларни қўймай, ўзига ёққан одамларнигина қўяр экан. Муфтий тайинлаган имомларнинг кўпчилиги билимсизлиги натижасида жамоаларга ёқмай, халқ ва имомлар ўртасида турли талаш -тортишлар юзага келмоқда, дейди Маматқодир оқсақол.

“Асл мусулмонлар гуруҳи” аъзоларининг иддао қилишларича, Қирғизистон муфтийси Муротали ҳожи Жуманов мамлакатнинг турли ҳудудларида масжидлар қуриш учун ажратилган маблағларни ўзлаштириб олган.

Бундан ташқари гуруҳ аъзолари муфтиятни ислоҳ қилиш талаби билан чиқмоқдалар.

Бироқ Қирғизистон муфтийси Муротали ҳожи Жуманов бу иддаоларни рад этмоқда.

- Бу кишилар ўз шахсий фикрларини билдираяптилар. Улар аслида Ислом динига, расмий дин хизматчиларига хеч қандай алоқаси бўлмаган одамлар. Муфтиятни ислоҳ қилишга бугунги кунда эҳтиёж йўқ. Бизнинг низом 2009 йилда ўтган қурултойда қайта кўриб чиқилган, ўзгартирилган ва тасдиқланган, деди Қирғизистон муфтийси.

бундан аввал ҳам Қирғизистон муфтийсидан истеъфога чиқиш бир неча бор талаб қилинган. Масалан, 2006 йилда Қирғизистон жанубидаги диндорлар мамлакат диний бошқармасини ислоҳ қилиш талаби билан чиқишган. Ўшанда мамлакат жанубидаги бир қатор катта масжидлар жамоатлари муфтий истеъфосини ҳам талаб қилган.

Айрим кузатувчилар муфтий истеъфосини ваҳобийлар, ҳизбут-таҳрирчилар ҳамда уларга хайриҳоҳ бўлганлар истаётганини айтмоқдалар.

Бироқ Ҳизбут-Таҳрир аъзолари муфтий истеъфосини талаб қилмаганликлари, бироқ айнан Муротали ҳожи Жумановнинг муфтий лавозимида қолишига қарши эканларини айтишади:

- Биз Муроталини лавозимидан ҳайдашга ҳаракат қилмаймиз. Лекин Қирғизистон уламолар кенгаши бир нарсани тушуниб олиши керак. Муфтий бирон бир ҳайит масаласида, ҳайит кунини белгилашда ёки Исломнинг тарафини олаётганда исломий нуқтаи назардан келиб чиқиши керак.

Муфтий бундай қилмаяпти, у фақат давлат манфаатидан келиб чиқмоқда. ўзининг шу лавозимда қолиши учун ҳаракат қиладиган бўлиб қолди. Шунча йилдан буён Ислом талабини қабул қилмади. Муфтий лавозимига илми бор, исломий фикрларга эга бўлган одам лойиқ. Араб тилини ҳам билмаган, исломий фикрларни тушунмаган одам муфтийликда нима қилади? дейди Ҳизбут-Таҳрир аъзоларидан бири.

Айни пайтда Қирғизистондаги “5-канал” телевидениясида чиқиш қилган Дин ишлари бўйича Давлат комиссияси раиси Қанибек Ўсмоналиев ҳам ўз ташкилоти муфтият фаолиятидан қониқмаётганини айтган.

Бироқ расмийга кўра, муфтий истеъфоси уламолар кенгаши, қолаверса мамлакат мусулмон жамоатчилиги тарафидан ҳал этиладиган масаладир.
XS
SM
MD
LG