Линклар

Корейс ярим оролида вазият кескинлашди


Корейс ярим оролида Шимолий ва Жанубий Корея ҳарбий кемалари бир-бирини ўққа тутгандан сўнг, Жанубий Корея қўшинлари жанговар ҳолатга келтирилди.

Бу сўнгги етти йил ичида қўшни давлат ҳарбийлари ўртасида рўй берган илк отишмадир.

Жанубий Корея расмийларига кўра, отишма чоғида Шимолий Корея кемасига жиддий шикаст етказилган. Шимолий кореялик офицернинг нобуд бўлгани хабар қилинмоқда. Мазкур воқеадан сўнг парламентда чиқиш қилган Жанубий Корея Мудофаа вазири Ким Тайонг Шимолий Корея қўшинларининг ҳужум қилиши мумкинлигини таъкидлади.

Айни пайтда АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон икки давлат ўртасида юзага чиққан зиддиятга қарамай¸ Вашингтон минтақага ўз вакилини юбориш режасидан воз кечмаслигини билдирди.

Клинтонга кўра, элчи Стефан Босворт Шимолий Кореяни ядровий дастур юзасидан ўтказилаётган олти томонлама сўзлашувларга қайтишга кўндириш мақсадида яқин фурсат ичида Пхеньянга сафар қилади.
XS
SM
MD
LG